ТИББИЁТДА ПСИХОТЕРАПИЯ
Психотерапия – қалб ва руҳни даволаш, деган маънони англатади. Тиббиёт пайдо бўлгандан бери психотерапия усулидан кенг фойдаланилган. Психотерапия усули асли Шарқда тарқалган бўлиб, беморларни даволашда у энг самарали ҳисобланган.
Абу Али Ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий, Исмоил Журжоний, Ал-Карвакий Хазораспий каби буюк алломалар ўзларининг даволаш усулларида гиёҳлардан ташқари, психотерапия усулларини ҳам қўллашган. Асаб ва руҳий хасталиклар билан ётиб қолган беморлар уларнинг ташрифидан ва ишлатган сўзларидан тузалиб, оёққа туриб кетганлар.
Сўз буюк кучдир! Психотерапиянинг асосий мақсади ҳам сўзни топиб ишлата билишда. Сўзни беморларни даволашда ишлата олиш ҳам бир санъат. Сўз тиббий психологнинг асосий қуроли бўлиб, беморларни даволашда ундан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Озгина эҳтиётсизлик тузатиб бўлмас оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Тиббий психолог айнан сўз орқали психодиагностика ўтказади ва сўз орқали психотерапия олиб боради. Бошқа йўналишдаги ҳеч қайси врачлик касбида бундай катта имконият йўқ.
Психотерапия усули Европада ХVII асрда веналик врач ва олим Месмер томонидан кенг қўлланила бошланган. Тиббиётда беморларни даволашда гипноз усули ХVIII–ХIХ асрларда Ж. Шарко, Ж. Бред, З. Фрейд, В.М. Бехтеревлар томонидан кенг қўлланилган. Неврология фанининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган франциялик олим Ж. Шарко психотерапия усулидан асаб касалликларини даволашда кенг қўллаган.
Психотерапия жараёни бемор ва врач психологиясининг асосий обектидир. Психотерапия ўтказаётган пайтда беморнинг руҳий ҳолати, темпераменти, касалликни келтириб чиқарган омиллар ва беморнинг умумий аҳволи албатта эътиборга олинади. Психотерапевтик тажрибаси йўқ врач беморни даволашда қийналади. Ҳар бир врач психологик усуллардан фойдаланган ҳолда беморни даволаши лозим. Бу иш билан фақат тиббий психолог шуғулланиши шарт эмас, албатта. Иложи борича, беморни даволайдиган врачлар сони кам бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда машҳур врач Х.Ф. Гуфелянд (1762–1836) шундай деган эди: «Битта врач даволаса яхши, иккитасига ҳам чидаса бўлади, лекин учтаси – бу даҳшат!» Бу билан у даволовчи врачлар кўпайиши, беморнинг соғайиб кетишини қийинлаштиради, демоқчи. Докторларни маслаҳатга чақириш мумкин, лекин даволовчи врач битта бўлиши мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда ятрогения ҳақида тўхталиб ўтсак. Ятрогения деб, врач ёки бошқа тиббиёт ходимининг бехосдан айтиб қўйган сўзи ёки тиббий муолажалардан беморда аввал мавжуд бўлмаган касаллик аломатларининг пайдо бўлишига айтилади. Бунинг оқибатида ятропатия ривожланади. Масалан, уколдан сўнг беморнинг қўли ёки оёғи «ишламай» қолиши, нотўғри тиббий хулосалардан сўнг мавжуд бўлмаган юрак касалидан даволаниб юриш ва ҳ.к. Ятропатияга мисоллар аввалги бобларда келтирилган.
Ҳар қандай психотерапия ўта моҳирлик билан ўтказилиши зарур. Психотерапия беморнинг шахси, темпераменти ва касаллик турига қараб ишлаб чиқилмоғи лозим. Малакали врачнинг психотерапевтик муолажалари натижаси муваффақиятли ўтади. Психотерапиянинг яна бир афзал томонларидан бири унга бўлган ишонч ва ихлосдир. Психотерапевтик муолажалар беморнинг аҳволига қараб, касаллик анамнезини чуқур ўрганган ҳолда узоқ ёки қисқа вақт давом эттирилиши мумкин. Даволаш муолажалари чўзилиб кетиши, бир хил бўлиб қолиши ёки «Сизни узоқ вақт даволашга тўғри келади», қабилидаги гаплар ижобий натижаларни йўққа чиқариши мумкин.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида З. Фрейднинг ҳанузгача баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келаётган сўзларини келтирамиз: «Натижаси қандай тугашидан қатъи назар, даволаш жараёни олдиндан белгиланган вақтда тугатилиши керак». Демак, даволаш муддати белгиланиши ва буни бемор билиши зарур.
Тиббий амалиётда шундай ҳолатлар бўладики, бемор докторнинг тажрибасига, билимига ишонади, бироқ ўзининг соғайиб кетишига ишонмайди, касалим тузалмас ва дардим оғир, деб миясига сингдириб олади. Бу, айниқса, невроз ва ипохондрия учун жуда хос. Беморда давом этаётган сурункали касаллик сабабли унинг оила аъзолари ҳам азият чекади. Кўп ҳолларда қайсидир беморда узоқ давом этаётган невроз ёки депрессиянинг сабаби оиладаги, айниқса турмуш ўртоғи билан бўладиган келишмовчиликлар бўлади. Бундай пайтларда бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида турғун “салбий доминант ўчоқ” пайдо бўлгани ва уни парчалаб юбориш учун ундан-да кучли “ижобий доминант ўчоқ” ҳосил қилиш керак. Ушбу доминант ўчоқ шу даражада кучли бўлиши керакки, у ҳар қандай салбий доминант ўчоқни парчалаб юбориши лозим. Бу эса врач ёки тиббий психологнинг илми ва маҳоратига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Гипнотерапия
Гипнотерапия қадим-қадимдан маълум. Уни барча психотерапевтик усуллардан олдин қўллай бошлашган, деган фикрлар мавжуд. Гипнотерапия турлари жуда кўп бўлиб, турли соҳаларда кенг қўлланилади. Тиббиётда гипнотерапия жуда катта аҳамиятга эга. Айниқса, невроз, депрессия ва психосоматик касалликларда гипнотерапия юқори даражада самаралидир. Гипнотерапияни органик касалликларда ҳам қўллаб ижобий натижаларга эришилмоқда. Аллергик дерматозлар, экзема ва бронхиал астмани бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Гипнотерапия пайтида ҳозирда «бўртиб» турган белгиларга, клиник симптомларга эътибор қаратилади ва уларни бартараф этишга киришилади. Гипноз ўтказаётган врач беморга силаш, кўз ва сўз орқали таъсир қилса, мия пўстлоғида жойлашган уч хил, яъни сезги, кўрув ва эшитув марказлари тормозланади ва гипнозга тушиш осонлашади (1-расм).
1-расм. Гипноз техникаси. Сўз орқали таъсир қилиш – нутқ (1), силаш – сезги (2) ва кўз билан таъсир этиш – кўрув марказларини (3) тормозлайди. Бунинг натижасида бемор транс ҳолатига тез тушади ва гипноз қилиш осон кечади.
Гипнотерапия ўтказиладиган хона. Гипноз учун кенг, тинч, осойишта, ортиқча товуш ва ҳидлардан ҳоли хона зарур. Паст товушда енгил мусиқа янграб туриши мумкин. Хона деворларида фикрни чалғитувчи картиналар, айниқса, одамлар портрети бўлмагани маъқул. Агар деворда йилнинг тўрт фаслини акс эттирувчи 4 хил картина осиғлиқ турса, бу инсоннинг руҳиятига яхши таъсир кўрсатади Хонадаги мебеллар ораси ҳам иложи борича очиқ бўлиши лозим. Албатта, юмшоқ кресло ва шу каби бошқа ётоқ мебеллар албатта бўлиши керак.
Гипноз техникаси. Турли хил гипноз ўтказиш техникалари мавжуд. Улардан бирини келтириб ўтамиз. Гиппнотерапия босқичлари қуйидагича:
1-босқич. Беморни юмшоқ креслога ўтказинг. Ўзингиз унинг рўпарасига ўтириб олинг. Сиз стулда шундай жойлашингки, кўзларингиз унинг юзидан тепароқда бўлсин. Ўнг қўлингиз билан беморнинг чап қўлини, яъни пулс уришини текширадиган жойдан оҳиста ушланг. Чап қўлингизни унинг ўнг елкасига қўйинг.
2-босқич. “Ўзингизни бўш қўйинг! Менинг кўзларимга қаранг” деб, дадил овоз билан буйруқ беринг. Сиз эса унинг кўзларига эмас, балки иккала қошининг ўртасига қаранг. Акс ҳолда унинг нигоҳи кучли бўлса, сизнинг кўзларингизни чарчатиб қўйиши мумкин. Шу ҳолатда 3 дақиқа унинг иккала қоши ўртасига тикилиб туринг. Бу ҳолат унинг кўзларини чарчатиб қўяди ва трансга тушишни осонлаштиради. Бу пайтда йўталиш, овоз қириб қўйиш ёки беморнинг диққатини чалғитадиган бошқа ҳаракатлар қилиш мумкин эмас.
3-босқич. Шошилмасдан, ишончли овозда унинг кўзларига тикилиб, қуйидагиларни сўзланг:
– Бутун танангиз бўшашган ва уни илиқлик қамраб олган. Юқори қовоқларингиз оғирлашиб келяпти, ухлагингиз келяпти, бунга қаршилик қилманг. Ҳозир уйқуга кетасиз! Уйқунгиз узоқ давом этмайди ва сиз учун ўта фойдали. Сиз уйқудан тана ва руҳингиз соғлом бўлиб уйғонасиз, қушдек енгил бўласиз! Дард сизни тарк этади, кайфиятигиз юқори бўлади.
4-босқич. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз. Бир неча дақиқадан сўнг сиз уйқуга кетасиз. Сизда уйқуга кетиш хоҳиши ортиб бормоқда. Сиз бунга қаршилик кўрсата олмаяпсиз. Ҳозир мен ўнгача санайман ва сиз уйқуга кетасиз.
5-босқич. Шошмасдан доно-доно қилиб бирдан ўнгача саналади:
-Бир. Юқори қовоқлар оғирлашгандан-оғирлашмоқда.
- Икки. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз.
- Уч. Уйқуга кетиш хоҳиши ҳар сония кучайиб бормоқда.
- Тўрт. Танангиз бўшашган. Бутун вужудингиз мени тингламоқда.
-Беш. Кўзларингиз юмилган. Бутунлай ҳаракатсиз ҳолатдасиз.
-Олти. Сиз ухлаяпсиз.
-Етти. Ухлаяпсиз, ухлаяпсиз, ухлаяпсиз...
-Саккиз. Сизни буткул уйқу босган.
-Тўққиз. Сиз ухлаяпсиз, ухлаяпсиз, ухлаяпсиз.
-Ўн. Сиз ухлаб қолдингиз.
Эслаб қолинг: Гипноз ўтказадиган хона талабга жавоб берса ва гипнотерапия қоидаларига амал қилинса, бемор гипноз ҳолатига тез тушади. Бу ерда, албатта гипнозчи маҳорати ва тажрибаси катта аҳамиятга эга. Гипнозчи қанчалик машҳур амалиётчи бўлса, у ҳақда одамлар яхши фикрда бўлсалар, ҳар қандай инсонни гипнозга тушириш шунча осон бўлади. Элга танилган кучли гипнозчилар бир-икки сўз ва ўткир нигоҳи билан инсонни дарров гипнозга тушириб қўйишади ва сомнамбулия босқичига тез эришади. Агар гипнозни ўрганмоқчи бўлсангиз, аввал бу техникани ўсмирларда қўллаб кўриш керак. Уларни гипнозга тушириш осон.
Беморнинг чуқур гипнозга тушганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз ёки бунга амин бўлсангиз, унинг бир қўлини бироз кўтариб ташлаб юборинг ёки “Мен ҳозир чап қўлингизни тепага кўтараман ва уни шу ҳолатда ушлаб турасиз”, деб айтинг. Бемор худди шундай қилади ҳам. Чунки у фақат гипнозчини эшитади. Мабодо биров хонага кириб шундай топшириқ берса, бемор уни бажармайди. Чунки у гипнозчига мутлақ тобе. Гипнознинг чуқур босқичига сомнамбулия дейилади.. Бундай ҳолатга тушган одамни қуш каби сайратиш, баланд мусиқа қўйиб рақсга тушириш, кийикка ўхшатиб сакратиш, чақалоққа ўхшаб йиғлатиш ва унинг эсидан чиқиб кетган болалик даврини сўзлатиш мумкин. Гипнозчиларнинг бариси ҳам гипнозни сомнамбулия даражасига етказа олмайди. Шу боис аксарият гипнозчилар одамни транс ҳолатига тушириб ҳам ишлашади. Транс ҳолатида ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин.
Гипноз пайтида бемор сизнинг олдингизга қайси дарддан халос бўлиш учун келган бўлса, транс ёки сомнамбулия пайтида ўша касаллик ҳақида сўзлаш керак. Сиз дарддан бутунлай халос бўлиб уйғонасиз дейилади ва у қайси касалликдан қутулиш учун сизга мурожаат қилиб келган бўлса, албатта, ўша касаллик ҳақида сўз бориши керак. Масалан, “Сиз энди аллергиядан бутунлай халос бўласиз”. “Энди сизни бош оғриғи ҳеч қачон безовта қилмайди”. “Энди сизнинг фалажланган чап қўлингиз бутунлай ишлайди”. “Энди сиз дудуқланишдан мутлақ озод бўласиз ва равон сўзлаб бошлайсиз”. “Энди сиз нафас бўғилишидан бутунлай қутуласиз ва равон нафас оласиз”. “Энди сизнинг йўқолган хотирангиз бутунлай тикланади ва сиз бўлиб ўтган воқеаларни эслай бошлайсиз” ва ҳ.к.
Гипноздан чиқариш техникаси. Гипноздан чиқариш ҳам аста-секин амалга оширилиши керак. “Ҳозир мен сизни гипноз ҳолатидан чиқара бошлайман. Мен 10 дан 1 гача санайман”
– Ўн. Сиз енгил уйқудан уйғонишни хоҳлаяпсиз.
– Тўққиз. Бутун танангизда илиқлик сезяпсиз.
– Саккиз. Танангиз қушдек енгил.
– Етти. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз ва уйғонишни истаяпсиз.
– Олти. Кўзларингизни очишни яна ва яна истаяпсиз.
– Беш. Сиз менга қулоқ солиб уйғонишда давом этасиз.
– Тўрт. Юқори қовоқларингиз жуда енгил, кўзларингизни очгингиз келяпти.
– Уч. Ҳа! Кўзларингизни очгингиз келяпти.
– Икки. Сиз ҳозир уларни очасиз.
– Бир. Очинг кўзларингизни!
Ушбу тартибда бемор уйғотилади. У албатта ўзини жуда енгил ҳис қилади ва ҳали бир оз транс ҳолатида бўлади. У билан ўзини қандай ҳис қилгани, нималарни эшитгани ҳақида суҳбатлашилади. Гипноз пайтида гапирилган касаллик ҳақида у уйғонгандан сўнг эслаш шарт эмас. Бироздан сўнг бемор тетик ҳолатда уйига юборилади. Заруратга қараб гипнотик сеанс 3-5 маротаба ўтказилиши мумкин. Биз ҳозир классик гипноз ва унинг тиббиётда қўлланилиши ҳақида сўз юритдик.
Эриксон гипнози. Милтон Эриксон (1901–1980) гипнознинг бошқа методини ўйлаб топди. Унинг классик гипноздан фарқи шундаки, мижоз сомнамбулияга туширилмайди ва у билан транс ҳолатида ишланади. Ҳозирда бу услуб “Эриксон гипнози” дейилади ва тиббиётда жуда кенг қўлланилади. Эриксон шундай деган эди: “Инсонни гипноз орқали дарддан фориғ этиш учун уни сомнамбулияга тушириш шарт эмас, транс ҳолатида ҳам шундай натижага эришса бўлади”.
Эриксон гипнозида беморга тўғридан-тўғри буйруқлар берилмайди, Сиз ҳозир уйқуга кетишингиз керак дейилмайди. Оддий сўз билан айтганда, мижоз “Мен ҳозир гипнозчининг барча буйруқларини сўзсиз бажаришим керак” деган хаёлга бормайди. Унга жуда эркин ҳаракатларга рухсат берилади. Ҳатто гипноз пайтида унга туриб юриш, деразадан ташқарига қараш ва ҳатто гипноз сеансини тўхтатиб чиқиб кетишингиз ҳам мумкин, деб огоҳлантириб қўйилади. Бундай услуб, табиийки, гипнотерапияга “ички қаршиликни” йўқотади ва мижоз ўзини жуда эркин тута бошлайди. Шу боис ҳам классик гипнозда эришилмаган натижани Эриксон гипнозида бемалол амалга ошириш мумкин. Эриксон гипнозини ўрганиш албатта осон ва уни ушбу методга қизиққан ҳар қандай врач ёки психолог эгаллай олади.
Классик гипнозда “Эшитасан ва бўйсунасан” қоидаси ҳукмрон бўлса, Эриксон гипнозида “Эшит ва хоҳласанг бўйсун” қабилида иш олиб борилади. Бундай эркинлик гипноздан қўрқадиган кўпчилик инсонларга маъқул келади ва нафақат мижоз, балки гипнозчи ҳам эркин ва бемалол ишлайди. Эриксон гипнози пайтида мижоз билан кўзлари очиқ ҳолатда бошқа нарсалар ҳақида гаплашиб ҳам ўтириши мумкин ва бироздан сўнг унга “Қалай энди асосий муаммога ўтамизми” деб гипноз сеансига қайтилади.
Эриксон гипнози пайтида мижозга тушунарли бўлган турли хил метафоралар қўлланилади. Мақсад мижознинг ички ресурсларини онг даражасига чиқариш ва уни ишга солишдан иборатдир. Эриксон сеанслари пайтида, албатта, онг остига таъсир ўтказилади ва руҳий сокинлик, осойишталик, гўзаллик, ўзига ва инсонларга меҳр-муҳаббат ҳақида сўз юритилади. Иборалар, албатта, мижознинг шахс типи ва темпераментидан келиб чиққан ҳолда олиб борилади.
Психотерапия бир нечта беморларга бир пайтда олиб борилиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда коллектив гипноз ҳақида сўз боради. В.М. Бехтерев (1915) беморларни тўплаб, гипноз ўтказишнинг аҳамияти тўғрисида шундай деган эди: “Кўпчилик билан сеанс ўтказиш пайтида беморлар гипнозни бир-бирига юқтиришади ва унинг таъсир кучи янада ошади. Гипноз усули билан даволамоқчи бўлган гипнотерапевт бемор ўз шикоятларини айтаётганда, нималарни кўп такрорлаётганига аҳамият бериши ва бундан фойдаланиши керак”.
Психодинамик терапия
Ушбу терапия психоанализ асосчиси З. Фрейд томонидан тавсия этилган. Психодинамик назарияга мувофиқ психоемоционал бузилишлар негизида болалик даврида олинган кучли психологик зарбалар ётади ва улар онг остида тўпланиб, йиллар мобайнида яширинган бўлади ва кучли зиддиятлар ўчоғини яратади. Бунинг оқибатида беморда невротик шахс шаклланади ва у истерия, депрессия ва психосоматик бузилишларга мойил бўлади. Шахс бир томондан бировларга қарам бўлишни хоҳламайди, иккинчи томондан бошқалар уни эътироф этиши ва қўллаб-қувватлашини истайди. Албатта, бунинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермайди. Натижада бир-бирига зид бўлган ушбу ҳолатлар доимий қониқмаслик ҳиссини юзага келтиради, яъни бошқаларга нисбатан қаҳр-ғазаб ва хафагарчилик шахснинг ички дунёсини қамраб олади. Шу аснода шахснинг ўзи бошқалар наздида меҳрибон, одамови ва ажойиб инсон сифатида тан олинишни хоҳлайди. Психоаналитиклар фикрича, мана шу истакларнинг рўёбга чиқмаслиги невротик шахс ва кейинчалик депрессия шаклланишига туртки бўлади. Йиллар мобайнида онг остида қўним топиб, эътироф этилмаган ҳар бир хоҳиш ва истак бора-бора ички зиддиятларни кучайтириб, одамларни ёмон кўришга олиб келади. Шу сабабли улар ўзини ҳам кечирмайди ва суитсидга қўл уради. Бундай шахсларда депрессия ривожланиши учун кучли стресс ёки ёқимсиз атроф-муҳитнинг ўзи кифоя. Албатта, шу ўринда доимий психоемоционал зўриқишларнинг аҳамиятини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.
Психодинамик терапиянинг асосий мақсади – беморда катарсис, яъни руҳий покланишни юзага келтириш. Бунинг учун болалик даврида бошидан кечирган руҳий жароҳатлар ва кечинмалар мукаммал ўрганилади, уларнинг ҳозирги даврда рўй бераётган невротик бузилишлар, шу жумладан, депрессия билан боғлиқлик томонлари аниқланади. Психоаналитик олдида бемор албатта барча сир-асрор ва азобли кечинмаларни яширмасдан айтиб бериши керак. Бу услуб тўла катарсис рўй бергунча олиб борилади. Ижобий натижага бир неча сеанс ичида эришилади.
Бихевиорал терапия
Бихевиорал терапия ( ingl. behaviour – “хулқ-атвор”). 1913 йили америкалик психолог Джон Уотсон (1878–1958) бихевиоризм ҳақида ўзининг дастлабки мақоласини чоп этади. У шундай деб ёзган эди: “Одамнинг фикри ва руҳиятини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, авваламбор унинг хулқ-атворини ўзгартиринг”. Ушбу ғоя асосида бихевиорал психотерапия шаклланди ва ХХ асрнинг 50–60-йиллари ўсмирлардаги хулқ-атвор бузилишларини коррекция қилишда кенг қўлланила бошланди ва эътироф этилди. Ушбу терапия хулқ-атвори ўзгарган ўсмирларда юқори натижа беради, бироқ катта ёшдагиларда самараси пастроқ. Бихевиорал терапия патологик тарзда ўзгарган хулқ-атворни коррекция қилиш ва унинг учун тўғри бўлган уқувларни шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бихевиорал терапия ўтказилаётганда ўсмирдаги хулқ-атворнинг ҳар бир кўриниши таҳлил қилинади ва улар коррекция қилиб борилади.
Босқичма-босқич ўтказилаётган психотерапевтик муолажалар пайтида хулқ-атвордаги патологик ўзгаришлар соғлом хулқ-атвор сифатлари билан “алмаштирилади”. Демак, бихевиорал терапия хулқ-атвор ўзгаришига олиб келган сабаблар устида эмас, балки бевосита патологик хулқ-атворни яхши томонга ўзгартириш устида иш олиб боради. Соғлом хулқ-атвор ҳамда ўзини ўзи бошқариш уқувлари шаклланган сайин, ундаги фикр ҳам ўзгариб боради, ўсмирда ўзига ишонч пайдо бўлади, унинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб, социал адаптацияга эришилади.
Когнитив-бихевиорал психотерапия
Когнитив-бихевиорал психотерапия – инсон фикри ва хулқ-атвори билан боғлиқ муаммоларини енгиб ўтиш учун ўзига баҳо бериш қобилияти, стратегияси ва йўналишларини ўзгартиришга қаратилган психотерапевтик ёндашув. Бу йўналиш асосчиси америкалик психотерапевт А. Бек (1921 йил туғилган). Когнитив-бихевиорал психотерапия когнитив психотерапия (англ. согнитиве тҳерапй, 1967) негизида яратилди. КБП 2 хил мактаб, яъни когнитив ва бихевиориал психотерапия негизида шаклланади:
КБП да қуйидаги уч ҳолат фарқ қилади:
1. Когниция – маълумотни эсга олиш, хаёлида қайта ишлаш, аргументация қилиш ва англаб етиш каби тушунчалардан иборат.
2. Конация – мақсадга йўналтирилган ҳаракат, мотивация, инстинкт, хоҳиш ва ирода каби тушунчалардан иборат.
3. Аффект – ҳиссий реакциялар ва кайфиятдан иборат.
КБП қуйидаги мақсад ва вазифалар ечимини излайди:
1. Когнитив хатолар ва хулқ-атвор бузилишлар сабабини излаб топиш.
2. Мияга ўрнашиб қолган патологик фикрлар ва шу сабабли юзага келган хулқ-атвор бузилишларини коррекция қилиш.
3. Рецидив ҳолатларининг олдини олиш.
4. Фармакотерапия самарасини ошириш.
5. Ижтимоий-психологик муаммолар ечимини топиш.
Когнитив-бихевиорал терапия, асосан, обсессив-компулсив бузилишлар, хавотирли-фобик бузилишлар, миядан кетмайдиган фикрлар неврози, хулқ-атвор бузилишлари, ипохондрик невроз, спорт тиббиётида кенг қўлланилади.
КБП авваламбор мияга ўрнашиб олиб, беморга азоб бераётган салбий фикрлар, яъни айбдорлик ҳисси, ўзини ўзи камситиш фикрларини бартараф этишга қаратилган. Бемор психотерапевтик муолажа техникасини мустақил бажаришни ўргангунга қадар психотерапевт назоратида бўлади.
Психотерапевтик муолажа техникаси. Беморнинг кўзлари юмуқ ҳолатда бўлади. Ундан миясига ўрнашиб қолган ёмон ўй-хаёлларнинг майда деталларигача диққатини қаратиш буюрилади. Ўша негатив тусдаги фикрлар аҳамиятлими, аҳамиятсизми, фарқи йўқ. Шу йўл билан барча ўй-хаёллар бир жойга жамланади. Ҳамма ёмон фикрлар мияда жамлангач, бемор бармоғи билан психологга ишора беради (масалан, кўрсаткич бармоғини кўтаради).
Бемор ишора берган захоти психотерапевт дадил ва жарангдор овозда “ТЎХТАНГ” деб буйруқ беради. Сўнгра психолог бемордан ушбу сўздан кейин хаёлига нималар келганини сўрайди. Одатда, бу пайтда беморнинг негатив фикрлари ўчади ва йўқолади. Агарда ижобий натижа бўлмаса, яъни миядан ёмон фикрлар кетмаса, машқ бир неча бор қайтарилади. Ушбу машқ уйга вазифа қилиб ҳам берилади. Бемор ўзига ўзи буйруқ бериб шу машқни уйда ёлғиз такрорлаши мумкин.
Психологик бўшлиқни тўлдириш техникаси. Мияга ўрнашиб қолган фикрларни ўчиришдан кейинги вазифа – негатив фикрлар ўрнини позитив фикрлар билан тўлдириш. Агар ушбу вазифа бажарилмаса, мияга яна негатив фикрлар қайтиб келаверади. Фанда антиципатия деган тушунча бор. Антиципатия – ваҳимали фикрларнинг яна қайтиб келишидан қўрқиш. Шу ҳолат кузатилмаслиги учун ҳар бир сеансда психологик бўшлиқни позитив фикрлар билан тўлдириб бориш зарур. Акс ҳолда бемор миядаги негатив фикрлар орқали “ўзи билан ўзи гаплашиб юраверади”. Бу ҳолат эса обсессияни кучайтиради ва бемор яна азобли ўй-хаёллар исканжасида қолади.
Психотерапевтик муолажадан сўнг беморга уй вазифаси берилади. Энди бемор ҳар куни ўзи билан ўзи фақат позитив фикрлар орқали гаплашиб юриши лозим. Психотерапевтик машқлардан аввал бемор билан “Позитив сухбат қуриш” стсенарийсини тузади. Буни амалга ошириш учун турли хил роликлар ўйлаб топилади. Олинган натижаларга қараб, ушбу сценарий бора-бора такомиллаштириб борилади.
Психологик бўшлиқни тўлдириш методи Алберт Эллис томонидан ишлаб чиқилган схема бўйича амалга оширилади. Бу мақсадда АБК-методи қўлланилади. А – вазиятни юзага келтирган омил; В – автоматик пайдо бўлган хаёл; С – эмоционал жавоб реакцияси.
АВС билан ишлаш алгоритми. 1. Муаммо ҳақида сўралади; 2. Муаммони тарқатишга киришилади; 3. С ва А ларга баҳо берилади; 4. В билан С нинг ўзаро боғлиқлиги тушунтирилади; 5. В га баҳо берилади; 6. В билан С боғланади; 7. Беморнинг тушунганлик даражаси ўрганилади; 8. Уйга вазифа берилади.
Когнитив психотерапия тарафдорлари инсондаги барча муаммолар негатив фикрлаш сабабли келиб чиқади, деб ҳисоблашади. Муаммо ташқи вазиятларни инсон томонидан қуйидаги схема бўйича интерпретация қилишидан бошланади: ташқи вазият (стимуллар) → когнитив система → интерпретация (хаёллар) → ҳиссиёт ёки хулқ-атвор. «Хаёлларимиз ҳиссиётимизда акс этади, ҳиссиётимиз хулқ-атворимизни ўзгартиради, хулқ-атворимиз бизнинг кимлигимизни кўрсатиб туради ва унга қараб ўзгалар бизга баҳо беришади”.
“Муаммо бу дунё ёмонлигида эмас, биз уни қанчалар ёмон деб билишимизда”, деган эди А. Бек (1967). А. Бек бўйича когнитив-бихевиорал терапия – бу маълум бир тизимга асосланган фикрлаш ва хулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган методлар мажмуаси. Ушбу метод асосида беморни тўғри фикрлаш ва шу аснода хулқ-атворини ўзгартиришга асосланган ўргатиш техникаси ётади.
Психотерапевт олдида турган асосий вазифалар: 1) социумда яшаш учун инсонга азоб берувчи автоматик фикрларни аниқлаш; 2) мижозга ушбу ўй-хаёллардан халос бўлиши зарурлигини тушунтириш; 3) беморни позитив фикрлар билан ишлашга ўргатиб, хулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш.
Автоматик фикрларни аниқлаш босқичлари:
Биринчи қадам. Бемор миясига ўрнашиб қолган, унга ҳар доим азоб берадиган ва унинг хулқ-атворини ўзгартириб юборган автоматик фикрларни излаб топиши ва бир жойга жамлай олиши керак.
Иккинчи қадам. Автоматик фикрлар аниқлангандан сўнг бемор уларни психотерапевтга бирин-кетин овоз чиқариб айтиб бериши керак.
Учинчи қадам. Психотерапевт беморни диққат билан тинглайди, унинг ифодаланишига назар солади, беморнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатади ва азобли фикрлар даражасини қоғозга белгилаб боради.
Автоматик фикрлар – одамни ўзи билан ўзи гаплашиб юришига мажбур қиладиган ва тўсатдан пайдо бўладиган ўй-хаёллар. Автоматик фикрлар ҳар бир одамда мавжуд бўлиб, ушбу фикрларнинг азобли ёки азобсиз бўлиши уларнинг мазмун-моҳиятига боғлиқ. Агар сизга негатив фикрлар ўрнашиб олган бўлса, улар “миянгизни эговлайверади, ақлингизни чалғитаверади” ва оғир ҳис-туйғулар манбаига айланади. Бунинг оқибатида хулқ-атворингиз ўзгаради ва шунга муносиб равишда одамларнинг сизга нисбатан муносабати ўзгариб, занжирли реакция юзага келади.
Рационал-эмотив психотерапия
Рационал-эмотив психотерапия методи 1955 йили Алберт Эллис томонидан илгари сурилган. Унинг асосий моҳияти ҳам кишининг ўзи, ўзгалар ва жамият ҳақидаги фикрларини ўзгартиришга қаратилган. Бу назарияга биноан невроз, депрессия, хавотир, айбдорлик ҳисси ва шу каби бошқа психологик муаммолар руҳий жароҳат етказувчи омиллар ва вазиятлар сабабли эмас, балки кишининг ушбу омиллар ва вазиятларга нисбатан шахсий муносабати ва ўй-хаёллари сабабли юзага келади. Масалан, сизни кимдир қаттиқ хафа қилди ва бундан кайфиятингиз тушиб кетди. Бу вазиятда сиз у одамни эмас, балки ўзингизни айбдор деб ҳисоблайсиз. Демак, сиз танқидга лойиқсизки, у сизни шу кўйга солди. Аслида ундай эмас. Айб сизда эмас, балки сизни танқид қилган одамда ёки танқид муҳити яратилган ўша вазиятда. А.Эллис шундай деб ёзади: “Инсонда ўзи ҳақидаги бундай нотўғри тасаввурлар узоқ давом этаверса, унда турли хил руҳий-ҳиссий бузилишлар, шу жумладан, депрессия ривожланади.”. Эллис шундай қоидани ўртага ташлайди
: “Айбдор сен эмас, балки бошқалар”.
Эллис ишларидан баъзи парчаларни келтириб ўтамиз. Атроф-муҳитда рўй бераётган асабингни бузадиган ва ҳиссий зўриқишга мажбур қиладиган воқеа-ҳодисалар сенга қаратилган эмас, улар ўз-ўзича рўй бераверади. Ким томонидан кўрсатилишидан қатъи назар, сенга нисбатан билдирилаётган айблов ва камситишлар аслида сенинг ҳақиқий шахсингни ифодалаб бермайди, бу ўша одамнинг шахсий фикри. У ўз дунёқараши ва сенга бўлган муносабатидан келиб чиқиб, шу фикрда. Аслида ундай эмас!
Эллис фикрича, қуйидаги уч қоидага қатъиян амал қилишга уринавериш, кишини ҳар доим хавотирда ушлайди: 1) ўзига ҳадеб талаб қўявериш (“мен ундай бўлишим керак, бундай бўлишим керак”); 2) бошқаларнинг унга ҳадеб талаб қўявериши (“сен ундай бўлишинг керак, бундай бўлишинг керак”); 3) унинг бошқаларга ҳадеб талаб қўявериши (“одамлар ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак”). Мана шу “Учта керак” тамойили – хавотир ва депрессия манбаидир.
“Учта керак” қоидасига амал қилавериш ўзингиз ҳақингизда қуйидаги фикрларни шакллантиради ва хавотирга мезон яратади:
1. Мен шундай ҳаракатлар қилишим керакки, мени бошқалар тан олсин! Акс ҳолда мен ҳеч кимман!
2. Мен қандай хоҳласам, атрофдагилар мени шундайлигимча қабул қилиши керак! Акс ҳолда улар ёмон одам ва ҳар қандай жазога маҳкум!
3. Мен нимани, қачон ва қаерда хоҳласам, шунга эга бўлишим керак! Менга керак бўлмаган нарсаларга менинг тоқатим йўқ!
Рационал-эмотив терапия ўзи ҳақида инсоннинг миясига ўрнашиб қолган стереотип фикрлардан уни озод этиш ва шу сабабли ўзгарган хатти-ҳаракатларни коррекция қилишга қаратилган. Рационал-эмотив терапия услубида ҳам когнитив-бихевиорал терапиядаги каби фикр ва хулқ-атвор параллел тарзда коррекция қилинади. Бироқ услуб бошқача. Бу методда ҳам уйга вазифалар берилади, уни бажаришга қийналган пайтларда ёрдам қилинади, вазифалар тўла бажарилса, рағбатлантирилади. Бироқ психотерапевтик муолажа пайтида психотерапевтнинг ўзи ҳам “керак” стилини ўз мижозига қўлламаслиги лозим.
Интерперсонал психотерапия
Шахслараро (интерперсонал) психотерапия инсоннинг кайфияти билан уни ўраб турган ижтимоий муҳит орасида боғлиқлик излайди. Шахслараро келишмовчиликлар, индивиднинг ижтимоий муҳитга кўникиб кетишига тўсқинлик қилаётган, уни хавотирга солаётган, кайфиятини бузаётган ва салбий ҳиссий кечинмаларни келтириб чиқараётган вазиятлар биргаликда ўрганиб таҳлил қилинади. Психотерапевтик муолажалар пайтида шахс ўзини жамиятда қандай тутиши, ўзаро муносабати, қандай вазиятлар ва одамлардан йироқ юриши йўллари тушунтирилади, ўргатилади. Айниқса, бу услуб невротик типдаги шахслар билан ишлаганда ва дистимияда кенг қўлланилади.
Оилавий психотерапия
Оилавий психотерапия авваламбор оила аъзолари билан психологик муҳитни яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бунда мижознинг ҳар бир оила аъзоси билан бўладиган муносабатлари ўрганилади ва таҳлил қилинади. Оиладаги келишмовчиликлар қандай пайтларда юзага келади, нима учун келиб чиқади, қайси вазиятларда у ўзини қандай тутади каби саволларга ойдинлик киритилади, жавоб изланади ва бу вазиятдан чиқиш бўйича машқлар қилинади. Оила аъзолари билан ҳам суҳбатлар ўтказилади. Чунки психологга мурожаат қилиб келган бемор деярли ҳар доим ўзини вазият қурбони деб билади. Аслида эса ундай бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун у ҳақида оила аъзоларининг фикрини билиш ҳам ўта муҳим.
Оилавий психотерапевт мижознинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиш лозимлигини тушунтиради. Бу ўта муҳим. Чунки баъзан оилада шундай мотамсаро муҳит яратиладики, бу фақат невроз ёки депрессиядан азият чекаётган одамнинг аҳволини оғирлаштиради ва суицидал уринишларни кучайтиради холос.
Ҳар қандай психотерапевтик муолажада мижозга ҳадеб ёнбосавериш ҳам, унинг хулқ-атворини танқид қилавериш ҳам мумкин эмас. Ундаги ёмон фикрлар депрессия белгиси, бу белгилар вақт келиб албатта ўтиб кетади, каби сўзлар билан таскин берилади. Суитсидал фикрлар ва уринишлар аниқланган ҳолатда уни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари томонидан назорат шундай ўрнатилиши керакки, мижознинг ўзи буни билмасин. Чунки ҳадеб беморни қўриқлайвериш унинг жонига тегади. Беморнинг ишончини қозонган оила аъзолари билан кўчага чиқиб айланиб келиш ва сайр пайтида, асосан, уни сўзлатиш ва ҳис-туйғуларига ҳамдард бўлиш ўта муҳим.
Психотерапевтик муолажалар психофармакотерапия билан биргаликда олиб борилса, янада юқори самарага эришилади. Психотроп дорилар нерв системасига нейромедиаторлар орқали таъсир кўрсатганлиги боис, аввал улар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича