КЎНГИЛ АЙНИШ ВА ҚУСИШ


Кўнгил айниши эпигастрал соҳа, тўш соҳаси ва оғиз ичида пайдо бўладиган ёқимсиз сезги бўлиб, кўп ҳолларда қусишдан олдин пайдо бўлади. 

Қусиш мия устунида жойлашган қусиш маркази ёки периферик вегетатив рецепторлар қўзғалганда рўй берадиган мураккаб рефлектор фаолият бўлиб, ошқозондаги овқат қолдиқларининг ташқарига отилиб чиқиши билан намоён бўлади. Қусиш организмнинг ҳимоя реакцияси ҳамдир.

Этиологияси ва патогенези. Кўнгил айниш ва қусиш полиэтиологик синдром бўлиб, ички аъзоларнинг инфекцион ва ноинфекцион касалликлари, МНС интоксикациялари, метаболик бузилишлар, вестибуляр аппарат дисфункциясида кўп учрайди. Шунингдек, ипохондрия ва истерияда (айниқса, аёлларда) психоген кўнгил айнишлар бўлиб туради. Улар ўзига ёқмайдиган жойларга боришса, ёқмайдиган овқатларни кўришса ёки тасаввур қилишса, кўнгли айнайди ва баъзида қусади. Антисанитария шароитларида бўлиб қолган ҳар бир соғлом одамда ҳам кўнгил айниш кузатилиши мумкин.

Кўнгил айниш ва қусиш патогенези мия устунида жойлашган қусиш марказининг қўзғалиши билан боғлиқ. Рефлектор кўнгил айниш ва қусиш механизми эса сайёр нерв рецепторларининг қўзғалиши билан боғлиқ. Сайёр нерв рецепторлари деярли барча ички аъзоларда жойлашганлиги боис, ушбу аъзолар касалликларида кўнгил айниш ва қусиш кўп кузатилади. Турли инфекциялар ва интоксикацияларда юзага келадиган кўнгил айниши ва қусиш IV қоринча тубида жойлашган хеморецепторларнинг қўзғалиши билан боғлиқ. Бунинг натижасида қусиш марказига яқин жойлашган вестибуляр аппарат ҳам қўзалади. Шу сабабли кўнгли айниб қусаётган одамнинг боши ҳам айланади, мувозанатини йўқотади.

Церебрал кўнгил айниш ва қусишлар қусиш марказининг қўзғалиши билан боғлиқ бўлиб, бош миянинг турли касалликларида ривожланади. Интракраниал гипертензияда кузатиладиган кўнгил айниш ва қусишлар ликвор босими ошган сайин кучайиб боради. Демак, церебрал кўнгил айниш ва қусишлар ИКГ, мия шиши ва бўкиши билан боғлиқ. Орқа краниал чуқурча (айниқса, IV қоринча) ўсмалари қусиш марказига бевосита таъсир кўрсатиб кўнгил айниш ва қусишни юзага келтиради.

Кўнгил айниш ва қусиш эндокрин ва метаболик бузилишлар, интоксикация ва гипоксияларда, яъни тиретоксикоз, гипергликемия, гипогликемия, анемия, уремия, гиповитаминозларда ҳам рўй беради.

Клиникаси. Кўнгли айниб қусган одамнинг ранги оқариб кетади, ҳолдан тойиб терга ботади, оёқ-қўллари музлаб қолади, АҚБ тушади. Кўнгил айниш ва қусишнинг диагностик аҳамияти жуда юқори. Шу боис уни келтириб чиқарган омиллар ва касалликларни излаб топиш лозим. Бунинг учун бошқа клиник белгилар ҳам ўрганиб чиқилади. Чунки, кўнгил айниши ва қусиш носпецифик синдромлар сирасига киради. Кўнгил айниш, қусиш, бош оғриқлар ва бошқа неврологик бузилишлар билан биргаликда намоён бўлса, неврологик касалликларни излаш керак. Кўнгил айниш, қусиш, диарея ва қорин соҳасидаги оғриқлар эса инфекцион касалликлар белгисидир.

Давоси. Кўнгил айниши ва қусишни бартараф этиш учун уларни юзага келтирган патологик ҳолатлар ва касалликларни бартараф этиш керак. Шу билан бирга, нейролептиклардан торекан 6,5-13 мг (1-2 мл) м/и га қилинади, этаперазин 4-8 мг дан кунига 3-4 маҳал ичишга буюрилади. Шунингдек, метоклопрамид (реглан, церукал) 10-20 мг дан в/и ёки м/и га қилинади. Сўнгра церукал 10 мг дан кунига 3 маҳал ичишга тавсия этилади. Психоген кўнгил айнишни бартараф этиш учун плацеботерапия усули ёки анксиолитиклар (амитриптилин, прозак) қўлланилади.

Қусишни бартараф этиш учун юқорида кўрсатилган муолажалар билан биргаликда спазмолитиклардан 2 мл но-шпа в/и ёки м/и га, атропиннинг 1 % ли 0,5-1 мл эритмаси т/о га қилинади. Кўп ҳолларда қусишни бартараф этиш учун 2-4 мл церукални в/и га қилишнинг ўзи етарли. Интоксикацион қусиш ва кўнгил айнишларда турли декстранлар ва электролитлар венадан томчилатиб юбориш керак. Акс ҳолда бошқа дорилар кўзланган натижани бермайди. Қуйилаётган дориларга аскорбин кислотаси ва калий препаратлари (панангин, калий хлорид) ҳам қўшилади. Даволаш муолажалари шифохонада олиб борилади. Енгил ҳолатларда ва инфекцион касалликлар бўлмаса, даволашни уй шароитида, ҚВП  ёки оилавий поликлиникаларда олиб бориш мумкин. Даволаш жараёнида беморга махсус парҳез ҳам тайинланади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича