ТИББИЙ ПСИХОЛОГ – У КИМ?
Савол: Тиббий психолог ким? Уларни қаерда тайёрлашади?
Жавоб: Тиббий психолог – психология бўйича махсус тайёргарликка эга врач. Тиббий психолог бўлиш учун аввал тиббиёт институтларининг даволаш йўналиши бўйича факультетларни тугатиш керак. Сўнгра талабалар “Тиббий психология” бўйича уч йиллик магистратурада ёки икки йиллик клиник ординатурада таҳсил олишади.
Савол: Тиббиёт психологияси бўйича магистратурани тугатганлар қаерда ишлашади?
Жавоб: Улар “Тиббий психология” бўйича мутахассис бўлишади ва республикамизнинг барча шифохоналари ҳамда илмий марказларда “врач-психотерапевт”, “врач-нейропсихолог”, “врач-психоневролог” бўлиб фаолият кўрсатишади. Магистратурани аъло баҳоларга тугатганлар ва хориж тилларини мукаммал биладиганлар “Тиббий психология” бўйича очиладиган кафедралар, илмий лабораториялар ва психосоматик бўлимларда фаолият кўрсатишади.
Савол: Психосоматик бўлимлар қаерларда очилади ва у ерда қандай беморлар даволанишади?
Жавоб: Яқин келажакда Тошкент шаҳридаги йирик илмий-тиббий марказлар, тиббиёт институтлари клиникалари ва вилоят клиник шифохоналарида “Психосоматик бўлимлар” очилиши режалаштирилган. Бунинг учун “Тиббий психология” бўйича магистратура ва клиник ординатурани тугатган мутахассислар етарли бўлиши керак. Бу бўлимларда психосоматик бузилишлар аниқланган беморлар даволанишади.
Савол: Психосоматик бузилишларга нималар киради?
Жавоб: Кучли ёки доимий руҳий жароҳатлар сабабли инсон организмида турли хил касалликлар ривожланади. Масалан, бош оғриқлар, бош айланишлар, юрак санчишлари, ошқозон соҳасида оғриқлар, бўғимларда оғриқлар, жинсий заифликлар ва ҳоказо. Бундай белгиларни врачлар баъзан ҳақиқий касаллик сабабли ривожланган деб ўйлашади. Бунинг оқибатида доимо боши оғрийдиган беморга “миянинг ички босими ошган”, боши айланадиган беморга “камқонлик” ёки “мияда қон айланиши етишмовчилиги”, бўғимлари оғрийдиган беморга “бод касаллиги”, юраги оғрийдиган беморга “юрак касаллиги” деб ташхис қўйишади. Уларни аслида тиббий психолог даволаши керак. Мен бу ерда бир нечта психосоматик бузилишларни келтириб ўтдим, холос. Уларнинг тури 700 дан ошиқ.
Савол: Психосоматик бузилишлар шу қадар кўп учрайдими?
Жавоб: Жуда кўп! Барча касалликларнинг 70 фоизи – булар психосоматик бузилишлар. Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларнинг тиббиёт марказларида фаолият кўрсатувчи тиббий психологлар сони врачлар сонидан икки баробар кўп. Бу мамлакатларда беморнинг шикояти қандай бўлишидан қатъи назар, улар тиббий психолог кўригидан ўтишади. Тиббий психолог ҳам худди невропатолог ва психиатр каби юқори малакали врач ҳисобланади. Шу боис уларни магистратура ва клиник ординатура орқали тайёрлашади.
Савол: Депрессия ва психозларни (руҳий қўзғалишлар) энди тиббий психологлар даволашадими?
Жавоб: Авваллари бундай беморларни психиатрлар даволашган. Энди уларни тиббий психологлар ҳам даволашади. Тиббий психологлар руҳий касалликлар шифохонасида ва психоневрологик диспансерларда психиатрлар билан ҳамкорликда ишлашади. Улар наркологик диспансерларда ҳам мустақил равишда фаолият кўрсатишади. Депрессия билан касалланган беморларни даволаш эса уларнинг бевосита бурчидир.
Савол: Тиббий психолог бош миянинг оғир яллиғланиш касалликларини ўтказган беморларни даволашга ҳақлими?
Жавоб: Албатта ҳақли. Чунки менингит, менингоэнцефалит ва энцефалит каби оғир касалликларда нафақат ҳаракат ва сезги бузилишлари, балки олий руҳий функцияларнинг бузилишлари ҳам кузатилади. Нутқ, хотира, тафаккур, ҳиссиёт ва хулқ-атвор бузилишлари ушбу касалликларда жуда кўп учрайди. Ушбу бузилишларни ривожланган хориж давлатларида невропатологлар эмас, балки тиббий психологлар (нейропсихологлар) даволашади. Тиббий психологлар бош мия фаолиятини яхшиловчи дори-дармонлар ҳамда психотерапия усулларини параллел тарзда қўллайди.
Савол: Инсульт касаллиги-чи?
Жавоб: Кўпчилик инсульт касаллигини фақат невропатолог даволайди деб ўйлайди. Бу фикр қисман тўғри, холос. Инсульт энди ривожланган пайтда уни невропатолог, реаниматолог, ангиохирург ёки нейрохирург даволайди. Агар инсульт ҳушнинг бузилиши билан намоён бўлса, бемор реанимация бўлимига ётқизилади. Агар инсульт бўйин қон томирлари тиқилиб қолиши сабабли рўй берса, бемор ангиохирургия (ангионеврология) бўлимида операция қилинади. Мабодо, мияга қон қуйилса, бемор зудлик билан нейрохирургия бўлимига олиб борилади ва операция қилинади.
Ушбу мутахассислар ёрдамидан кейин беморни невропатолог ва тиббий психолог кузатувга олади. Невропатолог ҳаракат ва сезги бузилишларини тиклаш билан шуғулланса, тиббий психолог (нейропсихолог) олий руҳий функциялар, яъни нутқ, хотира, тафаккур ва ҳиссиёт бузилишларини бартараф этиш билан шуғулланади. Мия инсультларида ҳаракат ва сезги бузилишлари 30 % га яқин бўлса, олий руҳий функциялар бузилиши 70 % дан ошади. Бу дегани мия инсультини ўтказган бемор 70 % вақтини тиббий психолог (нейропсихолог) билан ўтказади. Тиббий психолог беморга мия фаолиятини яхшиловчи барча дори-дармонларни мустақил равишда тавсия этади ва психотерапия муолажаларини кенг қўллайди. Албатта, беморни қайта ҳаётга қайтаришда реабилитолог хизмати ҳам жуда зарур. Реабилитолог – бузилган функцияларни қайта тикловчи врач дегани. Реабилитологлар – неврология ва тиббий психология илмини мукаммал биладиган мутахассислардир.
Савол: Нейропсихологларни қаерда тайёрлашади?
Жавоб: Нейропсихолог – неврология ва психология илмини чуқур биладиган мутахассис. Нейропсихологлар тиббий психология кафедраларида етишиб чиқишади. Психологиянинг бошқа йўналишларидан фарқли ўлароқ, уларга неврология илмидан чуқур сабоқ берилади. Чунки неврологияни билмасдан туриб, нейропсихолог бўлиш мумкин эмас. Нейропсихологнинг амалий тиббиётдаги асосий қуроли – бу психологик усуллардир.
Савол: Тиббий психолог беморни КТ, МРТ ва бошқа текширувларга юборишга ҳақлими?
Жавоб: Албатта, ҳақли! Тўғри ташхис қўйиш учун зарур бўлган ҳар қандай диагностика усулларига беморни тиббий психологнинг ўзи юбориши зарур. Масалан, бемордаги психоз (руҳий қўзғалиш) жигар зарарланиши сабабли ривожланди дейлик. Бундай беморни кўрган тиббий психолог жигарни ультратовуш усули билан текширишга юборади, қонда ферментлар миқдорини аниқлайди ва ҳоказо. Шу йўл билан у психоз сабабини излаб топади ва уни бартараф этади. Агар беморга жигар фаолиятини яхшиловчи дорилар берилмаса, психозни ҳам бартараф этиб бўлмайди. Бу ерда терапевтлар ёрдами ҳам керак.
Савол: Психиатрнинг тиббий психологдан нима фарқи бор?
Жавоб: Психиатр шахснинг кескин ўзгариши билан намоён бўлувчи руҳий бузилишларни даволайди. Масалан, шизофрения ва суицид билан намоён бўлувчи руҳий касалликлар. Бундай беморлар ўзига ва атроф-муҳитдагилар ҳаётига хавф солиши мумкин. Психологик усулларни чуқур ўзлаштирган психиатрлар ҳам психиатр, ҳам тиббий психолог бўлиб ишлашади. Психиатрия тиббий психологияга жуда яқин фандир. Тиббий психология физиология, неврология, психиатрия ва фармакология негизида шаклланган фан. Албатта, тиббий психологиянинг илдизи умумий психологияга бориб тақалишини ҳам эсда тутиш лозим.
Савол: Психоневролог ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
Жавоб: Психоневролог – хулқ-атворнинг турли даражада бузилишлари билан намоён бўлувчи касалликларни даволовчи врач. Масалан, невроз, истерия, психоз, фобия, депрессия ва ҳ.к. Демак, бир оз енгил ифодаланган руҳий бузилишларни психоневрологлар даволашади. Психиатрия бўйича махсус курсларни ва магистратурани тугатган мутахассислар психоневролог бўлиб ишлашади. Улар, асосан, психоневрологик диспансерларда фаолият кўрсатишади. Ҳозирда тиббий психология бўйича магистратурани тугатганларга ҳам психоневролог бўлиб ишлаш ҳуқуқи берилган.
Савол: Тиббий психологлар консультатив поликлиникаларда ҳам ишлашадими?
Жавоб: Албатта! Худди невропатолог, кардиолог ва эндокринолог каби тиббий психолог кабинети консультатив поликлиникаларда ҳам очилади. У бошқа врачлар билан бир қаторда беморларни кўрикдан ўтказади, уларга ташхис қўяди ва даволайди.
Мен инсон организмини тиббиётга, унинг аъзоларини эса турли фанларга қиёслайман. Масалан, бош мияни – неврология, юракни – кардиология, кўзларни – офтальмологияга, ўпкани – пулмонология, жигарни – гепатология, суякларни – травматология, буйракларни – урология, эндокрин безларни – эндокринологияга қиёслаш мумкин. Тиббиёт психологиясини эса ўз аҳамияти бўйича инсон териси билан қиёслагим келади. Одамлар ҳар доим ўз мияси, юраги, жигари ва буйракларини асрашга ҳаракат қилишади. Бироқ терига негадир эътибор шу даражада эмас. Тери ҳамма нарсага бардош беради, бутун бир организмни ҳимоя қилиб туради. Одам терисини лойга ҳам ураверади, бехосдан кесиб ҳам олади, хоҳласа энг қимматбаҳо хушбўй ҳидли атирлар сепиб, уни парвариш қилади. Юрак, жигар ва буйракларни операция йўли билан олиб ташлаш, қайта қўйиш мумкин. Бироқ бутун бошли терини шилиб ташлаб бўлмайди. Агар шундай қилинганида нафақат баъзи аъзолар, балки бутун бир организм чириб, йўқ бўларди. Шундай экан, тиббиётни психологиясиз тасаввур қилиш қийин. Психологиясиз тиббиёт терисиз организмга ўхшайди. У жуда хунук бўлиб, тез орада ҳалок бўлади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев