Сезгини текшириш усуллари
Сезгини текшириш пайтида қуйидагиларга амал қилиш керак: 1) хона жуда иссик ёки совуқ бўлмаслиги, яъни мўътадил ҳарорат таъминланган бўлиши; 2) беморнинг фикри чалғимаслиги учун унинг кўзлари юмуқ ҳолатда бўлиши; 3) танага кўрсатилаётган таъсиротлар (масалан, нина санчиш, вата билан текшириш) бир хил кучга эга бўлиши; 4) сезги тананинг симметрик қисмлари ҳамда оёқ-қўлларнинг дистал ва проксимал қисмларида текширилиши; 5) чуқур сезгини текшириш майда бўғимлардан бошланиши; 6) сезги бузилган чегаралар тўла аниқланиши; 7) олинган маълумотлар бир-бири билан солиштириб кўрилиши керак.
А. Юзаки сезгини текшириш
- Оғриқ сезгисини текшириш. Оғриқ сезгиси нина санчиш орқали ўрганилади. Синалувчидан кўзларини юмиб эркин ўтириш сўралади. Врач текшириш зарур бўлган жойлар ва симметрик соҳаларга нина санчиб текширади. Нинани кучли санчиш мумкин эмас. Бу мақсадда тўғноғичдан фойдаланилади. Текшириш натижасини билиш учун “нина санчилгани сезилдими?”, “қайси томонда ўткир ёки ўтмас?”, деб сўралади. Шу йўл билан оғриқ сезгиси сақланган, пасайган, йўқолган ёки кучайганлиги билиб олинади.
2. Ҳарорат сезгисини текшириш. Ҳарорат сезгиси иссиқ (40-50°С) ва совуқ (20-25°С) сув солинган иккита пробирка ёрдамида текширилади. Синалувчи кўзларини юмади. Сўнгра иссиқ ва совуқ сув солинган пробиркалар текширилаётган жойга кетма-кет тегизилади. Синалувчидан қайси пробирка иссиқ, қайси бири совуқ деб сўралади. Соғлом одамда иссиқ ва совуқни фарқлаш сақланган бўлади. Нормал ҳолатда одам 2-3°С ли фарқни сезмаслиги мумкин. Ҳарорат сезгиси бузилган бемор 10-20°С фарқни сеза олмайди. Ҳарорат сезгисини текширишда термоэстезиометрдан ҳам фойдаланилади. Баъзи касалликларда, масалан сирингомиелияда бемор иссиқ-совуқни сезмайди ва шу боис куйганини билмай қолади.
- Тактил сезгини текшириш. Синалувчи кўзларини юмади. Текшириш зарур бўлган соҳага момиқ пахта ёки юмшоқ қоғоз учи тегизиб юргизади. Нормада бу сезги сақланган бўлади.
Б. Чуқур сезгини текшириш
- Пассив ҳаракатлар сезгиси. Пассив ҳаракатлар сезгисини текшириш қўл ва оёқларнинг майда бўғимларидан бошланади. Синалувчидан кўзларини юмиш сўралади. Врач унинг битта бармоғини ушлаб пастга, тепага ва ён томонларга оҳиста букади. Нормада бўғимларнинг қайси томонга ҳаракатлантирилаётгани сезилади. Агар майда бўғимлардаги пассив ҳаракатларни синалувчи сезмаса, бу ҳаракатлар йирикроқ бўғимларда амалга оширилади. Сезги иккала томонда ҳам текширилади.
- Вибрация сезгиси. Вибрация сезгиси камертон ёрдамида текширилади. Бунинг учун камертон бирор нарсага секин урилади ва вибрация ҳолатига келтирилади. Сўнгра камертон суяк ўсиқчаларига қўйилади. Синалувчидан вибрацияни сезаяпсизми, деб сўралади. Нормада бу сезги сақланган бўлади. Вибрация сезгиси қўл ва оёқларда иккала томонда ҳам текширилади. Бу сезги вибрация касаллиги, орқа мия сўхтаси, тарқоқ склероз ва баъзи полиневропатияларда сусаяди ёки сўнади.
- Кинестетик сезги. Синалувчидан кўзларини юмиш сўралади. Кейин унинг териси иккала бармоқ орасида ушланиб бурма ҳосил қилинади ва олдинга, орқага силжитилади. Синалувчи ҳаракатлар йўналишини айтиб бериши керак.
- Тана қисмларининг фазодаги ҳолатини сезиш. Бу сезги ҳам кўзлар юмуқ ҳолатда текширилади. Синалувчининг бир қўли ёки оёғи маълум бир ҳолатга келтирилади. Сўнгра ундан худди шу ҳолатни бошқа қўли ёки оёғи билан кўрсатиб бериш сўралади. Синалувчи кўзлари юмуқ ҳолатда ушбу вазиятларни тўла такрорлаши лозим. Мушак-бўғим сезгиси кучлироқ бузилган бемор бу ҳаракатларни сезмайди ва табиийки такрорлай олмайди.
- Босим ва оғирлик сезгиси. Бу сезги ҳам чуқур сезгининг бир туридир. Босим сезгисини текширишдан мақсад – танага кўрсатилган босим билан оддий тегишни фарқлаш. Синалувчи танасининг турли жойларига ўтмас буюм ёки бош бармоқ билан бироз босилади, кейин тегиб қўйилади. Синалувчи ушбу босимни оддий тегишдан фарқлаши керак.
- Оғирлик сезгисини текшириш учун эса синалувчининг иккала кафтига икки хил оғирликдаги буюм қўйилади. Синалувчи унинг қайси бири оғир, қайси бири енгилроқ эканлигини айтиб бериши керак. Бу мақсадда оғирлиги бўйича бир-биридан сал фарқ қиладиган кичик тарози тошларидан фойдаланилади. Соғлом одам оғирликлар орасидаги 10-20 % фарқни сезади. Бу сезгини текшириш катта диагностик аҳамиятга эга эмас. Шунинг учун ҳам клиник амалиётда кам қўлланилади.
В. Мураккаб сезгини текшириш
- Стереогноз. Синалувчидан кўзларини юмиш сўралади. Сўнгра унинг қўлига аввал таниш бўлган нарсалардан бири, яъни калит, тўғноғич, ўчиргич ёки қалам қўйилади. Синалувчи ушбу нарсанинг нималиги, шакли, қаттиқ ёки юмшоқлигини пайпаслаб айтиб бериши керак. Нормада бу сезги сақланган бўлади. Стереогноз катта яримшарлар пўстлоғининг париетал қисми зарарланши учун жуда хос.
- Локализация. Синалувчидан кўзларини юмиш сўралади. Сўнгра тананинг турли жойларига ўтмас учли нарса тегизилади. Бемор кўзини очиб ўша теккан жойни бармоқ учи билан кўрсатиб беради. Соғлом одам бу жойни 1 см аниқликда кўрсатиб бера олади.
- Танага чизилган фигураларни аниқлаш. Синалувчидан кўзларини юмиш сўралади. Сўнгра унинг кафтига ёки танасининг бошқа жойларига турли геометрик фигуралар, ҳарфлар ёки рақамлар чизилади. Синалувчи кўзлари юмуқ ҳолатда танасига нима чизилганини айтиб бериши керак.
- Дискриминация. Дискриминация сезгиси – бир пайтнинг ўзида бир-биридан узоқ бўлмаган иккала нуқтага кўрсатилган таъсиротни сеза олиш қобилияти. Бу сезги иккала оёқчаси ҳам учли Вебер циркули ёрдамида текширилади. Синалувчи кўзларини юмади. Циркулнинг ораси озгина очиб қўйилади ва тананинг бирор жойига қўйилади. Вебер циркулини танага шундай қўйиш керакки, унинг иккала учи ҳам бир пайтда танага тегиши лозим. Циркулнинг учлари бир пайтнинг ўзида танага теккан бўлса ҳам, синалувчи унинг иккала учи борлигини айтиб бера олиши керак.
- Оғриқни текшириш. Неврологияда оғриқни аниқлаш катта диагностик аҳамиятга эга. Албатта беморнинг шикояти ва ўзини тутишига қараб оғриқ қаерда ва қандай намоён бўлаётганини дарров билиб олиш мумкин. Сўнгра ўша соҳа пайпаслаб текширилади ва босиб кўрилади. Масалан, тригеминал ёки бошқа периферик нервлар чиқадиган нуқталар (масалан, Валле ёки Эрб нуқталари) босиб текширилганда оғриқлар пайдо бўлади. Умуртқа поғонаси бўйлаб оғриқларга шикоят қилган беморда паравертебрал нуқталар босиб текширилади ва ҳ.к.
Периферик нерв ва спинал илдизчалар зарарланганини аниқлаш мақсадида тортиб текшириш синамалари қўлланилади.
Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
© Ибодуллаев энциклопeдияси
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича