ТИРСАК НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ
Этиологияси. Тирсак нерви (n. ulnaris) елка суяги, тирсак бўғими ва қўлнинг дистал қисми жароҳатларида кўп зарарланади.
5.6-расм. Тирсак нерви зарарланганда қуш чангалини эслатувчи ҳолат.
Клиникаси. Кафт мускуллари атрофияга учрайди. Айниқса, гипотенар ва кафтнинг суяклараро мускуллари озиб кетади. Тенар камроқ озади. Бармоқларнинг асосий фалангалари орқага қайрилган, ўрта фалангалар эса букилган бўлади, жимжилоқ чеккага сурилиб қолади. Бу ҳолат худди куш чангалини эслатади (5.6-расм). N. medianus зарарланиши учун "маймун панжаси" симптоми хос бўлса, n. ulnaris зарарланиши учун "қуш чангали" симптоми хос. Бу белгилар қиёсий ташхис ўтказиш учун жуда зарур ҳисобланади. Чунки n. ulnaris зарарланганда ҳам худди n. medianus зарарланишидаги каби оғриқлар пайдо бўлади. Бу эса дастлабки ташхис қўйишда врачни иккилантириб қўйиши мумкин. Бироқ, n. ulnaris зарарланганда оғриқлар кучсиз бўлади ва улар, асосан, кафтда жойлашади.
Бемор 1-бармоқни 2-бармоққа, 5-бармоқни 4-бармоққа яқинлаштира олмайди. Кафтни букиш деярли сақланиб қолади. Чунки бу функцияни, асосан, n. medianus бажаради.
Сезги бузилишлари тирсак нерви иннервация қиладиган соҳада кузатилади. Қўлнинг тирсак бўғимидан пастки қисмининг ички юзаси, кафтнинг улнар қисми, 5-бармоқнинг ҳамда 4-бармоқ ярмининг олд ва орқа юзаларида гипестезия кузатилади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев