ПСИХОСТИМУЛЯТОРЛАР
Психостимуляторлар – марказий нерв системасини стимуляция қилиб, руҳий ва жисмоний фаолликни оширувчи дорилар.
Фармакологик таъсири. Психостимуляторлар марказий нерв системасининг барча тузилмалари, шу жумладан, пўстлоқ, мия устунидаги уйқу ва тетиклик, юрак-қон томир ва нафас олиш марказларига бевосита қўзғатувчи таъсир кўрсатади, рефлектор фаолиятни кучайтиради. Бунинг натижасида руҳий ва жисмоний фаоллик ошади, диққат ва хотира кучаяди, уйқучанлик йўқолиб, тетиклик пайдо бўлади, ташқи таъсиротларга реакциялар тезлашади. Тўқималарда моддалар алмашинуви кучаяди, қонда глюкоза миқдори ошади, сув-электролит алмашинуви фаоллашади. Юрак уриши ва нафас олиш тезлашади, АҚБ кўтарилади, артериялар ва ички аъзолар қон томирлари кенгайиб, уларда қон оқиш тезлиги кучаяди, бронхлар кенгаяди, тромбоцитлар агрегацияси пасаяди, ошқозон секрецияси кучади, диурез фаоллашади.
Асосий кўрсатмалар: руҳий ва жисмоний фаоллик кескин пасайган ҳолатлар, яъни апатия, карахтлик, астеник невроз ва депрессия, уйқучанлик, меланхолия, нарколепсия, сурункали алкоголизм, диққат тарқоқлиги, хотира пасайиши, зўриқиш, бош оғриғи, мигрен, турли хил заҳарланишлар сабабли нафас олиш фаолияти сустлашиши, оғир руҳий ва соматик касалликларда тўшакка “михланиб қолиш”, нейролептиклар, транквилизаторлар ва ухлатувчи дорилар таъсиридан чиқариш.
Ножўя таъсирлари: кучли қўзғалувчанлик ва безовталик кузатилади, уйқу қочади, тахикардия кучаяди, АҚБ кўтарилади. Катта дозада руҳий қўзғалишларни кучайтириб, тажовузкорлик чақиради, галлюцинация пайдо бўлади.
Монелик қилувчи ҳолатлар: реактив невроз ва психозлар, психомотор қўзғалишлар, қўрқув ва хавотир, уйқусизлик, юрак-қон томир системасининг оғир касалликлари, шу жумладан, артериал гипертензия, атеросклероз, тахикардия, эпилепсия.
Тиббий амалиётда қўлланиладиган баъзи психостимуляторлар билан танишиб чиқамиз. Бундай дориларнинг яққол намояндаси – бу кофеин.
- Кофеин-бензоат натрий – тиббий амалиётда кенг қўлланиладиган психостимулятор. Фармакологик таъсири, асосий кўрсатмалари, ножўя таъсирлари ва монелик қилувчи ҳолатлар юқорида ёритилган. Ишлаб чиқарилиши: ампула – 1 мл (200 мг) ва таблетка – 100 мг. Тери остига кунига 1 ёки 2 маҳал қилинади ёки 1-2 табл. кунига 2-3 маҳал ичишга буюрилади. Кофеин бир қатор дорилар таркибига ҳам қўшилган.
- Элеутерококк экстракти. Элеутерококк илдизчаларини 40 % ли спиртли эритмасида тайёрланади. Руҳий ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида 20-30 томчидан кунига 3 маҳал овқатдан ярим соат олдин сувга қўшиб ичишга буюрилади. Даволаш давомийлиги – 1-2 ой. Элеутерококк таблеткаларда ҳам ишлаб чиқарилади ва 1 таблеткадан кунига 2-3 маҳал тавсия этилади. Элеутерококк, айниқса, артериал қон босими тушиб кетадиган, нимжон, боши кўп айланадиган, руҳан ва жисмонан тез чарчаб қоладиган, кўп ётоқчилайдиган астеник типдаги ўсмирларга ва, шунингдек, узоқ давом этган соматик касалликларда ҳолдан тойган беморларга тавсия этилади.
- Женшен дорилари. Хитой тиббиётида кўп қўлланиладиган ва “Ҳаёт дарахти” деб ном чиқарган женшен илдизчаларидан тиббиётда ҳам, ҳалқ табобатида ҳам кенг фойдаланилади. Женшен жуда кўп фойдали ингридиентлардан иборат ва асосан умумий (руҳий ва жисмоний) қувватни ошириш мақсадида тавсия этилади. Женшен настойкаси 20 томчидан овқатдан олдин кунига 2-3 маҳал ичишга тавсия этилади. Қанча муддат берилиши беморнинг аҳволига боғлиқ. Женшен қўшиб тайёрланадиган бошқа турдаги дорилар ҳам кўп.
1-жадвал. Психотроп дориларнинг турли ёшлардан бошлаб тавсия этилишига оид маълумотлар
Антидепрессантлар | Транквилизаторлар | ||
Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) | Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) |
Aмитриптиллин | 6 | Aлпарозалам | 18 |
Mелипрамин | 6 | Рудотел | 10 |
Aнафранил | 6 | Нозепам (Тазепам) | 18 |
Людиомил | 18 | Диазепам (сибазон) | 1 oylik |
Koаксил | 18 | Феназепам | 18 |
Флуоксетин | 18 | Триазолам (халцион) | 18 |
Рексетин | 18 | Элениум (либриум) | 4 |
Золофт | 8 | Ривотрил (клонекс) | 1 oylik |
Велаксин | 18 | Мепробамат | 8 |
Севпрам | 18 | Грандаксин | 18 |
Иксел | 15 | Мебикар (адаптол) | 10 |
Феварин | 8 | Aфобазол | 18 |
Миртел | 18 | Tриоксазин | 10 |
Tриттико | 6 | Пирроксан | 6 |
Нейролептиклар | |||
Типик нейролептиклар | Атипик нейролептиклар | ||
Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) | Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) |
Aминазин | 1 | Азалептол (клозалан) | 5 |
Галоперидол | 3 | Карбидин (дикарбин) | 18 |
Tизерцин | 6 | Зипрекса (эголанза) | 18 |
Tрифтазин | 6 | Рисперидон | 15 |
Moдитен-Депо | 18 | Kетилепт | 18 |
Этаперазин | 12 | Труксал (хлотиксен) | 6 |
Maжептил | 18 | Санопакс (меллерил) | 7 |
Неулептил | 3 | Сулпирид | 6 |
Пипортил | 18 | Седатив дорилар | |
Пропазин | 12 | Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) |
Дроперидол | 2 | Натрий бромид | 1 |
Пимозид | 12 | Калий бромид | 1 |
Tриседил | 2 | Валериан экстракти | 12 |
Флуспирилен | 18 | Ново-пассит | 12 |
Tерален | 7 | Седавит | 12 |
Френолон | 10 | Брайнтаб | 12 |
Психостимуляторлар | Ноотроплар | ||
Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) | Дорининг номи | Қайси ёшдан тавсия этилиши (йил) |
Koфеин | 2 | Фенибут | 2 |
Элеутерококк | 12 | Пантогам (гопантам) | 2 |
Женшен | 12 | Пиритинол(энцефабол) | 1 oy |
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича