Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭНСА ПАРОКСИЗМЛАРИ БИЛАН КЕЧУВЧИ БОЛАЛАР ЭПИЛЕПСИЯСИ

ЭНСА ПАРОКСИЗМЛАРИ БИЛАН КЕЧУВЧИ БОЛАЛАР ЭПИЛЕПСИЯСИ


Хавфсиз кечувчи энса эпилепсияси – оптик феноменлар билан намоён бўлувчи идиопатик фокал эпилепсия. Касаллик болалик даврида, яъни 3-12 ёшларда бошланади. Ушбу эпилепсия ҳам худди РЭ каби кўп учрайди.

Клиникаси. Асосий клиник симптомлари кўриш функциясининг бузилиши билан намоён бўлувчи оддий фокал хуружлар, яъни кўрув галлюцинациялари, фотопсиялар, макропсия ва микропсиялар. Баъзида хуруж пайтида кўриш пасаяди ёки кўрув майдони қисқаради. Кўз олмасида нистагмга ўхшаш титроқлар кузатилиши мумкин. Хуружлар, асосан, уйқуда ёки энди уйғонганда рўй беради. Бу пайтда кучли бош оғриғи ва қусиш ҳам кузатилади. Дастлаб хуружлар тез-тез кузатилади, кейинчалик уларнинг сони камайиб боради.

Энса соҳасида пайдо бўлган пароксизмлар чакка ва пешона соҳаларига тарқалса, бемор ҳушидан кетади ва мураккаб фокал ҳамда иккиламчи-тарқалган хуружлар ривожланади. Касалликнинг мураккаб фокал хуружлар билан кечадиган турида энса ва чакка соҳасида хуружсимон (мигренсимон) бош оғриқлар, бош айланишлари, кўнгил айниш ва қусиш, қизиб кетиш, тўсатдан ҳолдан тойиш ва эпигастрал соҳада оғриқлар вужудга келади. Ушбу симптомлар пайдо бўлади-ю, бемор ҳушини йўқота бошлайди. Бу пайтда беморнинг кўзи ва боши ён томонга қайрилиб кетади. Хуружлар, одатда, 3-5 дақиқа давом этади. Неврологик статус ўзгармайди. Интеллект сақланиб қолади.

Электроэнцефалография. ЭЭГ текширувларида энса соҳасида бир ёки икки томонлама юқори амплитудали пик-тўлқинли эпилептик фаоллик аниқланади (10.6-расм).

 

10.6-расм. Энса соҳасида пик-тўлқинли эпилептик фаоллик.

  

Бу тўлқинлар шакли РЭ да кузатиладиган комплексларга ўхшаб кетади. Асосий биоэлектрик фаоллик сақланиб қолади. Беморнинг кўзини очиқ ҳолатда ЭЭГ олинса, энса соҳасидаги эпилептик фаоллик йўқолади.

Энсанинг идиопатик эпилепсиясини энсанинг симптоматик эпилепсияси билан, албатта, қиёслаш керак. Энсанинг симптоматик эпилепсияси ҳар қандай ёшда ривожланади ва энса соҳасида жойлашган патологик жараёнлар натижасида (жароҳат, ўсма, инсульт) вужудга келади. Симптоматик эпилепсияда мураккаб фокал ва иккиламчи-тарқалган тутқаноқ хуружлар кўп ку­затилади. ЭЭГ даги ўзгаришлар энса соҳасининг зарарланганлик даражасига кўпроқ боғлиқ. Ўткир тўлқинлар кўзни очганда йўқолмайди.

Прогноз. Пубертат даврга келиб хуружлар бутунлай йўқолади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича