СТРЕСС ВА УНИНГ БОСҚИЧЛАРИ
«Стресс» сўзи одатдаги турмушда ва тиббий атамашуносликда анча кенг тарқалган. «Стресс» деганда руҳий зўриқиш ва ҳаяжонланиш тушунилади. Одам қаттиқ сиқилса: «Кеча мен стрессга учрадим», дейди. Бу сўзни турмушда ишлатиш шунга олиб келдики, ХХ аср охирига келиб, «стресс» сўзи ишлатилганда одамлар фақат салбий руҳий зўриқишни тушунадиган бўлиб қолишди. Аслида «стресс» сўзини фақат салбий маънода тушуниш нотўғридир. «Стресс» атамасини 1936 йили фанга канадалик физиолог олим Г. Селе (1907–1982) киритган.
Стресс – организмнинг стрессорга нисбатан жавоб реакцияси. Ҳаёт бор жойда стресс бор, унинг бўлмаслиги ўлим деганидир (Г.Селе, 1956).
Стресс аслида «ҳаёт» тушунчасига ҳамоҳанг. Г. Селе бу муаммони очиқ-ойдин ёритиб берди. Стресс одам учун хавф туғдирмайди. Дистресс хавфлидир. Дистресс – организмда психофизиологик жараёнларни издан чиқарувчи ва унга фалокатли таъсир кўрсатувчи негатив омил. Стресс эса ижобий ва салбий турларга ажратилади. Лекин физиологик нуқтаи назардан олганда, организмнинг кучли шодликка ва қайғуга жавоб реакцияси бир хил бўлади.
«Стресс касалликлари» деган тушунча нотўғридир, «дистресс касалликлари» дейилса, тўғрироқ бўлади, деган эди Г. Селе. Г.Селе стрессни 3 та асосий босқичга ажратган:
- 1-босқич – хавотирланиш босқичи. АҚБ ва тана ҳарорати пасаяди, капиллярлар қон билан тўлишади, қонда қанд миқдори камаяди, алкалоз кузатилади, ошқозон-ичак системасида функционал ўзгаришлар пайдо бўлади.
- 2-босқич – қаршилик кўрсатиш босқичи. Алкалоз ацидоз билан, гипогликемия гипергликемия билан, артериал гипотония гипертония билан алмашади, тана ҳарорати кўтарилади ва буйрак усти бези қобиғи шишади, кортикостероидлар кўплаб ажралиб чиқади.
- 3-босқич – толиқиш босқичи. Юрак мушакларида дистрофик ўзгаришлар кузатилади, ошқозон-ичак системасида ярачалар пайдо бўлади, уларга нуқтасимон қон қуйилади.
Стресс қандай қилиб дистрессга ўтади? Ҳаддан ташқари умумий мослашув синдроми қандай қилиб юзага келади? Бу муаммолар ҳозирги кунда олимлар томонидан яна ўрганиб келинмоқда. Г.Селе таъбири билан айтганда, одамни ёшлигидан «пахтага ўраб-чирмаш», яъни уни муаммолардан асраб-авайлаш умумий мослашув синдромининг пасайишига олиб келади. Бунда стресс дистрессга ўтиши мумкин.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича