ТИББИЙ-ПСИХОЛОГИК АНКЕТА
Тиббий психологлар учун тиббий-психологик анкета ишлаб чиқдик (З. Ибодуллаев, 2009). Ундан психосоматик тиббиёт бўлимлари ва тиббий психолог хоналарида тиббий-психологик статусни ўрганиб маълумотлар қайд қилиб борилади.
Тиббий-психологик статусни текшириш схемаси
(З. Ибодуллаев, 2009)
I. Умумий маълумотлар
Беморнинг исми, шарифи......................................................................
Тиббий анкета (тарихнома) рақами....................................................
Ёши........................................................................................................
Жинси....................................................................................................
Миллати................................................................................................
Оилавий аҳволи.....................................................................................
Яшаш жойи...........................................................................................
Маълумоти ва касби.............................................................................
Меҳнатга лаёқати.................................................................................
Чапақай, ўнақай ёки амбидекстр..........................................................
Клиникага (поликлиникага) мурожаат қилган куни.............................
Клиникада (поликлиникада) қўйилган тиббий ташхис (ташхислар)....
Психологга мурожаат қилган куни......................................................
Асосий шикоятлари...............................................................................
II. Анамнестик маълумотлар
Беморнинг ҳаёт анамнези (илк болалик давридан бошлаб йиғилади, қандай тарбияланган, қандай муҳитда ўсган ва ҳ.к.) Беморнинг жинсий ҳаёти ва оилавий анамнези. Беморнинг тиббий анамнези (қандай касалликлар билан оғриган). Беморнинг психологик анамнези. Беморнинг наслий анамнези.
III . Ёрдамчи текширишлар ва бошқа мутахассислар хулосалари
Лаборатор текширувлар................................................................................
Электроэнцефалография..............................................................................
Психиатр.........................................................................................................
Невропатолог.................................................................................................
Патопсихолог.................................................................................................
Нейропсихолог...............................................................................................
Терапевт.........................................................................................................
Сексопатолог..................................................................................................
Бошқа мутахассислар....................................................................................
Психологик тестлар хулосалари.......................................................................
IV. Темпераментни текшириш хулосалари
Суҳбат ёки психологик тестлар ёрдамида беморнинг қайси темперамент эгаси эканлиги аниқланади. Кейин хулосага сангвиник, холерик, флегматик ёки меланхолик деб ёзиб қўйилади.
V. Шахс ва хулқ-атворни текшириш хулосалари
Беморнинг яқинлари ёрдамида ва унинг ўзидан илк болалигидан бошлаб, хулқ-атвори хусусиятлари ҳақида маълумот йиғилади. Яслида, мактабда, ўспиринлик даври, оила қургандан кейинги ҳаёти, ишда ва жамоада ўзини тутиши ҳар томонлама сўраб-суриштириб ўрганилади. Бу мақсадда психологик тестлардан ҳам фойдаланилади.
Суҳбат ва тестлар ёрдамида қуйидаги шахс типлари ажратиб кўрсатилади: тсиклотимик, эмоционал, дистимик, гипертимик, хавотирли, қўзғалувчан, қотма, экстраверт, интраверт, хушчақчақ шахс. Хулқ-атворига қараб қуйидаги хулосалар берилади: меҳрибон, худбин, мансабпараст, тошюрак, камтар, хотиржам ва ҳоказо.
VI. Ҳиссиётни текшириш хулосалари
Суҳбат чоғида беморнинг мимикаси, ўзини тутиши, психолог ва атрофдагиларга бўлган муносабатига эътибор қаратилади. Кейин беморнинг ҳис-туйғулари ва кайфиятига қуйидагича таъриф берилади: ҳаяжонланган, ғазабланган, хавотирда, кайфи чоғ, тушкунликка тушган, ваҳима босган. Шу ҳолатлар аниқлангандан сўнг беморнинг ҳиссиёти тўғрисида, эйфория, дисфория, депрессия, аффект ёки ҳиссий амбивалент ҳолатида деган хулоса қайд қилинади. Хулосани янада ойдинлаштириш учун психологик тест натижаларидан ҳам фойдаланилади.
VII . Сезги ва идрокни текшириш хулосалари
Сезги бузилишларини текшираётганда, унинг органик ва функционал тусда эканлиги аниқланади. Иккала ҳолда ҳам сезгининг қуйидаги бузилишлари фарқ қилинади: моноанестезия, гемианестезия, гиперестезия, дизестезия, сенестопатия, каузалгия, оғриқлар (бошда, танада ва ички аъзолар соҳасида).
Идрокни текшираётганда иллюзия, галлюцинация, анозогнозия, дереализация ва деперсонализация бор-йўқлиги эътиборга олинади ва хулоса ўрнида ёзиб қўйилади.
VIII. Ирода ва майлни текшириш хулосалари
Иродани текшираётганда, мустаҳкам иродали, матонатли, мақсадга интилувчан, иккиланувчан, мустақил, журъатсиз каби хулосалар берилади. Шунингдек, ирода ва майл бузилишларига таъриф беришда қуйидаги атамалардан ҳам фойдаланилади: абулия, гипобулия, гипербулия, дипсомания, дромомания, клептомания, мазохизм, садизм, анорексия, полифагия, полидипсия, гомосексуализм, суицидал майллар.
IХ. Нутқни текшириш хулосалари
Беморнинг нутқидаги нуқсон суҳбат чоғида ёки махсус текширишлар орқали аниқланади. Нутқни оддий ва мураккаб сўзларни такрорлатиб туриб ҳам текшириш мумкин. Нутқ бузилишлари нейропсихологик тестлар ёрдамида ҳам аниқланади. Нутқнинг қуйидаги бузилишлари хулоса ўрнида қайд қилинади: афферент мотор афазия, эфферент мотор афазия, сенсор афазия, акустик-мнестик афазия, амнестик афазия, семантик афазия, динамик афазия, соқовлик, дудуқланиш, дизартрия, дислалия.
Х. Диққат ва хотирани текшириш хулосалари
Диққатнинг баъзи хусусиятлари суҳбат чоғида аниқлаб олинади. Шунингдек, диққатни текширувчи тестлар, яъни Крепелин, Шулте жадвали ва Бурдоннинг корректура синамаларидан фойдаланилади. Диққати тарқоқ, паришонхотир, жамланган, ўткир каби хулосалар ёзилади.
Беморнинг диққати текшириб бўлингандан сўнг ёки параллел ҳолда кундалик ва бўлиб ўтган воқеаларга бўлган хотираси текширилади: маъносиз (гул, қарға, ойна) сўзлардан иборат қисқа қатор, қисқа ва узун жумлалар, маталларни ёд олиш ва қайта эсга тушириш. Худди шу услубда кўриш хотираси (турли фотосуратлар кўрсатиб, бироздан сўнг қайта таниш сўралади) ва ҳаракат хотираси текширилади (бемор қўли билан турли ҳаракатларни амалга оширади ва уларни бироздан сўнг такрорлаш сўралади). Эббингауз ва Лурия томонидан ишлаб чиқилган “10 та сўзни ёдлаб эсга тушириш” усулидан ҳам фойдаланилади.
Хотира бузилишлари даражаси кўрсатилади. Шунингдек, амнезия (ретроград, антероград, антероретроград), конфабуляция, псевдореминисценция каби хулосалар қайд этилади.
ХI. Тафаккурни текшириш хулосалари
Тафаккурни текшираётганда, унинг изчиллиги ва тезлигига эътибор қаратилади. Фикрлаш даражаси ёшига мос келади, дебиллик, имбециллик, идиотия, деменция деб хулоса ёзилади. Бу бузилишларни аниқлаш учун ҳикояларнинг мазмуни, кичик математик масалалар, тугалланмаган жумлалар, мақоллар маъноси ва тафаккур даражасини ифодаловчи психологик тестлардан (Коос кубикчалари, Бине-Симон, Векслер тестлари, тафаккур коеффитсиентини (ИҚ) аниқлаш) усулларидан фойдаланилади.
ХII. Онгни текшириш хулосалари
Онг бузилишининг шартли равишда нопсихотик ва психотик шакллари ажратилади: биринчисига обнубуляция, сомноленция, сопор ва кома, иккинчисига эса делирия, транс, аменция, сомнамбулия, амбулатор автоматизмлар, онейроид киради. Шунингдек, онг даражасига таъриф бераётганда, беморнинг эс-ҳуши жойида, вақт, жой ва вазиятни адаштирмаслиги, атрофдаги воқеаларни аниқ-равшан англашига эътибор берилади.
Хулоса. Беморнинг тиббий-психологик статуси тўла текширилгандан сўнг олинган маълумотлар психологик тестлар, лаборатория натижалари ва бошқа мутахассислар хулосалари билан солиштирилади. Кейин беморга тиббий-психологик ташхис аниқлаб олинади ва тарихномага қайд қилинади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича