ПОЛИНЕВРОПАТИЯЛАР


Бир қанча нервлар зарарланишига полиневропатия деб айтилади.
Этиологияси. Полиневропатия сабаблари жуда кўп бўлиб, уларнинг асосийлари 5.3-жадвалда келтирилган.
                                                                                                             5.3-жадвал 
Полиневропатиянинг асосий сабаблари ва турлари (М. Мументҳалер, Ҳ.Маттле, 2009)
    Метаболик полиневропатиялар
          Диабетик
•    уремик
•    жигар циррозида
•    гипотиреозда    
•    подаграда
•    бошқа метаболик бузилишларда
II. Инфекцион касалликларда полиневропатиялар
          дифтерияда
•    ботулизмда
•    паротитда
•    ОИТСда
•    бореллиозда
•    Гиен-Барре синдроми
•    инфекцион мононуклеазда
•    мохов касаллигида
III. Экзоген интоксикацияларда полиневропатиялар
          спиртли ичимликлар сабабли
•    қўрғошин билан заҳарланганда
•    маргимуш билан заҳарланганда
•    таллий билан заҳарланганда
•    фосфорорганик бирикмалар билан заҳарланганда
•    турли дорилар билан заҳарланганда
•    заҳарли газлар таъсирида
IV. Наслий полиневропатиялар
         наслий мотор-сенсор невропатиялар
•    наслий сенсор-вегетатив невропатиялар
•    наслий атаксия-арефлексия (Русси-Леви синдроми)
•    оилавий амилоид невропатия
•    Фабри касаллиги
•    порфирияда полиневропатия
           •    бошқа наслий полиневропатиялар
V. Артериопатияларда полиневропатиялар
          тугунли полиартериитда
•    артериосклерозда
•    бириктирувчи тўқима касалликларида

VI. Полиневропатияларнинг бошқа турлари
          алиментар
•    эмлашдан сўнг ривожланган
•    хавфли ўсмаларда
•    В12 витамини етишмовчилигида
           •    саркоидозда



Полиневропатиянинг умумий клиник симптомлари
Полиневропатия учун неврологик симптомларнинг симметрик тарзда намоён бўлиши ва оёқ-қўлларнинг дистал қисмидан бошланиши хос. Этиологияси қандай бўлишидан қатъи назар, барча полиневропатиялар қуйидаги симптомлар билан бошланади.
•    Сезги бузилишлари
•    Ҳаракат бузилишлари
•    Вегетатив-трофик бузилишлар
Сезги бузилишлари. Аксарият полиневропатиялар (айниқса, метаболик ва токсик) сезги бузилишлари билан бошланади. Дастлаб парестезиялар билан намоён бўла бошлайди. Парестезия оёқ-қўлларнинг дистал қисмидан бошланади. Қўл ва оёқ панжаларида, бармоқ учларида увишиш, чумоли юргандек бўлиш, ачишиш каби ёқимсиз сезгилар пайдо бўлади. Парестезиялар, айниқса, оёқ панжасида яққол кўринади, чунки аксарият полиневропатиялар илк бор оёқлардан бошланади. Полиневропатиялар учун оғриқлар хос эмас. Ўткир бошланган полиневропатияларда, масалан, Гиен-Барре синдромида дастлабки кунлари оғриқлар кузатилиши мумкин.
Обьектив текширувларда сезги бузилишлари “пайпоқ ва қўлқоп” типида пайдо бўлади. Дастлаб юзаки сезги бузилади ва у симметрик гиперестезия ёки гипестезиялар билан намоён бўлади. Баъзида аввал гиперестезия пайдо бўлиб, сўнгра гипестезияга ўтади. Гоҳида эса биратўла гипестезия ривожланади. Гипестезиялар симметрик тарзда намоён бўлса-да, улар бир томонда кучлироқ, иккинчи томонда сустроқ ифодаланган бўлиши мумкин. Чуқур сезги кейинроқ бузилади: дастлаб вибрасия ва бармоқ­ларда мушак-бўғим сезгиси бузилади. Айтиш жоизки, чуқур сезги ҳар доим ҳам бузилавермайди ёки касаллик чуқур сезги бузилиши даражасигача етмайди.
Ҳаракат бузилишлари. Полиневропатияда ҳаракат бузилишлари сезги бузилишларига қараганда кам учрайди, кеч ривожланади ва енгил ифодаланган бўлади. Албатта, мотор полиневропатиялар бундан истисно. Ҳаракат бузилишлари худди сезги бузилишлари каби оёқларнинг дистал қисмидан симметрик тарзда бошланади ва кўпроқ перонеал мускулларда кузатилади. Шу боис, полиневропатияда оёқ панжаси осилиб қолиши кўп кузатилади – оёқ панжаси юқорига тикланмайди, бармоқлар ёзилмайди. Кейинчалик мускулларда атрофия ривожланади ва у оёқ панжасининг суяклараро мускулларида яққол кўзга ташланади. Рефлекслардан ахилл рефлекс эрта, тизза рефлекси жуда кеч сўнади. Ҳаракат бузилишлари қўл панжаларига кеч ўтади.
Вегетатив-трофик бузилишлар. Полиневропатияда вегетатив-трофик бузилишлар касаллик этиологиясига боғлиқ бўлган ҳолда юзага келади. Масалан, диабетик ва инфекцион-токсик полиневропатияларда вегетатив-трофик бузилишлар тез ривожланади ва кучли ифодаланган бўлади. Наслий полиневропатияларда вегетатив бузилишлар кам учрайди (вегетатив-сенсор невропатиялар бундан истисно).
Вегетатив бузилишлар ҳам дастлаб оёқ-қўлларнинг дистал қисмида вужудга келади ва гипергидроз, акросианоз, совқотиш, тери эластиклиги йўқолиши, гиперпигментасия, тирноқлар мўртлашуви ҳамда синиши билан намоён бўлади. Кейинчалик терида трофик яралар ривожланади. Улар айниқса, оёқларда кўп пайдо бўлади. Яралар ёрилиб, уларнинг ўрнида некротик ўчоқлар шаклланади, ярага тушган инфексиялар тромбофлебит ривожланишига туртки бўлади. Гангрена ривожланишида ҳам вегетатив-трофик бузилишларнинг ўрни катта.
Кечиши бўйича ўткир, нимўткир ва сурункали полиневропатиялар фарқланади. Ўткир полиневропатияларда клиник симптомлар бир неча кун ичида ривожланади. Нимўткир полиневропатияларда клиник симптомлар бир неча ҳафтадан 2 ойгача, сурункали полиневропатияларда эса бир неча ой ичида шаклланади. Қайталаниб турувчи полиневропатиялар ҳам сурункали полиневропатиялар сирасига киради. Агар периферик нервлар билан биргаликда спинал илдизчалар ҳам зарарланса, “полирадикулоневропатия” атамаси қўлланилади. Полирадикулоневропатияларда проксимал гуруҳ мускуллари кўпроқ фалажланади. Бунга Гиен-Барре синдромини мисол қилиб келтириш мумкин.
Периферик нервнинг қайси қисми (миелин ёки аксон) кўпроқ зарарланишига қараб, полиневропатиянинг 2 тури фарқланади:
•    Демиелинизация  – миелин емирилиши билан кечувчи
•    Аксонопатия – аксон зарарланиши билан кечувчи
Ташхис қўйиш ва даволаш режасини ишлаб чиқишда аксонопатия ва демиелинизация билан кечувчи полиневропатияларни бир-биридан фарқлаш ўта муҳим. Шунинг учун уларнинг қиёсий белгиларини келтириб ўтамиз (5.4-жадвал).

                                                                                                            5.4-жадвал
Аксонопатиялар ва димиелинизация билан кечувчи
полиневропатияларнинг қиёсий белгилари (В.Н. Шток, О.С. Левин, 2010).

Белгилар
Aксонопатия
Демиелинзация 
Бошланиши
Аста-секин, баъзида нимўткир ёки ўткир
Ўткир, нимўткир ёки аста-секин
Симптомлар кузатилиши
Оёқ-қўлларнинг асосан дистал қисми
Ҳам дистал, ҳам проксимал қисмлари
Пай рефлекслари
Сақланиб қолиши мумкин
Эрта пасаяди ва сўнади
Мускуллар атрофияси
Эрта бошланади
Кеч бошланади
Оғриқ ва ҳарорат сезгилари    
Одатда, кучли бузилади
Одатда, енгилроқ бузилади
Чуқур сезги бузилиши
Кам кузатилади
Одатда, кучли бузилади
Вегетатив бузилишлар    
Кучли бўлади
Енгил бўлади

Тикланиш тезлиги    
Бир неча ой ёки йил ичида
6-10 ҳафта ичида

Ликвор
Оқсил миқдори меъёрда
Оқсил-ҳужайра диссоциацияси
ЭНМГ
М-  жавоб пасайган, демиелинизация белгилари йўқ. Мускулларда денервация белгилари эрта аниқланади.
Демиелинизация белгилари: импулс ўтказиш тезлиги пасайган, дистал латенция ошган, Ф-тўлқин ўзгарган. Денервация белгилари нисбатан кеч аниқланади




Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича