Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ТИК ЁКИ ҚОВОҚ НЕГА УЧАДИ?

ТИК ЁКИ ҚОВОҚ НЕГА УЧАДИ?


Тиклар тез-тез такрорланадиган ва асосан, юз мускулларида кузатиладиган ихтиёрсиз ҳаракатлардир. Тиклар бола ҳаяжонланса кучаяди, эътиборини чалғитса ёки тинчланса камаяди, ухлаганда йўқолади. Тиклар кўзни тез-тез юмиб-очиш, пешонани тириштириш, бурунни тортиш, тилни чиқариб олиш, лаб мускулларида турли ҳаракатлар қилиш каби белгилар билан намоён бўлади. Шунингдек, тиклар сўзлаш учун жавоб берадиган ва нафас олишда иштирок этадиган мускулларда ҳам кузатилади. Бунда тиклар ҳиқичоқ, хўрсиниш, йўталиш, дудуқланиш каби белгилар билан намоён бўлади.

Бўйин мускулларида бўладиган тикларда бошнинг ихтиёрсиз тарзда бир томонга қайрилиши, силкиниши, елка қимирлаб кетиши кузатилади. Одатда, тана мускулларига тарқаладиган бундай тиклар гиперкинезлар деб аталади.

Тиклар аниқланган боланинг хулқ-атворида ҳам кескин ўзгаришлар шаклланади. Одатда, бола хулқ-атворидаги ўзгаришлар тиклар пайдо бўлишидан бир неча ой олдин вужудга келади. Улар инжиқ, йиғлоқи, қўлидаги нарсаларни тушириб юборадиган, бир жойда тинч ўтирмайдиган, овқатни тўкиб ейдиган бўлиб қолишади. Уларнинг ҳуснихати ўзгаради, диққати тарқоқлашиб, ўқишдаги баҳолари пасайиб кетади. Бундай болалар мактабда ёки маҳаллада “Безори бола” лақабини ҳам олади. Хулқ-атвор кескин ўзгарганлиги сабабли ота-онасидан дашном олаверади: “Тўғри ўтир, овқатни тўкмай е, кўзингни очиб-юмаверма ва ҳ.к”. Тиклар яққол кучайгандан кейин ота-она болани врачга кўрсатиш кераклигини сезиб қолади ва одатда, уларда ЛОР аъзолари касалликлари аниқланади, айниқса, сурункали тонзиллитлар. Тикларни зўрлаб ушлаб туришга интилиш ёки болани ҳадеб тергайвериш бу белгиларнинг кучайишига сабаб бўлади. Бундай болалар жаҳлдор, йиғлоқи ва нимжон бўлиб қолишади. Боланинг иштаҳаси йўқолади, қўрқиб уйғонадиган бўлиб қолади.

Баъзида тиклар бош миянинг ички тузилмалари зарарланганда ёки таъсирланганда кузатилади. Бундай ҳолатларда чуқурроқ текширувлар ўтказиш керак бўлади. Қаттиқ қўрқувдан кейин ривожланадиган тиклар психоген тиклар сирасига киради. Одатда, улар узоқ давом этмайди, даволаса тез ўтиб кетади ва асорат қолдирмайди. Бундай болалар невропатолог ёки тиббий психолог назоратида даволанишади.

 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича