Беморнинг шикоятларини ўрганиш
Беморнинг шикояти – уни врачга мурожаат қилишга ундовчи асосий омиллардан бири. Беморнинг шикоятларини эшитаётган врач бевосита анамнестик маълумотларни ҳам йиғиб боради. Ҳақиқий врач беморнинг шикоятларига боғланиб қолмайди, балки уларга танқидий кўз билан қарайди. Бу эса врачдан катта маҳорат ва тажрибани талаб қилади. Ташхис қўйишда фақат беморнинг шикоятларига суяниб иш кўрган врач албатта хатога йўл қўяди. Бу ҳолат худди йўлда адашган йўловчига нотўғри манзилни кўрсатган билан баробар.
Баъзида бемор ўзини қийнаётган 2-3 та белгига шу қадар урғу берадики, уни эшитаётган врачнинг хаёлида дарров бирор бир ташхис пайдо бўлади. “Доктор, мен ўрнимдан турганимда бошим айланиб кетади, гандираклаб кетиб ўтириб қоламан, кейин қулоқларим шанғиллаб бошлайди, кўнглим беҳузур бўлади”. Бу шикоятларни эшитган невропатолог хаёлига “ўткир вертебробазиляр синдром”, терапевт хаёлига “сурункали анемиянинг бир аломати ”, ЛОР хаёлига “Менъер синдроми” каби ташхислар келади. Бу ерда врач 2 хил йўлдан бориши мумкин: биринчиси – бемор шикоятининг тавфсилотларини чуқурроқ ўрганиш, иккинчиси – хаёлга келган биринчи ташхисга мос белгиларни излаш. Иккинчи йўл хатодир!
Агар врач 2-йўлдан борса, яъни хаёлига дастлаб келган ташхисга мос белгиларни излай бошласа, бемор уни ўша белгилар билан “таъминлаб” бериши ҳам мумкин. Клиник амалиётда рўй берадиган диагностик хатоликларнинг аксарияти шу ва шунга ўхшаш адашишлар сабабли юзага келади. Баъзи адабиётларда “интиутив ташхис” ҳақидаги баҳс-мунозаралар ханузгача давом этмоқда. Интиутив ташхис – ҳеч қандай далилларга асосланмаган ҳолда врачнинг хаёлига келган дастлабки ташхис. Бу ташхис тўғри ва нотўғри бўлиб чиқиши мумкин. Ҳар ҳолда кўп йиллик амалий тажрибага эга машҳур шифокорларда интиутив ташхис панд бермайди.
Беморнинг шикоятлари ва касаллик анамнезини ўрганишдаги энг тўғри йўл – бу аниқланган маълумотлар хронологиясини ўрганиш ва хаёлга келган ташхисларни инкор қилиб боришдир. Бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган ушбу иккала жараён тўғри ташхисни аниқлашда асосий қурол бўлмоғи керак. Буни неврологик беморлар орасида энг кўп тарқалган шикоятлардан бири бўлмиш “бош айланиши” мисолида тушунтириб берамиз. Маълумки, бош айланишнинг сабаблари жуда кўп. Демак, бош айланиш тафсилотларини тўла ўрганиб чиқиш керак бўлади. Бунинг учун беморга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилинади: бош қачон айланади (эрталаб, кундузи, кечаси, тўйиб овқатланганда, оч қолганда, чуқур-чуқур нафас олганда, сиқилганда), қандай вазиятларда (ўрнидан турганда, юрганда, ўтирганда, ётганда, бошни турли томонларга бурганда), доимийлиги (ҳар доим, баъзан), кўнгил айниш, қусиш, қулоқ шанғиллаш кузатиладими, бош соат стрелкаси бўйлаб айланадими, ер чайқаладими? Демак, битта симптомни ўрганиш учун у билан боғлиқ бир нечта омилларни сўраб-суриштиришга тўғри келади.
Баъзи беморлар атаксия билан бош айланишни адаштириб айтишади. Бу хатога йўл қўймаслик учун врач атаксия билан бош айланиш белгиларини яхши билиши лозим. Баъзида атаксия билан бош айланиши биргаликда учрайди (масалан, вестибулопатияларда).
Профессор Зарифбой Ибодуллаев