ДЕМЕНЦИЯ
Деменция – когнитив функцияларнинг орттирилган кескин бузилиши бўлиб, одатда, бош миянинг органик зарарланишлари сабабли ривожланади. Когнитив функциялар деганда диққат, хотира, тафаккур, идрок, нутқ, гнозис, праксис каби олий руҳий функциялар тушунилади. Демак, деменция ақлий фаолиятнинг орттирилган бузилиши, у туғма бўлмайди. Ақлий фаолиятнинг ривожланишдан орқада қолишига эса олигофрения деб айтилади. Шунинг учун туғилгандан буён когнитив бузилишлар аниқланган болаларга олигофрения ташхиси қўйилади.
Эпидемиологияси. Деменция, одатда, 60 ёшдан сўнг ривожлана бошлайди ва касалланганлар сони ёш ошган сайин кўпая боради. Деменция 60–65 ёшдагиларда 1–5 % кузатилса, 80 ёшга бориб бу кўрсаткич 30 % га етади.
Этиологияси. Деменция – кўп этиологияли синдром. Деменция 40 % ҳолатларда Алсхаймер касаллиги, 15 % – томир деменцияси, 15 % – аралашган деменция, 15 % – Леви таначалари ва қолган 15 % ҳолатларда бошқа касалликлар сабабли ривожланади. Демак, "деменция" ташхиси синдромал ташхис. Алсхаймер касаллиги деменцияга олиб келувчи касалликлар ичида етакчи ўринни эгаллайди (9.1-жадвал).
9.1-жадвал
Деменцияга олиб келувчи асосий касалликлар
Нейродегенератив касалликлар |
|
Бош мия қон томир касалликлари |
|
Дисметаболик деменциялар |
1. Моддалар дефицити (В1, В12, фолат кислотаси) 2. Металл тузлари (алюминий, цинк, мис) билан заҳарланиш 3. Дори моддалар (холинолитиклар, барбитуратлар, бензодиазепинлар, нейролептиклар, литий тузлари) билан заҳарланиш 4. Гепатолентикуляр дегенерация 5. Соматоген (жигар ва буйрак энцефалопатияси) 6. Сурункали ичкиликбозлик 7. Гипоксик энцефалопатия, шу жумладан, анемия ҳисобига Гипогликемик энцефалопатия 8. Гипотиреоз |
Нейроинфекция ва демиелинизация билан кечувчи касалликлар |
|
Бош мия жароҳатлари |
Бош мия ўсмалари |
Ликвородинамик бузилишлар |
Нормотензив гидроцефалия |
Когнитив функциялар бузилган беморга деменция ташхисини қўйиш учун, албатта, бош мия зарарланган ва беморнинг ҳуши сақланган бўлиши керак. Бу асосий талаблардан биридир.
Деменцияда хотиранинг барча турлари, яъни эшитиш, кўриш ва ҳаракат хотиралари бузилади. Деменцияда эшитув хотираси эрта бузила бошлайди ва зўрайиб боради. Бундай беморлар ҳозир ва аввал эшитган гапларни эслаб қола олмайди. У ҳатто ўзи гапираётган гапларни ҳам унутиб қўяди. Масалан, бемор сўзлаётганда унинг фикри чалғиса (телефон жиринглаб қолди, уни эшитаётганлар луқма ташлади ва ҳ.к.), нима ҳақида гапираётганлигини унутиб қўяди. Унга кимдир бирор воқеани эрталаб сўзлаб берса, бироз вақт ўтгач, ушбу воқеа тафсилотини унутиб юборади ёки гап нима ҳақида кетганлигини бутунлай эсидан чиқаради. Бундай беморлар билан хотирани кучайтирувчи ақлий машқлар ўтказиш деярли самара бермайди. Оғир ҳолатларда ҳозир эшитган гапини тезда эсидан чиқаради, тўғрироғи эслаб қола олмайди. Деменцияда хотиранинг барча босқичлари, яъни эслаб қолиш, эсда сақлаш ва қайта эсга тушириш кескин бузилади.
Деменцияда узоқ муддатли хотира ҳам бузилади. Бемор аввал бўлиб ўтган воқеаларни эсига тушура олмайди. Касаллик зўрайган сайин бемор ўтмишини умуман унутади. Образли қилиб айтганда, уларни "ўтмиши йўқ одамлар" деб аташ мумкин. Ҳар доим кўриб юрадиган танишларини юзига қараб эслай олмаслик – деменциянинг дастлабки ва энг кўп учрайдиган белгиларидан биридир. Прозопагнозия деб аталмиш бу симптом бош миянинг энса-тепа соҳалари атрофиясида кўп учрайди. Ушбу соҳалар атрофияси оптик-фазовий агнозия симптомлари билан намоён бўлади. Оддий қилиб айтганда, беморда географик хотира бузилади. Бундай бемор кўчага чиқса, уйини топиб қайтиб кела олмайди. Борадиган жойини ҳам топа олмай юради ёки нима учун уйдан чиққанлигини унутиб қўяди. Агар беморнинг рўпарасида ўтириб: "Менинг ўнг қўлимни кўрсатинг, десангиз, у сизнинг чап қўлингизни кўрсатади". Бемор рақамсиз соатларда вақтни тўғри кўрсата олмайди ёки рақамли соатни тўғри чиза олмайди. Ҳар хил вақтларни кўрсатувчи соат стрелкаларига қараб соат неча бўлганини айтиб беришда жуда қийналади. Шу боис деменцияни аниқлашда соат билан боғлиқ синамалардан кўп фойдаланилади.
Семантик хотира ҳам эрта бузилади. Унга: "Лола Каримдан оқроқ, ким қора" ёки "Олим Ҳакимдан узунроқ, ким калта" деб сўралса, сўзларнинг маъносига узоқ вақт тушунмай туради. Бу гапларни бир неча бор қайтарса ҳам, бемор тўғри жавоб бера олмайди.
Деменцияда хотира бузилишлари, албатта фикрлаш жараёнининг бузилиши билан кечади. Бемор фикрини бир жойга жамлаб иборалар туза олмайди, қайсидир воқеа ҳақида сўзлаб бермоқчи бўлса, унинг уддасидан чиқа олмайди, сўзлардан гап туза олмайди. Беморда умумий фикрлаш ҳам, абстракт (лот. abstractio – бирор бир нарса ёки ҳодисанинг қайсидир бир хусусияти ёки белгисини ажратиб кўрсатиб бериш, айтиб бериш) фикрлаш ҳам бузилади. Абстракция фикрлаш жараёнининг асосини ташкил қилади. Бемор атрофдаги нарсалар номини тўғри айтиб бера олмайди, яъни уларда амнестик афазия симптомлари яққол кўзга ташланади. Мақсадга йўналтирилган ихтиёрий ҳаракатлар ҳам бузилади, яъни апраксия ривожланади. Касбий фаолият ҳам издан чиқади. Шунингдек, ҳар доим бажариладиган оддий амаллар, яъни кийиниш, соқол олиш, тиш ювиш, чироқни ўчириб-ёқиш, тирноқ олиш, чой дамлаш, душ қабул қилиш, эшикни очиш каби мақсадга йўналтирилган фаолияти ўта мушкул бўлиб қолади. Бемор оддий арифметик операцияларни ҳам тўғри бажара олмайди.
Деменцияда нутқ функцияси узоқ вақт сақланиб туради. Кейинчалик нутқ бузила бошлайди ва беморда афазиянинг барча турларини (амнестик, сенсор, мотор) кузатиш мумкин. Дастлаб амнестик афазия, кейинчалик сенсор ва мотор афазия ривожлана бошлайди. Албатта, нутқ марказларининг ўчоқли зарарланишлари (масалан, инсультдан сўнг) сабабли ривожланган деменциялар бундан истисно.
Деменцияда беморнинг шахси ўзгариб боради. Унда ўзига ва касалликка бўлган танқидий муносабат бузилади. Бемор кир ва ифлос юрадиган бўлади, тозаликка риоя қилмайди, уялмайди. Деменциянинг баъзи турларида психик фаолиятнинг кескин пасайиши (апатия, депрессия, мотивациянинг сўниши) кузатилса, бошқа ҳолатларда, аксинча, психомотор қўзғалишлар (агрессия, гипердинамик ҳолат) кузатилади. Шахснинг турли даражада бузилишлари, айниқса фронтотемпорал деменция ва Пик касаллигида кўп учрайди.
Бош мия жароҳатларида ҳам деменция ривожланади. Бироқ бош мия жароҳатларидан кейин ривожланган хотиранинг алоҳида бузилишлари (постравматик амнезия) – бу деменция эмас. Деменция учун барча когнитив функциялар бузилиши (амнезия, афазия, апраксия, агнозия) хос. Ҳар қандай этиологияли деменцияда когнитив бузилишлар тўхтовсиз зўрайиб боради. Бу жараён бироз тўхтаб олиши ёки даволашлар натижасида қайсидир функциялар бирмунча тикланиши мумкин. Бироқ касаллик зўрайиб бораверади. Деменциянинг сўнгги босқичида бемор қаерда яшаётгани ва ўзини англай олмай қолади, у ўз болаларини ҳам танимайди: унинг ёнига кирган қизи ёки ўғлига «Сиз кимсиз», деб савол беради. Бемор овқат ейман деб айтмайди, ҳожатга ўзи бормайди, сийдик ушлай олмайди. Уни қай ҳолатда ётқизса, шу ҳолатда ётаверади. Юздаги ҳиссий ифода бутунлай сўнади. Бундай беморлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан ногирон бўлиб қолишади.
Шу ерда депрессияда учрайдиган деменция ҳақида тўхталиб ўтсак. Депрессия билан касалланганларда ҳам деменцияга ўхшаш симптомлар аниқланади. Бу ҳолат псевдодеменция деб аталади. Псевдодеменция ташхиси қачон қўйилади? Бу ҳолат депрессия билан касалланган беморларда аниқланади. Уларда когнитив бузилишлар бошланишидан анча олдин депрессия белгилари кузатилади. Псевдодеменцияда хотира бузилишлари устунлик қилади. Апраксия ва афазия эса кузатилмайди. Бундай беморда нейропсихологик тестлар турли натижа беради. Баъзида тест натижалари беморда ҳеч қандай деменция аломатларини кўрсатмайди. Нейропсихологик тестлар ўтказишдан олдин беморга тез таъсир қилувчи психостимуляторлар (масалан, кофеин) қилинса, тест натижалари яхши бўлиши мумкин. Оддий нейропсихологик тестларни тўғри бажара олмайдиган беморнинг касбий фаолияти сақланиб қолиши мумкин. Бемор ишга бориб келаверади, уй юмушларини бажариб юради, бозор-ўчар қилади, болаларига меҳрибонлик кўрсатади, яхши кийинади, ўзига эътибор қилади. Бироқ ҳар доим хотира бузилишларидан шикоят қилади: аввал бориб-келиб юрган йўлларини адаштиради, шаҳарнинг қайси чеккасига қандай боришни унутиб қўяди, одамлар билан гаплашганда воқеа-ҳодиса тафсилотларини айтиб бера олмайди. Уларда эслаб қолиш қобилияти анча бузилган бўлади. Депрессия даражаси ва кечишига қараб когнитив бузилишлар даражаси ҳам ўзгариб туради. Деменция ташхисини қўйишдан олдин, албатта депрессия бор-йўқлигини инкор қилиш керак. Бунинг учун беморнинг психологик статуси суҳбатлар ва психологик тестлар (Гамилтон шкаласи) ёрдамида текширилиши лозим. Чунки депрессия деменцияга қараганда кўп учрайди.
Деменция нафақат бош мия катта ярим шарларининг пўстлоқ ҳужайралари, балки пўстлоғости тузилмалар зарарланганда ҳам кузатилади. Пўстлоқ зарарланишларида кузатиладиган деменцияга кортикал деменция, пўстлоғости тузилмалари зарарланганда кузатиладиган деменцияларга пўстлоғости деменцияси деб айтилади. Пўстлоғости деменциясида афазия, апраксия ва акалкулия каби кортикал симптомлар аниқланмайди. Пўстлоғости тузилмалари пешона марказлари билан узвий нейронал боғланишларга эга. Шу боис пўстлоғости зарарланишларида фронтал симптомлар ҳам пайдо бўлади, яъни брадифрения (психик фаолиятнинг секинлашуви), гипокинезия ва шахс бузилишлари.
Пўстлоғости деменцияси деярли ҳар доим экстрапирамидал бузилишлар (паркинсонизм) билан биргаликда намоён бўлади. Пўстлоғости деменциясида гностик жараёнлар, яъни билиш ва таниш жараёнлари деярли бузилмайди. Кортикал деменцияда эса улар кескин бузилади. Аввал пўстлоғости тузилмалари зарарланиб, кейин патологик жараён пўстлоқ тузилмаларини ҳам қамраб олса, аралаш типдаги деменция шаклланади. Ўткир ЦВК сабабли ривожланган деменцияни, кўпинча, аралаш типдаги деменция деб аташ мумкин.
Энди деменциянинг яққол намояндалари бўлмиш Алсхаймер ва Пик касалликлари билан танишиб чиқамиз.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев