ПОСТТРАВМАТИК ЭПИЛЕПСИЯ
Бош мия жароҳатлари аксарият ҳолларда эпилептик хуружларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Бош мия жароҳатлари ҳар қандай ёшда эпилепсияни келтириб чиқариши мумкин. Посттравматик эпилепсия симптоматик эпилепсиялар гуруҳига киради.
Эпилептик хуружлар бош мия жароҳатидан сўнг бир ҳафта, бир ой ёки бир неча йилдан сўнг рўй бера бошлайди. Бош мия жароҳати қанча оғир бўлса, эпилептик хуружлар ривожланиши хавфи шунча юқори. Мия пардалари жароҳатланиши, субдурал гематома, мия тўқимаси эзилиши, арахноидал киста ва чандиқлар пўстлоқда эпилептоген ўчоқлар шаклланишига сабабчи бўлади. Деярли 50-70% ҳолатларда эпилептик хуружлар бош мия жароҳатидан сўнг 1-2 йил давомида ривожланади.
Бош мия жароҳати бевосита эпилептик хуружга сабаб бўлдими ёки аввалдан мавжуд бўлган яширин эпилептоген ўчоқни қўзғаб юбордими, деган саволга ҳар доим ҳам аниқ жавоб бериш мушкул. Кичик ёшдаги болаларда эпилептик хуружлар бош мия жароҳатидан сўнг дарров ривожланиши мумкин. Хуружлар кўп такрорланаверса сурункали посттравматик эпилепсия ривожланиш хавфи ҳам оша боради. Аксарият ҳолларда эпилептик хуружларнинг ўзи ҳам бош мия жароҳатларига сабабчи бўлади. Албатта, бундай эпилепсия оғир кечади.
Маълумки, краниоцеребрал жароҳатларда бош мия эзилишига қараганда бош мия чайқалиши кўп учрайди. Аммо бош мия чайқалиши бевосита посттравматик эпилепсияни юзага келтира олмайди. Статистик маълумотларга кўра, бош мия чайқалишларидан сўнг ривожланган эпилепсиялар сони умумий популяцияда учрайдиган эпилепсиялар сонининг ўртача кўрсаткичидан деярли фарқ қилмайди. Посттравматик эпилепсия ривожланиши учун бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи шикастланиши керак. Бу ҳолат эса бош мия эзилишида кўп учрайди.
Посттравматик эпилепсия, кўпинча, фокал ва иккиламчи-тарқалган эпилептик хуружлар кўринишида намоён бўлади. Абсанслар посттравматик эпилепсия учун эмас, балки идиопатик эпилепсия учун хос. Бугунги кунда абсанс ривожланишида бош мия жароҳатларининг ўрни ўрганилмоқда. Маълумки, посттравматик эпилепсияда фокал эпилептик хуружлар кўп кузатилади ва улар ЭЭГ да аниқланади (10.10-расм).
Шунингдек, тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлувчи бирламчи ва иккиламчи-тарқалган хуружлар ҳам посттравматик эпилепсиялар учун хосдир. Посттравматик эпилепсияда беморларни фармакологик усуллар билан даволаш ҳар доим ҳам кўзланган натижани беравермайди. Бундай пайтларда хирургик даволаш усулларига мурожаат қилишга тўғри келади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma. Toshkent, 2018., 128 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича