ЎЗИМГА-ЎЗИМ ПСИХОТЕРАПЕВТ! ШУ МУМКИНМИ?
Тўғри, ўзинг ўзгаришни хоҳламасанг, Сени ҳеч ким ўзгартира олмайди. Сен психотерапевтга боришни хоҳламайсанми? У ҳолда ўзингни-ўзинг ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўр! Европалик мутахассислар фикрига кўра, психотерапевтга бориши шарт бўлган невроз ва депрессияга чалинган 100 кишидан бор йўғи 44 киши унга мурожаат қиларкан. Қизиқ! Европада шу аҳвол бўлса, бизда қандай экан? Шу боис ушбу китобимда энг мақбул психотерапевтик усулларни оддийроқ қилиб ёритишга ҳаракат қилдим. Ҳеч бўлмаса, ўзингга-ўзинг психотерапевт бўл ва ўзгар!
Ушбу 4 қоида устида бир ўйланиб кўр:
Биринчи қоида – “Айбдор Мен эмас, балки бошқалар”. Шуни билгинки, невроз, хавотир, фобия, депрессия ва ўзингдаги айбдорлик ҳисси Сенга руҳий жароҳат етказувчи омиллар ва вазиятлар сабабли эмас, балки Сенинг ушбу омиллар ва вазиятларга нисбатан шахсий муносабатинг туфайли юзага келяпти. Масалан, кимдир Сенинг асабингни бузди ва бундан кайфиятинг тушиб кетди, руҳан чўкиб қолдинг. Ушбу вазиятда Сен у одамни эмас, балки ўзингни айбдор деб ҳисоблайсан. Демак, Сен танқидга лойиқсанки, у Сени шу кўйга солди. Аслида ундай эмас! Айб Сенда эмас, балки Сени шу кўйга солган ўша одамда ёки танқид муҳити яратилган ўша вазиятда. Демак, “Айбдор Сен эмас, балки бошқалар”.
Иккинчи қоида – “Танқид Менинг кимлигимни эмас, балки Сенинг кимлигиингни ифодалаб беради”. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, Сен ёмон эмас, у ёмон одам. Унинг ўзи омадсиз шахс ва танқидга лойиқ, шу боис аламини Сендан олаяпти ва Сени танқид қиладиган муҳитни яратаяпти. Демак, атроф-муҳитда рўй бераётган Сенинг асабингни бузадиган ва ҳиссий зўриқишга мажбур қиладиган воқеа ва ҳодисалар Сенга қаратилган эмас, улар ўз йўлича рўй бераверади. Ким томонидан кўрсатилишидан қатъи назар Сенга нисбатан билдирилаётган айблов ва камситишлар аслида Сенинг ҳақиқий шахсингни ифодалаб бермайди, бу ўша одамнинг шахсий фикри. У ўз дунёқариши ва сенга бўлган муносабатидан келиб чиқиб шу фикрда. Аслида ундай эмас!
Учинчи қоида – “Сенга азоб бераётган фикрлардан ўзингни-ўзинг халос эт!”. Мана шу “Учта керак” қоидасига ҳадеб амал қилишга уринавериш Сени доимий хавотирда ушлайди ва невротик шахсга айланасан:
- Мен шундай бўлишим керакки, бошқалар менга тан берсин! Акс ҳолда мен ҳеч кимман!
- Мен қандай хоҳласам, атрофдагилар мени шундайлигимча қабул қилиши керак! Акс ҳолда улар ёмон одам ва ҳар қандай жазога маҳкум!
- Мен нимани хоҳласам, қачон хоҳласам ва қаерда хоҳласам, шунга эга бўлишим керак! Менга керак бўлмаган нарсаларга менинг тоқатим йўқ!
Тўртинчи қоида – “Ҳадеб ўзингга ва бошқаларга талаб қўяверма!”. Ушбу ўгитларга диққат билан қулоқ тут ва вазиятларни таҳлил қил:
1) ўзингга ҳадеб талаб қўяверма (“Мен ундай бўлишим керак, бундай бўлишим керак”);
2) бошқаларнинг Сенга ҳадеб талаб қўявериши (“Сен ундай бўлишинг керак, бундай бўлишинг керак”);
3) Сен ҳам бошқаларга ҳадеб талаб қўяверма (“Одамлар ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак”).
Мана шу “Учта керак” тамойили – хавотир ва депрессия манбаидир.
Хулоса: Албатта, Сен етук шахс бўлиб шаклланишни хоҳлайсан, у ҳолда “Мақсад қўй ва бажар!”. Бажара олмадингми, ҳадеб ўзингга ва бошқаларга талаб қўяверма. Ўз имкониятингни тўғри баҳолашни ўрган, ана шунда секин-аста Сенинг очилмаган қирраларинг очилиб бораверади. Шошилма! Бировлар Сени тан олиши учун ишлама. Қилаётган ишларингдан ўзинг қониқсанг бўлгани. Чунки “Меҳрибонлик излаш – бу худбинликдир”. Ўйла, фикр юргиз, ниятни яхши қил ва ана шундан кейин бирор ишга қўл ур! Сен ўзингга кераксан, яқинларингга кераксан, бошқаларга эмас! Аввало, ўзингни асра!
Профессор Зарифбой Ибодуллаев