Тилости нерви


Нерв ҳақида қисқача маълумот. Тилости нерви (n.hypoglossus, XII нерв) ҳаракат нерви ҳисобланади ва тил мускулларини иннервация қилади. Бу нервнинг понасимон шаклга эга ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмидан бошланиб 3-спинал сегментгача етиб боради (27-рангли расм). Тилости нервининг узунчоқ миядан ва юқори спинал сегментлардан чиққан аксонлари ўзаро қўшилиб ягона нервни (n.hypoglossus) ҳосил қилиб краниал бўшлиқдан canalis hypoglossi орқали чиқади. Ядро фақат бир томонлама кортико-нукулеар иннервацияга эга: чап томондаги ядро бош мия катта ярим шарларининг ўнг томонидан, ўнг томондаги ядро эса чап ярим шардан иннервация қилинади.

Текшириш усуллари

Бунинг учун бемордан тилини чиқариш сўралади. Нормада тил ўрта чизиқда туради ва ҳеч томонга оғмайди. Соғлом одамда тилнинг чап ва ўнг томони бир хил ва симметрик бўлиб, тебранишлар кузатилмайди (37а-расм).

 

   

37 а-расм. Нормада тил ўрта чизиқда туради.

37 б-расм.  Тилости нерви чап томонда зарарланган. Шу томонда тил атрофияга учраб ўша томонга оғган.

 

Тилости нервининг периферик ва марказий фалажликлари фарқланади. XII нерв ядроси ва унинг илдизчалари зарарланса периферик фалажлик ривожланади. Периферик фалажликда тил зарарланган томонга оғади, шу томонда атрофия кузатилади ва фасцикуляциялар (“қайнаётган тил” симптоми) пайдо бўлади. Нутқ ҳам бузилади. Тилости нерви зарарланиши сабабли юзага келган нутқ бузилишига дизартрия деб айтилади. Агар тилости нерви иккала томонда ҳам зарарланса, анартрия ривожланади. Бунда артикуляция бутунлай издан чиқади.

Тилости нервининг марказий фалажлиги кортико-нуклеар йўллар зарарланганда кузатилади. Бунда тил қарама-қарши томонга оғади, бироқ атрофия ва фасцикуляциялар бўлмайди. Бу ҳолатни инсулт рўй берган беморларда кўп кузатиш мумкин. 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича