ТИЛ-ҲАЛҚУМ НЕРВИ НЕВРАЛГИЯСИ
Тил-ҳалқум нерви невралгияси кўп ҳолларда узунчоқ мия соҳасида жойлашган қон томирлар n. glossopharyngeus ни эзиб қўйса ривожланади. Шунингдек, калла суяги жароҳатлари ва унинг базал қисмида жойлашган ўсмалар, метаболик бузилишлар, инфекциялар, интоксикациялар, вазоген ишемиялар невралгия сабабчисидир.
Тил-ҳалқум нерви невралгиясини уч шохли нервнинг 3-шохчаси невралгияси билан қиёслашга тўғри келади. Санчувчи ва куйдирувчи оғриқ хуружлари аввал тилнинг орқа қисми ва томоқ муртакларида пайдо бўлади. Бу оғриқлар ҳалқум соҳасига иррадиация қилади. Оғриқ хуружлари доимо бир томонлама бўлиб, 2 дақиқагача давом этади ва, асосан, гаплашганда, овқатланганда, кулганда, йўталганда, эснаганда, ўткир стрессларда пайдо бўлади ёки кучаяди. Демак, тилнинг қимирлаши ва ютиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлар невралгия чақиради. Шунингдек, шўр, аччиқ, жуда совуқ (масалан, музқаймоқ) ёки жуда иссиқ овқат еганда ҳам оғриқ қўзғалади. Оғриқ хуружларидан сўнг гиперсаливация пайдо бўлади. Шу боис, бундай беморлар овқат ейишдан чўчиб озиб кетади. Баъзида оғриқ хуружлари пайтида АҚБ кескин пасаяди, бош айланади ва ҳатто бемор ҳушидан кетиши ҳам мумкин. Бундай вазомотор реакциялар вужудга келиши оғриқ импульсларининг IX нерв шохчалари бўйлаб мия устунига тарқалиши ва у ердаги вазомотор марказлар фаолиятини тормозлаши билан боғлиқ, деб ҳисобланади. Неврологик статус текширилганда томоқ рефлекси пасайиши ва тилнинг орқа қисмида таъм сезиш дизестезияси (ҳар қандай таъм аччиқдек туюлади) кузатилади.
Қиёсий ташхис. Тилда оғриқ билан намоён бўлувчи бошқа касалликлар ҳам мавжуд. Тил-ҳалқум нерви невралгиясини авваламбор, тил нерви (n. mandibularis шохчаси) невралгияси билан қиёслаш керак. Аммо тил нерви невралгиясида оғриқлар тилнинг олдинги қисмида кузатилади. Психоген глоссалгия неврозда ва ўткир стресслардан сўнг ривожланади. Психоген глоссалгияда оғриқ тилнинг маълум бир қисмида жойлашмайди. Бемор кўпинча тилнинг пастки ёки устки қисми, баъзида тилнинг ҳамма жойи оғриётганидан шикоят қилади. Оғриқлар кучли бўлмайди. Беморнинг фикрини чалғитса, оғриқлар камаяди ёки йўқолади. Гиперсаливация кузатилмайди. Оғриқ пайдо бўлиши беморнинг кайфиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар беморнинг кайфияти тушиб кетса, оғриқ кучаяди, яхши бўлса, йўқолади. Кўп ҳолларда бемор врачга бориб кўринишни пайсалга солиб юради ёки врач ёзиб берган дориларни қабул қилмаса-да, оғриқ сезмайди. Бу ҳолатлар психоген глоссалгия учун хослигини эсда тутиш лозим.
Тилда оғриқлар унинг атрофидаги симпатик толалар таъсирланишида ҳам кузатилади. Куйдирувчи хусусиятга эга бу оғриқлар тил симпаталгияси деб юритилади. Тил симпаталгияси симпатик толаларнинг хирургик жароҳатлари, вирусли инфекциялар, метаболик бузилишлар ва ошқозон-ичак касалликларида кўп учрайди. Тилнинг орқа қисмида оғриқлар n. laryngeus superior ва n. laryngeus recurrens зарарланишларида ҳам кузатилади. Шунингдек, тилда оғриқлар ва парестезиялар бошқа бир қатор касалликларда ҳам пайдо бўлади. Булар – қандли диабет, уремия, лейкемия, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, интоксикация, оғир кечувчи анемиялар, полицитемия, пеллагра, ОИТС, захм, ошқозон-ичак системаси касалликлари (холецистит, яра касаллиги, гиперацид гастрит ва ҳ.к.).
Тил-ҳалқум нерви невропатияси эса кўпинча дифтерия сабабли ривожланади. Бунда оғриқлар кузатилмайди. Тилнинг орқа учдан бир қисмида таъм билиш бузилади. Ҳалқумда анестезия кузатилади, ютқум рефлекслари пасаяди, тилча бир томонга оғиб қолади. Қисман дисфония ва дисфагия кузатилиши мумкин.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев