ПЎСТЛОҚ МАЙДОНЛАРИ


Пўстлоқ майдонлари. Бродман майдонлари. 1909 йили немис неврологи К. Бродман катта яримшарлар пўстлоғини 11 ҳудуд ва  52 цитоархитектоник майдонга ажратди (10.1-жадвал ва 10.8-расмлар)
10.1-жадвал. Бродман бўйича пўстлоқ ҳудуди (regiones) ва майдонлари (areas)


Пўстлоқ ҳудудлари (regiones)
Пўстлоқ майдонлари (areas)
1
Постцентрал (regio postcentralis)
1, 2, 3, 43
2
Прецентрал  (regio precentralis)
4, 6
3
Фронтал  (regio frontalis)
8, 9, 10, 11, 12, 44, 45, 46, 47
4
Инсуляр  (regio insulalis)
13, 14, 15, 16
5
Париетал  (regio parietalis)
5, 7, 39, 40
6
Темпорал  (regio temporalis)
20, 21, 22, 36, 37, 38, 41, 42, 52
7
Оксипитал  (regio occipitalis)
17, 18, 19
8
Цингуляр  (regio cingularis)
23, 24, 25, 31, 32, 33
9
Ретросплениал  (regio retrosplenialis)
26, 29, 30
10
Гиппокамп (regio hippocampi)
27, 28, 34, 35, 48
11
Олфакториал  (regio olfactoria)
51
 

Пўстлоқнинг бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлари фарқланади (10.9-расм).
  Бирламчи майдонлар. Проекцион типдаги хужайралардан иборат бўлиб, пўстлоқ марказларини периферия билан боғлайди. Масалан, олдинги ва орқа марказий пушталар, энса соҳасидаги кўрув маркази, чакка соҳасидаги эшитув маркази, унинг медиал юзасидаги ҳидлов ва таъм билиш марказлари бирламчи майдонларга киради. Буларга анализаторларнинг ядро марказлари дейилади. Барча бирламчи майдонлар соматотопик принцип асосида тавсифланади ва аниқ бир функцияни бажаришга ихтисослашган. Масалан, оптик сигналлар – 17, товуш сигналлари – 41, умумий сезги импульслари – 3, 2 ва 1-майдонларга келиб тушади. Ҳаракат билан боғлиқ импульслар эса 4-майдонда шаклланиб, сўнгра периферияга узатилади.
Иккиламчи майдонлар. Ушбу майдонлар бирламчи майдонлар ёнида жойлашган бўлиб, проекцион-ассоциатив ҳужайралардан иборат. Бирламчи майдонларга келиб тушган сигналлар иккиламчи майдонларга узатилади ва бу ерда мураккаб анализ ва синтез қилинади. Масалан, 17-майдон предметни кўради, бироқ нималигини танимайди, 18 ва 19-майдонлар эса предметни таниш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик, 18 ва 19-майдонлар зарарланганда эса кўрув агнозияси ривожланади. Демак, 17-майдон кўриш, 18 ва 19-майдонлар эса кўрган нарсани таниш (билиш) учун масъул.
Учламчи майдонлар. Фақат ассоциатив нейронлардан иборат бўлиб, пўстлоқда бир неча анализаторлар билан чегарадош соҳаларда жойлашган. Учламчи майдонлар пўстлоқнинг деярли ярмини эгаллаган бўлиб, турли функционал системаларни бир-бири билан боғлаб туради. Учламчи майдонлар жойлашган соҳаларга пўстлоқнинг ассоциатив соҳалари ёки марказлари дейилади. Улар калта ўсимтали юлдузсимон хужайралардан иборат. 
Ассоциатив соҳалар катта яримшарнинг олдинги ва орқа қисмларида мавжуд. Олдингиси пўстлоқнинг префронтал соҳасида, орқа томондагиси –  чакка, тепа ва энса бўлаклари туташган жойда (ТРО – tempora-parieto-occipitalis) жойлашган. Ўта мураккаб интеллектуал операциялар айнан учламчи майдонларда амалга оширилади. Фақат инсон учун хос бўлган нутқ ва бошқа онгли жараёнлар ушбу ассоциатив марказлар фаолияти билан боғлиқ.  Ҳайвонлар миясида учламчи майдон бўлмайди.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiyasi. Darslik., T.; 2021., 312b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича