ПАРЦИАЛ (ФОКАЛ) ХУРУЖЛАР
Бош мия катта ярим шарларида пайдо бўлган локал эпилептоген ўчоқлар сабабли ривожланган эпилептик хуружларга парциал эпилептик хуружлар деб айтилади. Парциал хуружларда бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида патологик ўчоқ ҳар доим аниқланади. Парциал хуружлар бош миянинг локал зарарланишлари сабабли юзага келганлиги учун ҳам у локал (фокал) эпилептик хуружлар деб ҳам аталади. Парциал эпилептик хуружлар барча эпилептик хуружларнинг деярли 60 % ини ташкил қилади. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, «парциал» ва «локал хуружлар» ўрнига «фокал хуружлар» атамасини қўллаймиз.
Фокал хуруж турлари
- Оддий фокал хуружлар – ҳуши сақланган ҳолда намоён бўлувчи фокал хуружлар.
- Мураккаб фокал хуружлар – ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи фокал хуружлар.
- Иккиламчи-тарқалган хуружлар – оддий ёки мураккаб фокал хуружлар билан бошланиб тарқалган хуружларга ўтиб кетувчи ҳолатлар.
Оддий фокал хуружлар. Оддий фокал хуружлар мотор, сенсор, вегетатив ва руҳий бузилишлар билан намоён бўлади. Бемор ҳушини йўқотмайди ва бўлаётган хуружларни ўз кўзи билан кўриб туради. ЭЭГ да эпилептоген ўчоқ соҳасида локал эпилептик фаоллик аниқланади. Бироқ хуружлараро даврда эпилептик фаоллик ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Асосий биоэлектрик фаоллик касаллик этиологиясига боғлиқ ҳолда турли даражада ўзгаради.
Фокал мотор хуружлар - олдинги марказий пушта таъсирланганда кузатилаган хуружлар. Ҳаракат қўзғалишлари билан намоён бўлувчи оддий фокал хуружларга 1884 йили биринчи бор инглиз неврологи Жексон эътибор қаратган. Жексон шундай деб ёзади: "Эпилепсияда тутқанақ хуружлари ҳар даим ҳам беморнинг ҳуши йўқалиши билан намаён бўлавермайди. Ҳуш сақланган ҳалда ҳам рўй берадиган тутқанақ хуружлари барки, бундай хуружлар тананинг фақат бир таманида ва маълум бир саҳасида кузатилади". Фокал хуружларнинг пайдо бўлишини Жексон ҳақли равишда олдинги марказий пушта, яъни ҳаракат марказининг таъсирланиши билан боғлаган. Шу боис, фокал хуружлар Жексон типидаги хуружлар деб аталади.
Фокал хуружларнинг қай тарзда юзага келишига қараб патологик ўчоқ бош мия катта ярим шарларининг қайси соҳасида жойлашганлигини аниқлаб олиш мумкин. Агар ўчоқ чап ярим шар олдинги марказий пуштасининг қўл проекцион соҳасида жойлашса – клоник хуружлар ўнг қўлда, оёқ проекцион соҳасида жойлашса – ўнг оёқда кузатилади ва ҳ.к. Клоник хуружларнинг частотаси 2,5-3 Гц бўлиб, қўл панжасининг такрорий букилиб-очилиши билан намоён бўлади. Қўл ва бош проекцион соҳалари ёнма-ён жойлашганлиги учун клоник хуружлар мимик мушакларга ҳам тез ўтади. Бундай пайтларда беморнинг лаб бурчаги ёки кўз атрофидаги мушаклар тортиб-тортиб қўяди. Баъзан клоник хуружлар билан биргаликда ёки алоҳида тоник хуружлар, яъни мушакларнинг хуружсимон тортишишлари кузатилади.
Фокал мотор хуружлар бир жойдан (масалан, бармоқлардан) бошланиб, сўнгра тананинг бошқа қисмларига бир неча сония ичида тарқалади. Бу эса эпилептик фаолликнинг пўстлоқдаги мотор марказлар бўйлаб тарқалиши билан боғлиқ. Аксарият ҳолларда хуруж кузатилган қўл ёки оёқда ўтиб кетувчи фалажлик вужудга келади. Эпилептик хуружлардан сўнг пайдо бўладиган фалажликларга Тодд фалажлиги деб айтилади. Хуружлар қайси қўл ёки оёқда кузатилса, фалажлик ҳам ўша қўл ёки оёқда рўй бе-ради. Тодд фалажлиги, одатда, бир неча соатгача сақланади.
Баъзан фокал хуружлар давомли кечади. Фокал хуружларнинг бу тарзда намоён бўлишига фокал хуружлар статуси деб аталади. Одатда, бундай хуружлар бош миянинг ҳажмли жараёнлари сабабли юзага келади. Бироқ бош мияда ҳажмли жараён топилмаса ҳам фокал хуружлар кетма-кет такрорланавериши мумкин. Бу тарзда кечувчи фокал хуружларни бартараф этиш анча мушкул. Фокал мотор хуружлар ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи катта тутқаноқ хуружларига ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда фокал мотор хуружларга мотор ауралар сифатида қаралади. Бундай эпилептик хуружлар мотор ауралар билан бошланувчи иккиламчи-тарқалган эпилептик хуружлардир.
Фокал сенсор хуружлар – орқа марказий пушта таъсирланганда рўй берадиган ҳуружлар. Бу хуружлар Жексон сенсор хуружлари деб аталади. Улар ҳам патологик ўчоққа қарама-қарши томонда рўй беради. Хуруж пайтида бош ва тананинг ярми увишиб жимирлай бошлайди, терида чумоли юргандек сезгилар пайдо бўлади. Сенсор хуружлар ҳам худди мотор хуружлар каби аввал бир соҳадан (юз, қўл ёки оёқдан) бошланади. Эпилептоген ўчоқ орқа марказий пуштанинг пастки қисмида жойлашса, парестезиялар юзнинг ярмида пайдо бўлади ва ундан кейин қўл-оёқларга тарқайди. Агар эпилептоген ўчоқ орқа марказий пуштанинг устки қисмида жойлашса, парестезиялар оёқда пайдо бўлади, кейин эса тананинг ярми, қўл ва юзга тарқайди. Сенсор хуружлар ҳам фақат бир томонда, яъни қарама-қарши томонда кузатилади. Бу пайтда бемор юзининг ярмини қўллари билан ишқай бошлайди, гўёки шу йўл билан хуружни тўхтатмоқчи бўлади. Агар сенсор хуружлар қўлда кузатилса, у қўлини ишқалай бошлайди.
Орқа ва олдинги марказий пушталарда юзнинг проекцион соҳаси қўл ва оёқ проекцион соҳаларига қараганда катта соҳани эгаллагани учун сенсор ва мотор хуружлар юзда кўп кузатилади. Баъзида фокал сенсор хуружлар фокал мотор хуружлар билан биргаликда намоён бўлади. Бундай пайтларда сенсомотор фокал хуружлар ҳақида сўз кетади.
Фокал вегетатив хуружлар – вегетатив пароксизмлар билан намоён бўлувчи хуружлар. Улар эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг медиобазал соҳасида жойлашганда кўп кузатилади. Бу соҳада лимбик система тузилмалари жойлашган. Хуруж пайтида тўсатдан кучли тахикардия, кардиалгия, нафас олишнинг тезлашуви, юзнинг оқариб ёки қизариб кетиши, оғиз қуриши, мидриаз, қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши, эпигастрал соҳада оғриқлар, сийишга қистовнинг пайдо бўлиши, чанқаш ва оч қолиш каби вегетатив пароксизмлар пайдо бўлади. Хуруж пайтида беморнинг юзи худди қўрққан одамнинг юзини эслатади. Хуружлар 2-3 дақиқа давом этади. Фокал вегетатив хуружлар мезотемпорал эпилепсиянинг (медиал типдаги чакка эпилепсияси) асосий клиник симптомлари ҳисобланади.
Фокал вегетатив хуружлар тиббий амалиётда ҳар доим ҳам тўғри аниқланавермайди ва кўпинча, "гипоталамик синдром", "вегетатив-томир дистонияси", "пароксизмал тахикардия" ташхислари қўйилади. Натижада беморга антиконвулсантлар эмас, балки вегетотроп дорилар буюрилади. Баъзи вегетотроп дорилар эпилептоген ўчоқни қўзғаб юборувчи хусусиятга эга. Фокал вегетатив хуружлар баъзида катта тутқаноқ хуружларига ўтади. Бундай пайтларда вегетатив бузилишларга вегетатив ауралар сифатида қаралади. Ушбу эпилептик хуружлар вегетатив ауралар билан бошланувчи иккиламчи-тарқалган эпилепсия хуружлари тоифасига киради.
Фокал руҳий хуружлар – руҳий пароксизмлар билан кечувчи ҳуружлар. Хуруж пайтида беморнинг руҳияти ва хулқ-атвори тўсатдан ўзгариб қолади. Унда уйқусимон ҳолат, иллюзия, галлюцинация, дереализация ва деперсонализация ҳолатлари вужудга келади. Беморнинг кайфияти бирдан тушиб кетади, сабабсиз уриша бошлайди, ўзини агрессив тутади ва маъносиз ҳаракатлар (қилиқлар) қилади. Ушбу аффектив бузилишлар қисқа муддат давом этади ва бир неча дақиқа ичида ўтиб кетади. Аммо беморда дисфория ҳолати бир неча соатгача сақланиши мумкин. Оддий фокал хуружлар баъзида мураккаб фокал хуружлар ёки иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтади. Бундай пайтларда оддий фокал хуруж белгилари аура ҳисобланади.
Мураккаб фокал хуружлар. Мураккаб фокал хуружлар оддий фокал хуружларга ўхшаб бошланади ва ҳушнинг бузилиши, яъни йўқолиши билан намоён бўлади. Демак, мураккаб фокал хуружлар формуласини қуйидагича таърифлаш мумкин:
МФХ=ОФХ+ХБ,
бу ерда: МФХ - мураккаб фокал хуружлар, ОФХ - оддий фокал хуружлар, ХБ - ҳушнинг бузилиши (йўқолиши).
Юқорида таърифлаб ўтилган барча ҳаракат, сезги, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда бирмунча яққол ифодаланади ва ҳушнинг бузилиши билан кечади. Айниқса, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда кўп кузатилади.
Мураккаб фокал хуружлар клиникаси турли-туман бўлиб, уларнинг қай тарзда намоён бўлиши эпилептоген ўчоқ пўстлоқнинг қайси соҳасида жойлашганлигига боғлиқ. Бироқ оддий фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, мураккаб фокал хуружлар ҳушнинг бузилиши (йўқолиши) билан намоён бўлади. Аввал оддий фокал хуружлар белгилари пайдо бўлади-ю, кейин бемор ҳушини йўқотади. Демак, оддий фокал хуружларда кузатиладиган субъектив ва объектив симптомлар мураккаб фокал хуружлар учун аура ҳисобланади. Агар эпилептоген ўчоқ доминант ярим шарда жойлашса, хуруж пайтида бемор нутқини ҳам йўқотади.
Хуруж ўтгач, бемор ўзида хуруж қандай кечганини айтиб бера олмайди, кўп ҳолларда унинг аҳволи сомнолент ҳолатда қолади. ЭЭГ хуружлараро даврда ўзгармайди, бироқ, пик ва ўткир тўлқинлар аниқланиши мумкин. Мураккаб фокал хуружлар, кўпинча пешона ва чакка бўлакларининг медиобазал тузилмалари зарарланганда кузатилади. Чунки бу соҳалар онг фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтувчи фокал хуружлар. Фокал хуружларни юзага келтирган эпилептик фаоллик иккала ярим шарга ҳам тарқалса, катта эпилептик хуруж юзага келади. Бундай хуружлар иккиламчи-тарқалган хуружлар ҳисобланади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, аввал оддий фокал хуружлар пайдо бўлиб, унинг кетидан биратўла тарқалган хуружлар ривожланса, бундай хуружлар иккиламчи тарқалган эпилептик хуружлар деб аталади. Айниқса, эпилептоген ўчоқ пешона соҳасида жойлашганда оддий фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиб кетиши кўп кузатилади.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев