ПНЕВМОКОКК МЕНИНГИТ
Пневмококк менингит – пневмококклар чақирадиган оғир йирингли менингит. Аҳоли орасида тарқалиши бўйича менингококк менингитлардан сўнг 2-ўринда туради. Касаллик турли ёшларда учрайди, бироқ 1 ёшгача бўлган болалар кўп касалланишади.
Этиологияси. Пневмококк менингитни пневмококклар (Streptococcus pneumoniae) чақиради. Бу касаллик кўпинча зотилжам, йирингли отит, мастоидит ва синуситлардан сўнг ривожланади. Айниқса, йирингли мастоидит ва отитларнинг ўрни катта. Пневмококк йирингли ўчоқлардан гематоген ёки контакт йўллар орқали мия пардаларига етиб боради. Инфекция бош миянинг очиқ жароҳатлари ва ликвореядан азият чекадиганларда ҳам кўп учрайди. Сурункали ЛОР касалликлар ва ЎРК да иммунитетнинг тушиб кетиши ҳам менингит ривожланишига туртки бўлади. Касаллик патогенези йирингли менингитлар патогенезига ўхшашдир.
Клиникаси. Пневмококк менингит клиникаси менингококк менингит клиникасига жуда ўхшаб кетади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши билан ўткир бошланади. Кучли бош оғриғи, кетма-кет қусиш ва умумий гиперестезия пайдо бўлади. Баъзида касаллик кетма-кет ривожланувчи эпилептик хуружлар билан бошланади. Менингеал симптомлар ҳам дарров шаклланади. Бемор ҳушини тез йўқота бошлайди ва 24-48 соат ичида чуқур сопор ёки кома ривожланади. Бир ёшгача бўлган болаларнинг калласи катталашиб, лиқилдоғи очила бошлайди ва бўртиб туради. Оғизнинг шиллиқ қавати ва терида геморрагик тошмалар тошади.
Баъзида касаллик секин ривожланади, тана ҳарорати ҳам 38°Сдан ошмайди. Бош оғриғи ва менингеал симптомлар суст ифодаланади. Бироқ тез орада касаллик кескин тус ола бошлайди ва ўткир йирингли менингитга хос барча симптомлар вужудга келади. Пневмококк менингитда йирингли жараён кўпинча мия тўқимасига ўтади ва менингоэнцефалит ривожланади. Краниал нервлар зарарланиши ҳам кўп кузатилади, айниқса, кўрув нерви ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар кўп зарарланади. Шунингдек, оёқ-қўлларда марказий фалажликлар пайдо бўлади. Умумий интоксикасия, ИКГ ва мия шиши сабабли юрак-қон томир ва нафас олиш фаолияти издан чиқади. Қонда кучли яллиғланиш реакциялари аниқланади.
Ликвор босими кескин ошади ва унда ўткир йирингли менингитга хос барча белгилар аниқланади.
Ташхис. Қон ва ликворда касаллик қўзғатувчиси, яъни стрептококкус пнеумониае аниқланиши орқали ташхисни тўғри қўйиш мумкин. Тўғри ташхис қўйишда серологик реакциялардан ҳам фойдаланилади.
Прогноз. Даволаш зудлик билан бошланмаса, бир ҳафта ичида бемор ҳалок бўлиши мумкин. Агар антибиотиклар етарли даражада қилинмаса ва бошқа даволаш муолажалари ҳам талаб даражасида бўлмаса, беморнинг тузалиши чўзилиб кетади. Баъзида умрбод давом этувчи неврологик (амблиопия, ғилайлик, карлик, марказий фалажликлар) ва когнитив бузилишлар (ақлий ривожланишдан орқада қолиш) сақланиб қолади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b.
© Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича