Психовегетатив бузилишлар
Психовегетатив бузилишлар вегетатив дистонияда кўп учрайди. Бу бузилишлар аксарият ҳолларда ВДС нинг асосий клиникасини белгилаб беради. Психовегетатив бузилишлар яққол намоён бўлганда, бевосита “психовегетатив синдром” атамасини қўллаш мақсадга мувофиқ. Психовегетатив синдром депрессияга мойил кишиларда, эпилепсия, шизофрения, гормонал дисфункция, тез-тез такрорланувчи стресслар ва сурункали равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилувчиларда кўп учрайди. Меланхолик типдаги шахслар ҳам психовегетатив бузилишларга мойил бўлишади.
Психовегетатив синдромда бемор дисфория ҳолатида юради, арзимаган нарсага жаҳли чиқаверади, ҳиссий портлашлар тез-тез кузатилиб туради, атрофдаги воқеалардан доимо норози бўлиб юради. Баъзида депрессияга тушиб, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди, ҳеч нарсадан қониқмайди. Ақлий ва жисмоний ишларга хоҳиши бўлмайди, паришонхотир бўлади, хотираси доимо панд беради. Ушбу бузилишлар кучли тахикардия ёки брадикардия, АҚБ ўйнаб туриши, гипо- ёки гипергидроз, иштаҳа бузилишлари ва бошқа психосоматик бузилишлар билан биргаликда кузатилади. Аксарият ҳолларда психовегетатив синдром кучли қўрқув ва хавотир билан намоён бўлади. Қўрқув ва хавотир беморнинг бутун вужудини қамраб олади. Беморнинг фикру хаёли фобиядан қутулиш бўлиб қолади. Психовегетатив синдромда обсессив-компульсив бузилишлар кўп учрайди. Бундай беморлар тўла тиббий-психологик ёрдамга муҳтождир.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича