СЕДАТИВ ДОРИЛАР


Седатив дорилар – асосан гиёҳли ўсимликлардан тайёрланган енгил тинчлантирувчи хусусиятга эга дорилар. Транквилизаторларга қараганда седатив (lot. sedatio – тинчлантирмоқ) дориларнинг фобия ва хавотирга таъсири анча паст. Бу гуруҳга мансуб дорилар МНС қўзғалувчанлиги билан боғлиқ невротик бузилишларни бартараф этади, юрак-қон томир фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, спазмолитик хусусиятга ҳам эга. Улар транквилизаторларга ўхшаб кучли уйқучанлик чақирмайди, мувозанат ва координацияга салбий таъсир қилмайди, мускуллар тонусини пасайтирмайди, ўрганиб қолиш таъсирига эга эмас.    Лекин кундалик дозаси ошиб кетса, уйқучанлик кузатилади ва беморни бирмунча бўшаштиради. Седатив дориларнинг организмга ножўя таъсири камлиги туфайли уларни иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда қабул қилиш мумкин, машина ҳайдашга ҳам чекловлар қўйилмайди. Седатив дорилар аналгетик ва бошқа психотроп дорилар таъсирини кучайтиради. Седатив дориларни 1-2 ойдан ортиқ қабул қилиш тавсия этилмайди.
Седатив дорилар 2 гуруҳга ажратилади: 1) бромидлар; 2) гиёҳли ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар.
      Бромидлар – бром асосида кимёвий усул билан тайёрланган дорилар.
  1. Натрий бромид. Неврастения, кардионевроз, невротик тиклар ва артериал гипертониянинг дастлабки босқичларида кенг қўлланилади. Натрий бромидни бир ёшдан бошлаб бериш мумкин. Болаларга 1 чой қошиқдан, катталарга 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ёки 2 таблеткадан 3 маҳал тавсия этилади. Ишлаб чиқарилиши: 0,5 г ли таблетка, кукун ва 3 % ли 100 мл флакон. Дорини узоқ муддат қабул қилса, “бромизм” ривожланади. Унинг белгилари: бурун битиши, конюнктивит, йўтал, терига тошма тошиши ва умумий ҳолсизлик. Бундай пайтларда 0,9 % ли 1000 мл натрий хлорид  венадан томчилатиб юборилади, кам-камдан кўп миқдорда сув ичилади. 
  2. Калий бромид. Кўрсатмалари, таъсир қилиши ва тавсия этиладиган дозаси худди натрий бромид каби. Ишлаб чиқарилиши 0,5 г ли кукун ва таблеткалар.
  3. Бромкамфора. Кўрсатмалари, таъсир қилиши ва тавсия этиладиган дозаси худди бошқа бромидлар каби. Ишлаб чиқарилиши: 0,25 г ли таблеткалар. 
    Гиёҳли ўсимликлардан тайёрланган седатив дорилар
  1. Валериан дорилари. Турли кўринишларда ишлаб чиқарилади. 1) Валериан настойкаси. Катталарга 20-30 томчидан ¼ стакан сувга қўшиб кунига 3 маҳал ичишга буюрилади. Овқатдан ярим соат олдин ичилади. Бу дори 12 ёшгача бўлган болаларга ҳамда ҳомиладорлик ва лактация даврида тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: 30 мл ли флаконлар. 2) Валериан экстракти. Бу дори 2 таблетка (40 мг) кунига 3-4 маҳал ичишга буюрилади. Овқатдан ярим соат олдин ичилади. Вазиятга қараб дорининг дозаси оширилиши мумкин. Ишлаб чиқарилиши: 20 мг ли таблетка. Ҳомиладорлик ва лактация даврида берилмайди. Шунингдек, 12 ёшгача бўлган даврда ҳам мумкин эмас. 
  2. Корвалол (валокордин). Седатив ва спазмолитик таъсиридан ташқари, юрак уриб кетишини пасайтириш ва қон босимни бироз тушириш  хусусиятига ҳам эга. Кучли асабийлашиш, қўрқув, ваҳима сабабли юзага келган юрак фаолияти бузилишларида (масалан, тахикардия, коронароспазм) “тез ёрдам” мақсадида кенг қўлланилади ва тез тинчлантиради. Бироқ ухлатувчи таъсири деярли йўқ. Невротик қўзғалишлар сабабли кўтарилган АҚБ ни туширади. Овқатдан олдин 15-30 томчидан кунига 2-3 маҳал тавсия этилади. Тахикардия ва юрак артериялари спазмида 40 томчи берилади. Бромидларга қараганда карволол таъсирини беморлар тезроқ сезади ва ножўя таъсирлари деярли йўқ. Ишлаб чиқарилиши: 15 мл ли флаконлар.
     Комплекс таркибга эга седатив дорилар
  1. Седавит – таркибида қуюқ седавит экстракти, пиридоксин гидрохлорид ва никотинамид сақловчи седатив дори. Неврастения, доимий психоэмоционал зўриқиш билан ишлайдиган ҳолатлар (менежер синдроми), реактив невроз ва психозлар (енгил турлари), сурункали чарчаш синдроми, диққат тарқоқлиги, кардионевроз, артериал гипертензиянинг енгил босқичи, уйқусизлик, невроген қичималар, зўриқиш, бош оғриғи, мигрен (ёрдамчи дори сифатида), климактерик синдром, невроз сабабли ҳайз бузилишларида тавсия этилади. Седавит 2 таблеткадан кунига 3 маҳал овқатдан олдин ичишга буюрилади. Шунингдек, ҳаяжонли учрашувлар ёки кутилаётган стрессли воқеалардан 30-60 дақиқа олдин 2 таблетка қабул қилиш ҳам мумкин. Ножўя таъсирлари: кўнгил айниши, тахикардия, АҚБ пасайиши, қоринда оғриқ, жиғилдон қайнашини кучайтиради. Монелик қилувчи ҳолатлар: депрессия, юрак ишемик касаллиги, бронхиал астма, спазмофилия, кучли артериал гипотензия, брадикардия, миастения, ошқозон ва 12-бармоқли ичак яраси, гиперурикемия, подагра, сийдик-тош касаллиги, 12 ёшгача бўлган давр, ҳомиладорлик ва лактация даври. Таблетка шаклида ишлаб чиқарилади.
  2. Вамелан таркибида валериан моддаси, мята перечной (таржима керак) ва мелисса сақловчи седатив хусусиятга эга дори. Валериан экстракти каби, бироқ ундан кучлироқ таъсирга эга. Кунига 1 капсуладан 3 маҳал тавсия этилади. Енгил уйқу бузилишларида уйқудан олдин 1 капсула ичилади. Ножўя таъсирлари: кўнгил айниши, апатия, қоринда оғриқлар, қабзият, жисмоний фаолиятнинг сусайиши. Монелик қилувчи ҳолатлар: депрессия, ҳомиладорлик ва лактация даври, 18 ёшгача бўлган давр. Капсула шаклида ишлаб чиқарилади.
  3. Новопассит – валериан илдизчалари, бояришник, мелисса, зверобой, пассифлора ўти каби бир нечта тинчлантирувчи хусусиятга эга ўсимликлардан тайёрланган седатив дори. Таъсир доираси ва кўрсатмалари седавитга ўхшаш. Қабул қилиш тартиби: Катталар ва 12 ёшдан ошганларга 5 мл ёки 1 таблетка кунига 3 маҳал ичишга буюрилади. Овқатдан олдин қабул қилинади, агар кўнгил айниши пайдо бўлса, овқат пайтида ичилади. Заруратга қараб 10 мл ёки 2 таблетка кунига 3 маҳал қабул қилиш мумкин. Монелик қилувчи ҳолатлар: миастения, 12 ёшгача бўлган давр, сурункали алкоголизм, эпилепсия, оғир краниоцеребрал жароҳатлар, ҳомиладорлик ва лактация даври. Ишлаб чиқарилиши: таблетка ва 100 ҳамда 200 мл флаконлар. 



Manba©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича