Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Фобия ва қўрқув битта касалликми?

Фобия ва қўрқув битта касалликми?


Мияга ўрнашиб қолган қўрқувга фобия деб айтилади. Оддий қўрқувдан фарқли ўлароқ, фобия бирмунча узоқ давом этади. Фобиянинг тури кўп: канцерофобия – рак бўлиб қолдим деб қўрқиш, кардиофобия – юрагим касал деб қўрқиш, лисофобия – руҳий хасталикка чалиндим деб қўрқиш, клаустрофобия – ёпиқ жойдан қўрқиш (масалан, лифт кабинаси, кичик хона), агарофобия – аксинча, очиқ жойлардан қўрқиш ва ҳоказо. Баландлик, метрода юриш, бирор юқумли касаллик юқиб қолиши, ифлос бўлиш ва одамлар олдида сўзга чиқишдан қўрқиш каби симптомлар ҳам фобия учун хосдир.

  • Қўрқув қандай пайдо бўлади?

Дастлабки қўрқув муайян вазиятларда пайдо бўлади ва у мияга ўрнашиб қолади. Масалан, бемор ҳаммаёқни кўриш учун томга чиқади ва пастга қараган заҳоти қаттиқ қўрқиб кетади, боши айланади, у гўё пастга қараб, қулаб тушаётгандек хавфсирайди. Бунинг оқибатида беморда баландликдан қўрқиш мияга ўрнашиб қолади ва кейинчалик у бошқа вазиятларда ҳам пайдо бўлаверади. Фобия пайтида беморнинг юзи қизаради ёки ранги ўчади, оғзи қурийди, юраги тез-тез уради, артериал босим ошиб кетади, тер босади, кўз қорачиқлари кенгаяди.

Ички аъзоларнинг бирорта оғир касаллиги пайдо бўлишидан қўрқиш, одатда, психосоматик симптомлар билан бирга кечади, яъни бемор ўз саломатлигига ҳаддан ортиқ эътибор беради. Масалан, кардиофобияда юрак уришини эшитиб туради, томир уришини санайди ёки қон босимини ўлчайверади, ҳар сафар юраги нотўғри ишлаётганидан гумонсираб, терапевтдан ЭКГ қилишини ва пухта текширув ўтказишини илтимос қилади. Жигарим шишиб кетган ёки қуриб бораяпти деб, ултратовуш текширувлардан ўтади, рак бўлиб қолдим деб, шифокордан шифокорга қатнаб юради, ҳадеб компьютер томографияга тушаверади. Докторларга ишонмай қўяди. Бундай беморлар ё профессорга қатнайди ёки ундан оддий қишлоқ докторини афзал кўради. Баъзи беморлар кучли профессорда даволана олмадим деб узоқ вилоятдаги табиб ёки врач муолажасидан тузалиб кетади. Чунки уларга антиқа даволаниш усуллари яхши таъсир қилади. Касаллик хуружи қўзғалиб қолишидан қўрқиб, бемор йўлда одамлар бор жойдан юради, тиббиёт муассасаларига яқин бўлган йўлни танлайди, йўл-йўлакай дорихонага кириб туради, у ерда юрак дорилари ва тиббий ходимлар борлигини кўриб тинчланади.

 

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича