УМУРТҚА ОСТЕОХОНДРОЗИ ВА ДИСК ЧУРРАСИ
Этиологияси. Умуртқа остеохондрози полиэтиологик касаллик. Диск чурраси ривожланишининг асосий сабабчиси ҳам остеохондроздир. Умуртқа поғонасида дегенератив-дистрофик ўзгаришларга олиб келувчи ҳар қандай патологик жараён кейинчалик умуртқалараро дискнинг ўз ўрнидан силжишига ҳам сабабчи бўлади. Шу боис, диск чурраси алоҳида касаллик эмас, балки умуртқа остеохондрози ёки жароҳати асорати, деб ҳисобланади.
Патогенези. Айтиб ўтганимиздек, пулпоз ядро фиброз ҳалқа ичида жойлашган. Фиброз ҳалқа деструкцияси сабабли унда йиртиқ тешиклар пайдо бўлади. Ушбу тешиклардан пулпоз ядронинг ташқарига силжишига диск протрузияси деб айтилади. Диск протрузияси ёки чурраси энг кўп пайдо бўладиган жойлар – бел-думғаза соҳасида L4-L5, L5-S1 умуртқалар, бўйин соҳасида С4-С5, С5-С6, С6-С7 умуртқалар орасидир. Аммо посттравматик остехондрозда диск чурраси умуртқа поғонасининг бошқа жойларида ҳам кузатилади.
Остеохондроз сабабли атрофдаги нерв тўқималари ва қон томирлари зарарланишининг ўзига хос механизмлари бор. Патологик жараён умуртқа поғонасининг турли жойида турлича кечади. Масалан, орқа узун бойламнинг бўйин қисми жуда зич тузилганлиги ва пишиқлиги сабабли умуртқа поғонасининг бўйин қисмида дискнинг орқага силжиши жуда кам кузатилади. Шунинг учун ҳам бўйин қисмида диск кўпинча латерал ёки дорсолатерал томонга силжийди. Агар бўйин умуртқалари ён томонидан остеофитлар ўсиб чиқса, улар canalis vertebralis томон ўсади ва уни торайтириб қўяди. Бу эса бўйинни турли томонларга бурганда, умуртқа артериясининг эзилиши ва вертебробазиляр системада қон айланишининг бузилишига сабаб бўлади. Умуман олганда, бўйин остеохондрози вертебробазиляр системада қон айланишининг ўткир ва сурункали бузилишларини юзага келтирувчи жиддий этиологик омилдир.
4.17-расм. Соғлом умуртқа поғонаси.
4.18-расм. Дискнинг умуртқа каналига силжиши.
Диск чурраси турлари. Умуртқалараро дискнинг силжишига қараб, унинг қуйидаги турлари фарқланади:
- Диск протрузияси – диск чуррасининг бошланғич босқичи бўлиб, силжиган дискнинг пулпоз ядроси фиброз ҳалқани деструкцияга учратади, бироқ унинг ташқи каватини ҳали тешиб ўтмайди.
- Диск чурраси – силжиган дискнинг пулпоз ядроси ёки унинг бўлаклари фиброз ҳалқани тешиб ўтади.
- Диск пролапси – диск ёки унинг бир қисми ўз ўрнидан бутунлай кўчиб, умуртқа каналига тушади ва дискнинг асосий қисми билан алоқа узилади. Бу ҳолатлар турли расмларда келтириб ўтилган.
4.19-расм. Диск чурраси. (L5-S1 умуртқалари орасидаги диск умуртқа каналига силжиб тушган ва спинал илдизчани босиб қўйган. L5 умуртқа олдинга силжиган (антеролистез).
Қайси томонга силжиганига қараб, олдинги ва орқа диск чурралари фарқланади. Олдинги (вентролатерал) чурра – фиброз ҳалқа ва олдинги узун бойламни тешиб ўтиб, умуртқа каналининг олд-ён томонига силжиган Диск чурраси диск. Орқа чурра – фиброз ҳалқанинг орқа қисми ва орқа узун бойламни тешиб ўтувчи диск: а) ён (латерал) – умуртқалараро тешик (фораминал) томонга силжиб, у ердан ўтадиган спинал илдизчаларни эзиб қўювчи; б) ўрта (медиал) – орқа узун бойламни тешиб ўтиб, умуртқа каналига тушувчи ва орқа мияни эзиб қўювчи; в) парамедиал – ҳам фораминал тешик, ҳам орқа мия томон силжиб медиал жойлашган диск. Парамедиал жойлашган диск чурраси орқа мия, спинал илдизчалар ва шу атрофдаги қон томирларни бирваракайига босиб (эзиб) қўйиши мумкин.
4.20-расм. Нормал диск ва диск чурраси.
Клиникаси. Остеохондрознинг энг кўп учрайдиган клиник симптомлари ёки асоратлари – бу спинал илдизчалар зарарланиши ёки эзилиши. Бу ҳолатни юзага келтирувчи асосий омиллар дискнинг деструкцияга учраши, юпқалашуви ва ўз ўрнидан силжиши ҳисобланади. Деструкцияга учраган дискнинг ҳажми кичраяди ва юпқалашади. Бунинг натижасида юқорида жойлашган умуртқа суяги пастдаги умуртқа суяги устига "ўтиради". Оқибатда умуртқалараро бўшлиқ кичраяди ва охир-оқибат орқа мия илдизчалари эзила бошлайди. Бу даврда радикуляр оғриқлар пайдо бўлади ёки кучаяди. Параллел тарзда орқа мия ва унинг атрофидаги тўқималарни қон билан таъминловчи томирлар ҳам эзилади.
Остеохондрозда кузатиладиган оғриқларни (баъзан кучли) диск чуррасининг бевосита спинал илдизчаларни босиши билан боғлаш ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Бу оғриқлар диск чурраси спинал илдизчаларни эзиб қўйишидан анча илгари пайдо бўлади. Улар қандай юзага келади? Остеохондрозда пайдо бўлган дастлабки оғриқ фиброз ҳалқа ва орқа узун бойламда жойлашган синувертебрал нервлар қўзғалиши билан боғлиқ. Синувертебрал нервлар симпатик толаларга бой бўлади. Умуртқалараро диск, фиброз ҳалқа ва орқа узун бойламда рўй бераётган ҳар қандай патологик жараён маҳаллий оғриқ билан намоён бўлади. Демак, оғриқ пайдо бўлди, дегани спинал илдизчалар эзилди, дегани эмас. Агар оғриқ кузатилган беморни текширганда спинал илдизчалар зарарланиши учун хос бўлган объектив неврологик симптомлар топилмаса, демак, спинал илдизчалар эзилмаган ёки зарарланмаган бўлиши мумкин. Ҳатто оғриқнинг спинал илдизчалар бўйлаб тарқалиши ҳам баъзида рефлектор хусусиятга эга бўлади. Бундай ҳолатларда рефлектор синдром ҳақида сўз кетади, яъни атрофдаги патологик ўзгаришлар сенсор нерв толалари бўйлаб (шу жумладан, симпатик толалар) спинал илдизчаларга тарқалади. Бунинг натижасида рефлектор этиологияли оғриқлар ва, ҳатто, мушаклар спазми вужудга келади. Шунингдек, диск дегенерациясида паравертебрал симпатик ганглиялар ҳам таъсирланади. Булар эса симпаталгиялар, яъни ачиштирувчи ва куйдирувчи оғриқларни юзага келтиради.
Бўйин остеохондрози клиникаси. Бўйин остеохондрози кўп учрайдиган касалликлардан бири бўлиб, асосан, радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади. Бу оғриқлар бошни турли томонларга бураганда кучаяди ёки пайдо бўлади. Бўйин соҳасида кузатиладиган оғриқларга цервикалгия дейилади. Агар оғриқ энса ва бўйин соҳасида рўй берса, унга краниоцервикалгия деб аталади. Оғриқлар нафақат бўйин, елка ва энса соҳасида, балки қўл ва бармоқларга ҳам тарқалади. Ён остеофитларнинг ўсиши, умуртқалараро бўшлиқнинг кичрайиши ва умуртқаларнинг ўз ўрнидан силжий бошлаши (спондилолистез) а. vertebralis деформациясига олиб келади. Бу эса вертебробазиляр системада қон айланишининг ўткир ва сурункали бузилишларига сабаб бўлади. Агар цервикалгия билан биргаликда бош айланиши ва координация бузилишлари ҳам пайдо бўлса, демак а. vertebralis эзилган. Бироқ уни МРТ текшируви орқали тасдиқлаш керак.
Дискоген радикуляр синдром ёки радикулопатиялар. Барча спинал илдизчаларнинг зарарланиши ёки эзилиши учун ҳаракат, сезги ва рефлектор бузилишлар хос. Касаллик клиникаси қай тарзда намоён бўлиши қайси спинал илдизчанинг зарарланишига кўп жиҳатдан боғлиқ (4.1-жадвал).
4.1-жадвал
Умуртқалараро диск чуррасининг клиник белгилари
Клиник белгилар |
Тавсифи |
Ўткир радикуляр оғриқлар |
Асосан, касаллик ўткир ривожланган ҳолатларда кузатилади ва кўпинча оғир юк кўтаргандан ёки ноўрин ҳаракатлар қилиб қўйгандан сўнг пайдо бўлади. |
Сезги бузилишлари |
Радикуляр типда гиперестезиялар, кейинчалик гипестезиялар пайдо бўлади. Сезги бузилишлари соҳаси оғриқ кузатилаётган соҳалардан кам жойни эгаллайди. |
Тортиб текшириш симптомлари |
Зарарланган илдизчалар соҳасида аниқланади. |
Ҳаракат бузилишлари |
Диск чурраси учун яққол ифодаланган фалажликлар хос эмас. Ҳаракат, одатда, оғриқ сабабли чегараланган бўлади. Фалажликлар кеч ривожланади ёки улар пайдо бўлгунга қадар беморга тиббий ёрдам кўрсатилади. |
Мускуллар атрофияси |
Одатда, енгил ифодаланган бўлади. |
Рефлекслар бузилиши |
Пай рефлекслари пасаяди ёки сўнади. |
Умуртқа поғонаси деформацияси |
Бўйин соҳасида бўйин қийшайиши, бел-думғаза соҳасида, одатда сколиоз кузатилади. |
Бўйин илдизчалари зарарланиши синдромлари
С1 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча умуртқа артерияси эгатида ётади. Унинг зарарланиши кам учрайди. Турли жароҳатлар сабабли атлант ўз ўрнидан силжиса ёки краниовертебрал аномалияларда (Киммерле аномалияси) С1 илдизча зарарланиши мумкин. Клиник белгилари бошнинг тепа соҳасида оғриқ ва сезги бузилишларидан иборат.
С2 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча зарарланиши кам учрайди. С1 краниовертебрал аномалиялар, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Клиникаси бошнинг тепа ва энса қисмида оғриқ ва сезги бузилишларидан иборат.
С3 илдизча зарарланиши. Ушбу илдизча асосан С2-3 умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар, бўйин жароҳатлари ва яллиғланиш касалликларида зарарланади. Бўйин соҳасида сегментар типда сезги бузилишлари ва оғриқлар билан намоён бўлади. Шунингдек, дизартрияга ўхшаш ҳолатлар ва тилости мускуллари гипотрофияси ва фалажлиги кузатилиши мумкин. Бунинг натижасида бемор овқатни беўхшов чайнайди, чайналган овқатни оғизнинг орқа томонига итаришга қийналади. Бундай симптомларнинг пайдо бўлиши С3 илдизчасининг XII нерв тармоқлари билан анастомози борлиги билан изоҳланади.
С4 илдизча зарарланиши. Асосан, С3-4 умуртқалараро диск чурралари, остеофитлар ва бўйин умуртқалари жароҳатларида зарарланади. Елка камари устида ва ўмров суяги соҳасида оғриқ ва сегментар типда сезги бузилишлари билан намоён бўлади. Камарсимон, трапециясимон ва куракни кўтарувчи мускуллар атрофияси ва гипотонияси кузатилади. Диафрагма нерви толалари С4 илдизча толалари таркибида ўтганлиги учун нафас олиш бузилиши, дисфония ва ҳиқичоқ каби симптомлар пайдо бўлиши мумкин.
C5 илдизча зарарланиши. С4-5 умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Елка усти ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилиши ва оғриқлар пайдо бўлади. Оғриқ бўйиндан елкага ўтади ва унинг ташқи юзаси бўйлаб тарқайди. Делтасимон мускул кучи пасаяди ва унинг гипотрофияси вужудга келади.
C6 илдизча зарарланиши. С5-6 умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва турли хил жароҳатларда зарарланади. Елка устида ва елканинг ташқи юзаси бўйлаб сегментар типда сезги бузилади. Оғриқ бўйин, курак, елка соҳасининг ташқи юзаси бўйлаб тарқалиб, билакнинг олдинги қисмига ўтади ва биринчи бармоққача тарқайди. Оғриқ кузатилган соҳада (n. radialis соҳаси) парестезиялар ҳам пайдо бўлади. Бу оғриқлар бошни ён томонларга бурганда кучайиши мумкин. Икки бошли мускул гипотрофия, гипотония кузатилади ва унинг кучи пасаяди. Бицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади.
С7 илдизча зарарланиши. С6-7 умуртқалараро диск чурраси, остеофитлар ва турли хил жароҳатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйиндан куракка, ундан билакнинг ташқи-орқа юзаси бўйлаб тирсакнинг орқа томонига тарқалиб, 2 ва 3-бармоқларгача етиб боради. С7 дерматомаси соҳасида сезги бузилади. Баъзан фақат шу бармоқларнинг ўзида оғриқ ва парестезиялар кузатилади. Уч бошли мускул кучи пасаяди, унда гипотрофия ва гипотония вужудга келади. Трицепс рефлекс пасаяди ёки йўқолади.
С8 илдизча зарарланиши. С7-Т1 диск чурраси, остеофитлар ва бошқа жароҳатланишларда зарарланади. Оғриқ бўйин ва елка соҳасидан қўлнинг орқа томони бўйлаб 5-бармоққача тарқалади. Ушбу соҳаларда, яъни С8 дерматомасида гипестезия кузатилади. Қисман уч бошли мускул гипотрофияси ва гипотенар атрофияси пайдо бўлади. Трицепс рефлекс бироз пасаяди.
Бел ва думғаза илдизчалари зарарланиши синдромлари
L4 илдизчаси зарарланиши. Одатда L3-L4 диск чурраси оқибати ҳисобланади. Оғриқ ва парестезиялар соннинг олдинги ва ичкари юзаси бўйлаб тарқалиб, баъзида тиззагача тарқалади. Сон нерви бўйлаб босиб текширганда оғриқли нуқталар аниқланади, айниқса, чов бойлами соҳасида. Соннинг тўрт бошли мускулида гипотрофия ва гипотония вужудга келади. Тизза рефлекси пасаяди, бироқ сўнмайди.
L5 илдизчаси зарарланиши. Одатда, L4-L5 диск чуррасида кўп зарарланади. Умуртқалараро диск чурралари ичида L4-L5 диск чурраси жуда кўп учрайди, яъни учраши бўйича биринчи ўринда туради. Бел соҳасида пайдо бўлган оғриқ соннинг ташқи, болдирнинг олдинги ва ташқи юзаси бўйлаб тарқалиб, оёқ панжасининг устки ва ички юзасига ўтиб олади. Оғриқ шу йўналишда оёқ панжасининг биринчи бармоғигача тарқайди. Эрб нуқталари бўйлаб оғриқ аниқланади. Баъзида оғриқ оёқ панжасида пайдо бўлади ва у енгил ҳаракатларда ҳам, йўталганда ҳам кучаяди. Гоҳида Ласег симптоми аниқланади.
Деярли ҳар доим бош бармоқни ёзувчи узун мускул (m. extensor hallicus longus) фалажланади. Болдирнинг олдинги катта мускули (m. tibialis anterior) гипотрофияси ва енгил фалажлиги аниқланади. Агар ушбу мускулда фалажлик яққол ифодаланган бўлса, демак L4 илдизча ҳам зарарланган. Бу худди n. peroneus невропатиясига ўхшаш клиникани беради, яъни оёқ панжаси осилиб қолади.
St илдизча зарарланиши. L5-S1 диск чуррасида кўп зарарланади. Бу соҳада диск чурраси учраши бўйича иккинчи ўринда туради. Касаллик, одатда, радикуляр оғриқлар билан бошланади ва люмбаго ёки люмбои-шиалгия кўринишида намоён бўлади. Оғриқлар бел-думғаза соҳасидан думбанинг орқа соҳаси, соннинг орқа-латерал юзаси, болдир ва оёқ панжасининг ташқи юзаси бўйлаб 5-бармоққа тарқайди. Болдирнинг орқа юзаси ва оёқ панжасининг ташқи юзаси бўйлаб радикуляр типда гипестезия ҳам кузатилади. Болдирнинг уч бошли мускулида гипотрофия ва гипотония аниқланади. Бемор товони билан тик тура олмайди. Ахилл рефлекс пасаяди ёки сўнади. Ласег симптоми пайдо бўлади. Қуймич нерви бўйлаб Эрб нуқталари босиб текширилганда оғриқ аниқланади. Сколиоз ҳам кузатилади, яъни беморнинг гавдаси оғриқ томонга қараб қийшайиб қолади. L5-S1 умуртқалараро диск силжиб умуртқа каналига тушса, сакрал илдизчалар босилиб қолади ва "от думи" синдроми ривожланади.
Ташхис қўйиш алгоритми. Диск чуррасига гумон қилинган беморларни текшириш алгоритмини бел-думғаза умуртқалари диск чурралари мисолида келтириб ўтамиз.
А) Клиник симптомлар
- Аниқ чегараланган ва иррадиация қилувчи радикуляр оғриқлар.
- Радикуляр типдаги сезги бузилишлари.
- Нери, Ласег ва Вассерман каби симптомлар аниқланиши.
- Эрб нуқталарида оғриқлар аниқланиши.
- Бел лордозининг силлиқланиши, сколиоз.
- Оғриқ сабабли ҳаракатларнинг чегараланиши.
- Паравертебрал соҳада оғриқли нуқталар пайдо бўлиши.
- Мускуллар гипотрофияси ва гипотонияси.
- Пай рефлексларининг пасайиши ёки сўниши.
Б) Рентгенография. Рентгенография ёрдамида умуртқа поғонаси деформацияси (лордознинг силлиқланиши, сколиоз), умуртқалараро ёриқнинг торайиши, спондилёз, спондилоартроз каби ўзгаришлар аниқланади.КТ ва МРТ текширувлари эса ташхисга янада ойдинлик киритади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев