Ҳидлов нерви
Нерв ҳақида қисқача маълумот. Ҳидлов нерви (n. olfactorius, I нерв) сезувчи нерв бўлиб ҳид билишни таъминлайди. Барча краниал нервлар каби ҳидлов нерви ҳам жуфт нерв ҳисобланади. Ҳидлов нервини ҳосил қилувчи нейронлар танаси юқори бурун чиғаноғининг шиллиқ пардасида жойлашган. Ушбу биполяр нейроннинг (1-нейрон) периферик толалари бурун шиллиқ пардаси ва бурун тўсиғи бўйлаб тарқалган. Улар турли ҳидларни сезувчи махсус рецепторлардан иборат. Биполяр нейроннинг марказий толалари (filiae olfactoriae) бурун бўшлиғидан ғалвирсимон суякда жойлашган lamina cribrosa орқали краниал бўшлиққа киради ва ҳидлов пиёзчасида (bulbus olfactorius) тугалланади. Ҳидлов пиёзчаси олдинги краниал чуқурчада жойлашган. Ҳидлов пиёзчасида жойлашган 2-нейрон аксонлари ҳидлов трактини (tractus olfactorius) ҳосил қилади. Ҳидлов тракти бош миянинг пешона бўлаги асосида горизонтал жойлашиб ичкарига йўналади ва бирламчи ҳидлов марказларида (trigonum olfactorium, substantia perforate anterior, septum pellucidum) да тугалланади. Бу тузилмаларда ҳидлов йўлларининг 3-нейрони жойлашган. Унинг аксонлари қадоқсимон тананинг устки ва пастки қисмидан ҳидлов маркази томон йўналади. Ҳидлов маркази чакка бўлагининг медиал юзаси, яъни гиппокамп пуштаси (gyrus hyppocampi) ва унинг атрофидаги тузилмаларда жойлашган.
Ҳидлов нерви функциясини текшириш
Текшириш қоидаси. Текширилаётган моддалар номи бемордан сир тутилади, бироқ бу моддалар унга аввалдан таниш бўлиши керак. Бу мақсадда енгил ҳид таратувчи моддалар (каҳва, суюлтирилган валериан, камфора, лимон) қўлланилади. Улар бемордан чеккароққа туради ва усти ёпиб қўйилади. Ҳидлов функцияси ҳар бир бурун тешигида алоҳида-алоҳида текширилади. Текширув пайтида бемор кўзлари ва оғзини юмиб ўтиради, иккинчи бурун тешигини бармоғи билан ёпиб туради (4-расм).
4-расм. Ҳидлов нервини текшириш
Ушбу моддалардан бири кичик пробирка ёки ҳулланган пахтада очиқ бурун тешигига яқинлаштирилади ва бемордан унинг номи сўралади. Сўнгра бошқа ҳидли модда иккинчи бурун тешигига ҳидлатиб текширилади. Олинган хулосалар қоғозга қайд қилинади.
Қуйидаги талабларни эсда тутинг. Кучли ҳидга эга моддалар (масалан, новшадил спирти, аммиак эритмаси) билан текшириш мумкин эмас. Чунки улар чуқурроқ жойлашган уч шохли нерв рецепторларини ҳам қўзғайди ва хато хулоса чиқаришга сабаб бўлади. Беморда тумов белгилари бўлса ҳам, ҳидлов функциясини текшириб неврологик касалликлар ҳақида хулоса чиқариш мумкин эмас. Шунингдек, руҳий касалликларда бемор нотўғри хулоса бериши мумкинлигини эсда тутинг.
Ҳид сезиш патологияси
- Аносмия – ҳид билмаслик;
- Гипосмия – ҳид билишнинг пасайиши;
- Гиперосмия – ҳид билишнинг кучайиши;
- Ҳидлов галлюцинациялари – аслида йўқ бўлган ҳидларни сезиш.
Ҳид бузилишига сабабчи бўлувчи патологик ҳолатлар ва касалликлар
Сизга анатомия курсидан маълумки, ҳидлов йўлларининг асосий қисми олдинги краниал чуқурчада жойлашган. Олдинги краниал чуқурча чап томонда ҳам, ўнг томонда ҳам бўлади. Агар ушбу чуқурчада ўсма, гематома, абсцесс, КЦЖ, туберкулема, заҳм гуммаси ёки локал лептоменингит аниқланса бир томонлама аносмия (гипосмия) кузатилади.
Икки томонлама аносмия ёки гипосмия асосан, тумов билан намоён бўлувчи касалликлар, яъни ўткир респиратор вирусли инфекцияларда пайдо кузатилади. Шунингдек, аҳоли орасида кўп тарқалган аллергик ва атрофик ринитларда ҳам гипосмия ёки аносмия кузатилади. Педжет касаллиги, Шихан синдроми, гипотиреоз, қандли диабет ва баъзи нейроэндокрин ҳамда токсик-метаболик синдромларда ҳид билиш пасаяди. Ҳид билишнинг пасайиб боришига Паркинсон ва Алсхаймер касалликларининг бир неча йиллар олдин бошланадиган илк белгилари сифатида ҳам қаралади. Шунингдек, кўп маротаба краниоцеребрал жарохат олганлар, масалан боксчиларда ҳам гипосмия ёки аносмия ривожланади.
Гиперосмия ҳолати баъзи руҳий касалликлар, масалан маниакал-депрессив психозлар ва шизофренияда кузатилади. Ҳомиладорлик даврида ҳид билишнинг турли бузилишларини, яъни аносмия, гипосмия, гиперосмия ва ҳидлов галлюцинацияларини кузатиш мумкин. Бунинг асосий сабаблари авитаминоз, анемия, аминокислоталар ва минерал моддалар етишмовчилигидир.
Ҳидлов галлюцинацияси, яъни ҳозирда йўқ бўлган ҳидларни сезиш гиппокамп тасъирланишида рўй беради. Чакка бўлагининг ички қисмида жойлашган гиппокамп ҳидлов маркази ҳисобланади. Гиппокамп соҳасида қандайдир патологик жараён (масалан, ўсма, гумма, киста) шаклланаётган бўлса ҳидлов галлюцинацияси ривожланади. Агар ҳидлов галлюцинацияси бирдан пайдо бўлиб бир неча сония ёки 2-3 дақиқа ичида ўтиб кетса ва бу хуружлар ҳар доим такрорланиб турса, мезотемпорал эпилепсиянинг бир турини инкор қилишга тўғри келади. Бундай пайтларда одатда таъм билиш ҳам бузилади ва бошқа вегетатив-висцерал пароксизмлар ҳам пайдо бўлади. Баъзи инсонлар ўта кучли ҳид ажратиш қобилиятига эга бўлишини ҳам эсда тутиш лозим. Бунга патология сифатида қарамаслик керак.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев