ПСИХОПРОФИЛАКТИКА
Психопрофилактика – турли касалликлар келиб чиқишида психоген омилларнинг олдини олиш масалаларини ўрганувчи фан. Бу йўналиш ХХ аср ўрталарида профилактик тиббиёт ва тиббий психология негизида шаклланди. Бирламчи ва иккиламчи психопрофилактика фарқ қилинади. Бирламчи психопрофилактика аҳолининг соғлом қатлами орасида психоген омилларнинг олдини олиш билан шуғулланади. Шу йўл билан у нафақат психоген ва психосоматик, балки соматик касалликлар профилактикасида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Психопрофилактика турли ёшдаги даврларда ўзининг мақсад ва вазифаларига эга. Болалик давридан бошлаб инсоннинг руҳий саломатлигини назорат қилиб бориш, ўз вақтида юқумли касалликларга қарши эмлаш, руҳий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолаётган болалар тарбиясига, жисмоний ривожланишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш орқали эришади. Демак, психопрофилактикани нафақат невролог, тиббий психолог ва психиатр, балки тиббиётнинг бошқа соҳа мутахассислари ҳам тарғиб қилишлари ва амалга оширишда иштирок этишлари керак. Бирламчи психопрофилактиканинг асосий мақсадларидан яна бири — ёш оила қураётган йигит-қизларни текшириб, ирсий касалликларни аниқлаш, янги туғилган чақалоқлар саломатлигини сақлаш, оналар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамдир.
Иккиламчи психопрофилактика – мавжуд турли касалликларнинг авж олиб кетишини олдини олиш учун қўлланиладиган профилактик услублар мажмуаси. Бу мақсадда даволаш-профилактика муассасаларининг турли поғонасида махсус дастур асосида психотерапия ва психореабилитация чора-тадбирлари ўтказилади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc)
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича