СОННИНГ ТАШҚИ ТЕРИ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ (ПАРЕСТЕТИК МЕРАЛГИЯ)
Соннинг ташқи тери нерви (n. cutaneus femoris lateralis) L2–L3 бел чигалидан ҳосил бўлади ва фақат сезги толаларидан иборат. Нерв ёнбош мускул (m. iliacus) олдида пастга тушади ва spina iliaca anterior superior етганда чов боғламларининг ташқи тутамларини тешиб ўтиб, соннинг ташқи томонига ўтиб олади. Ушбу нерв сон терисининг олдинги ва ташқи юзасини иннервация қилади.
Этиологияси. Соннинг ташқи тери нерви кўпинча унинг чов боғламларини тешиб ўтиш қисмида зарарланади. Шунинг учун ҳам унинг патологияси туннел невропатия сифатида ўрганилади. Тос суяги жароҳатлари, чов канали соҳасидаги яллиғланиш жараёнлари бу нервнинг зарарланишига сабаб бўлади. Шу жумладан, шим тасмасини пастроқ боғлайдиганлар, тор шим ва тор юбка киядиганларда ҳам бу нервнинг ишемик невропатияси кўп учрайди.
Семиз одамларда қорин осилиб қолиши, чов соҳаси мускуллари кучаниши ҳам туннел невропатия сабабчисидир. Бу ҳолат ҳомиладор аёлларда, оғир юк кўтариш билан боғлиқ кучли жисмоний зўриқишлар ва нотўғри спорт машқларида кузатилади. Ҳомиладор аёлларда парестетик мералгия, одатда, туққандан кейин ўтиб кетади. Чаноқ-сон бўғимини ўраб турадиган гипслар ҳам этиологик омиллардан биридир. L2–L3 умуртқалар орасидаги диск чурралари ҳам невралгияни келтириб чиқаради. Шунингдек, доимий тарзда тамаки чекиш ҳам касалликнинг этиологик омили ҳисобланади. Муттасил равишда тамаки чекадиган машҳур психоаналитик З. Фрейд ҳам парестетик мералгиядан азият чеккан.
Клиникаси. Асосий клиник симптоми соннинг олдинги-ташқи юзаси бўйлаб парестезия ва ачиштирувчи оғриқлар бўлиб, уни парестетик мералгия деб ҳам аташади. Юнонч. meros – сон дегани. Парестезия ва оғриқлар хуружсимон тарзда пайдо бўлади. Оғриққа қараганда увишиш, ачишиш, жимирлаш каби ёқимсиз парестезиялар кўп кузатилади. Улар тик турганда ва юрганда кучаяди, ётганда эса камаяди, ҳатто йўқолади ҳам. Зарарланган жойда енгил гипестезия учрайди. Рефлекслар ўзгармайди. Касаллик белгилари бир зўрайиб, бир сусайиб туради. Тўсатдан тузалиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев