ТАРҚАЛГАН ЭПИЛЕПТИК ХУРУЖЛАР
Ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи ҳар қандай тутқаноқли ва тутқаноқсиз хуружларга тарқалган эпилептик хуружлар деб айтилади. Буларга турли хил абсанслар, тарқалган тоник-клоник ёки алоҳида клоник ва тоник, атоник (астатик) ва миоклоник хуружлар киради. «Тарқалган эпилепсия» ташхиси фақат бемор ҳушини йўқотган тақдирда қўйилади. Агар тутқаноқ хуружлари тананинг тўла ярмини эгаллаган бўлса-ю, бироқ беморнинг ҳуши сақланиб қолган бўлса – бу тарқалган эпилепсия эмас, балки фокал эпилепсиядир. Демак, ҳушнинг йўқолиши тарқалган эпилепсия ташхисини қўйиш учун асосий мезон ҳисобланади. Тарқалган эпилепсияда ЭЭГ да эпилептик фаоллик иккала ярим шарга ҳам тарқалади, яъни эпилептик тўлқинлар билатерал-синхрон кўринишда намоён бўлади. Демак, «тарқалган» сўзи тутқаноқ хуружларининг бутун танага тарқалганлигини эмас, балки эпилептик фаолликнинг иккала ярим шарга тарқалганлигини англатади. Шу боис, тутқаноқ хуружларисиз намоён бўлувчи абсанслар ҳам тарқалган эпилепсия гуруҳига киради. Тарқалган эпилепсия барча эпилепсияларнинг деярли 40% ини ташкил қилади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича