ГИПЕРКИНЕЗЛАР ЁКИ ТИТРОҚЛАР НЕГА КУЗАТИЛАДИ?
Инсон хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда рўй берадиган ихтиёрсиз ҳаракатларга гиперкинез деб айтилади. Гиперкинезлар бош миянинг бир қатор касалликларида учрайди. Бош миянинг оғир жароҳатлари, яллиғланиш касалликлари (айниқса, энцефалит) ва марказий нерв системасининг наслий касалликлари (Туретт синдроми, Хантингтон касаллиги, Вилсон касаллиги, наслий хорея) гиперкинезларнинг асосий сабабчиларидир.
Бироқ гиперкинезлар билан намоён бўладиган неврологик касалликлар сони 100 га яқинлигини эсда тутиш лозим. Гиперкинезлар болалик ва ўсмирлик даврида кўп кузатилади.
Гиперкинезлар ичида энг кўп учрайдигани – бу хорея. Тез-тез ва бетартиб равишда кузатиладиган гиперкинезларга хорея деб айтилади. Улар бир хил стереотипга эга эмас ва ҳар доим бетартиб равишда тез-тез намоён бўлади. Хорея юз, қўл ва оёқларда кўп, танада эса кам кузатилади. Бундай гиперкинезлар тинчланганда камаяди, ухлаганда йўқолади.
Хореик гиперкинезлар, кўпинча кўзларни юмиб-очиш, бурунни тортиш, лаб бурчагини қимирлатиб юбориш, юз мушакларининг бир томонда қисқариши, бошнинг силкиниб кетиши каби белгилар билан намоён бўлади. Мимик мускулларда кузатиладиган хореялар нутқ бузилишини ҳам юзага келтиради. Чунки мимик мускуллар, айниқса, оғиз атрофидаги мускуллар нутқ талаффузида катта аҳамиятга эга.
Гиперкинезларни, яъни хореяни ўз вақтида бартараф этмаса, кейинчалик бемор елкасини кўтариб ташлайдиган, бошини орқага ёки ён томонларга силкитадиган бўлиб қолади. Баъзида гиперкинезлар юз мускулларида эмас, балки елкани кўтариб ташлаш билан намоён бўлади ёки биратўла қўл бармоқларидан бошланади. Қўл бармоқларидан бошланган хореик гиперкинезларни дарров илғаб олиш қийин. Чунки бундай ҳолатларда “Бола қўлини ўзи қимирлатиб юрибди”, деб ўйлашади.
Юз, тана ва оёқ-қўлларда кузатиладиган гиперкинезлар уларнинг шаклини ҳам ўзгартириб юборади. Бундай беморлар оддий ҳаракатларни ҳам бажаришда қийналиб қолишади.
Ташхис қўйиш ва даволаш. Ташхис қўйиш учун чуқур генетик ва неврологик текширувлар талаб этилади. Қонда баъзи электролитлар ва металл бирикмаларини текшириш ҳам зарур. Гиперкинезларни бартараф этиш, авваломбор , унинг этиологиясини аниқлашдан бошланади. Оғир ҳолатларда дорилар билан даволаш талаб этилади ва бу жараён ойлаб, йиллаб давом этади.
Наслий касалликлар билан боғлиқ гиперкинезларда даволаш анча мушкул. Бироқ гиперкинезларнинг насл билан боғлиқлигини аниқлаш учун чуқур генетик ва неврологик текширувлар ўтказиш лозим. Бундай беморларни невропатологлар даволашади.
Прогноз. Ташхис тўғри қўйилса, даволаш доимо самарали тугайди.
Профессор Зарифбой Ибодуллаев