Рейно синдроми


Рейно синдроми – периферик артерияларнинг пароксизмал спазми сабабли қўл панжаларида (кам ҳолларда, оёқ панжаларида) пайдо бўладиган ишемик синдром. Периферик артериялар спазми, асосан, совуқ таъсирида ёки эмоционал стресс сабабли пайдо бўлади. Спазм пайтида панжа ва бармоқлар оқариб кетади. Спазм ўтиб кетгандан сўнг цианоз ривожланади. Цианоз ривожланиши капилляр ва веналарнинг кенгайиши билан боғлиқ.  Рейно синдромининг тарқалганлиги умумий популяцияда 3-5 % ни ташкил қилади. Касаллик 20-40 ёшларда, баъзида ўсмирлик ёшида ҳам бошланади. Эркакларга қараганда аёллар 5 баробар кўп касалланишади.

Этиологияси ва патогенези. Рейно синдромининг идиопатик ва симптоматик турлари фарқланади. Идиопатик Рейно синдроми 70-80 % ни ташкил қилади ва у Рейно касаллиги деб аталади Рейно касаллиги сабаби ҳанузгача номаълум. Унинг ривожланишида наслий омилларга катта урғу берилади. Рейно касаллигида периферик артериялар зарарланмайди, балки уларни иннервация қилувчи вегетатив марказлар дисфункцияси кузатилади.

Симптоматик (иккиламчи) Рейно синдроми бошқа бир кассалликларнинг клиник синдроми сифатида намоён бўлади. Симптоматик Рейно синдроми 20-30 % ни ташкил қилади. Бу синдром, кўпинча бириктирувчи тўқима касалликлари (СҚБ, склеродермия) ва периферик артериялар патологияси (облитерацияловчи артериит), специфик вирусли инфекциялар, туннел синдромлар, эндокрин касалликлар ва вибрацион касаллик сабабли ривожланади. Қон томирларни иннервация қилувчи симпатик марказлар ёки периферик артерияларнинг бевосита зарарланиши билан кечувчи ҳар қандай касалликлар Рейно синдромини юзага келтириши мумкин. Ўмровости ёки елка артериялари стенози бир томонлама Рейно синдромига сабабчи бўлади.

Клиникаси. Рейно синдроми хуружлари 3 босқичда намоён бўлади.

1-вазоспазм хуружлари босқичи. Тўсатдан пайдо бўлган вазоспазм сабабли қўл панжалари ва бармоқлар оқариб кетади ва жуда совуқ бўлади. Вазоспазм хуружини бемор қуйидагича таърифлайди: “Қўлларим тўсатдан оқ мармардек оқариб, музлаб қолади ва увишиб қаттиқ оғрийди. Қўлларимни совуқ сувга урсам, бу хуружлар дарров пайдо бўлади”. Беморнинг бундай шикоятлари Рейно синдроми учун жуда хос. Симптомлар симметрик тарзда намоён бўлади. Вазоспазм хуружлари оёқ панжалари, бурун-лаб атрофи ва қулоқларда ҳам кузатилади. Улар қаерда кузатилса, ўша ерда оғриқ ва парестезиялар пайдо бўлади. Вазоспазм хуружи 15-30 дақиқа давом этади, баъзида бир соатгача чўзилади. 

2-маҳаллий цианоз босқичи. Вазоспазм босқичи ўтгач, маҳаллий қон айланиш яна тикланади, оғриқ ва парестезиялар барҳам топади. Бироқ вазоспазм хуружи пайтида ривожланган ишемик гипоксия ва териости веналари парези сақланиб қолади. Бунинг натижасида аввал оқарган жойларда цианоз пайдо бўлади, яъни тери кўкимтир-сиёҳранг тусга киради.

3-гиперемия босқичи. Бироз вақт ўтгач, тери кўкимтир-сиёҳ рангдан кўкимтир-қизғиш тусга киради, яъни маҳаллий гиперемия ривожланади. Бунинг сабаби – артерияларнинг кенгайиши ва кислородга бой бўлган қоннинг оқиб келишидир. Гиперемия кузатилган соҳаларда пулсация қилувчи оғриқлар вужудга келади.

Шундай қилиб, Рейно синдроми хуружлари тери рангининг 3 босқичли ўзгаришлари билан намоён бўлади, яъни оқариш – кўкариш – қизариш. Типик тарзда кечувчи Рейно синдромида тери ранги 3 босқичда ўзгаради. Ҳатто тери рангининг 3 босқичли ўзгаришига қараб, Рейно синдроми ташхиси ҳеч қандай гумонсиз қўйилади:

  • совуқ таъсири остида дастлаб тери ранги оқарса (1-босқич), кейин цианотик тусга кирса (2-босқич) ва ундан сўнг гиперемия (3-босқич) ривожланса – бу аниқ Рейно синдроми.
  • совуқ таъсири остида дастлаб тери ранги оқарса (1-босқич), кейин цианотик тусга кирса (2-босқич) ёки фақат оқариш кузатилса – бу Рейно синдроми бўлиши мумкин.

Қиёсий ташхис. Қиёсий ташхис, асосан, облитерацияловчи эндартериит, қорин аортаси касалликлари, васкулитлар, вегетосенсор полиневропатиялар, периферик вегетатив етишмовчилик, токсик-метаболик ангионейропатиялар ва бириктирувчи тўқиманинг систем касалликлари билан ўтказилади. Рейно синдроми ушбу касалликларнинг клиник синдроми сифатида намоён бўлиши ҳам мумкин.  

Давоси. Рейно синдроми этиологияси қандай бўлишидан қатъи назар беморларга қуйидаги кўрсатмалар берилади.

  • Совуқда қолиб кетмаслик, яшайдиган ва ишлайдиган жойларнинг иссиқ бўлишини таъминлаш. Совуқ сувга қўл урмаслик, сой ёки совуқ ҳовузларда чўмилмаслик.
  • Иссиқ кийиниш, иссиқ пайпоқ кийиш ва қўлқоп тақиб юриш.
  • Чекиш, спиртли ичимликлар ва кофеин сақловчи ичимликлардан воз кечиш.
  • Эмоционал стресслардан ўзини эҳтиёт қилиш.
  • Вазоспазм хуружи пайтида қўлларни илиқ сувда ювиш ёки бир-бирига ишқалаш ёки қўлтиқ остига тиқиб иситиш ва ҳ.к.
  • Вазоконстрикция чақирувчи дорилар, яъни симпатомиметиклар, клонидин, эрготаминларни қабул қилмаслик.

Бемор юқорида кўрсатилган тавсияларга амал қилса, Рейно синдроми хуружлари анча енгил кечади.

Дорилар билан даволаш. Асосан, вазодилататорлар ва гемокоагуляцияни яхшиловчи дорилар тавсия этилади. Калций каналларини қамалга олувчи дорилар юқори даражада вазодилатация таъсирига эга. Бу мақсадда нифедипин ва амлодипин каби дорилар танланади. Нифедипинни 10-20 мг дан кунига 3 маҳал ичиш буюрилади. Нифедипин тез таъсир қилувчи хусусиятга эга. Бу дори вазоспазмни 15-20 дақиқа ичида бартараф этади. Нифедипинни профилактик дозаларда қабул қилиб юриш совуқ таъсири остида юзага келадиган вазоспазм хуружларининг олдини олади.

. Шунингдек, амлодипин 5-10 мг, исрадипин 2,5-5 мг ва фелодипин 10 мг каби дорилар ҳам самаралидир. Вазоконстрикцияни бартараф этиш учун симпатолитиклардан (празозин) ҳам фойдаланилади. Простагландинлар (алпростадил, илопрост) ҳам антиагрегант, антиоксидант ва вазодилатация қилувчи таъсирга эга бўлганлиги учун Рейно синдромида кўп қўлланилади. Алпростадил (вазапростан) 20-40 мкг миқдорда натрий хлорнинг 200 мл физиологик эритмасида 10 кун мобайнида венадан томчилатиб юборилади. Вазопростан узоқ вақтгача вазоконстрикцияни бартараф этади ва олдини олади.

Пентоксифиллин (трентал) кучли антиагрегация ва енгил вазодилатация хусусиятига эга. Пентоксифиллин 200-300 мг дан натрий хлор ёки глюкозанинг физиологик эритмасида венадан томчилатиб юборилади. Кейин уни 1-2 ой мобайнида ичиш учун буюрилади. 

Рейно синдромида, умуман периферик артериялар спазмида ксантинол никотинат ҳам кўп қўлланилади. Бу дори венадан томчилатиб юборилиши, мушак ичига қилиниши ёки таблетка кўринишида узоқ вақт ичиш тавсия этилиши мумкин. Ксантинол никотинат вазоспазмни бартараф этади, периферик қон айланишни меъёрлаштиради, артериялар метаболизмини яхшилайди. Дори 10-15 кун мобайнида инъекция кўринишида тавсия этилади, кейин эса 150 мг ли табл. кунига 3 маҳал ичишга буюрилади.

Хирургик даволаш. Консерватив даволаш муолажалари самарасиз бўлса, хирургик усуллар, яъни локал дигитал симпатэктомия ўтказилади. Бироқ симпатэктомия ҳар доим ҳам кўзланган натижани бермайди.

Прогноз. Бироқ бирламчи ва иккиламчи Рейно синдромларида прогноз  турлича бўлиши мумкин. Рейно синдроми узоқ йиллар давом этувчи сурункали касаллик бўлиб, беморнинг нормал ҳаёт кечириши учун анча қийинчилик туғдиради. Соғлом турмуш тарзига амал қилиб, врач назоратида турган беморда касаллик енгил кечади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича