Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси МАГНИТЛИ-РЕЗОНАНС ТОМОГРАФИЯ

МАГНИТЛИ-РЕЗОНАНС ТОМОГРАФИЯ


Магнитли-резонанс томография (МРТ) – турли аъзоларни ядроли-магнит резонанс ҳодисасига асосланиб ноинвазив текшириш усули. Текшириш майдонида юқори даражадаги магнит майдони ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам танасида турли металлар қолиб кетган одамларга МРТ текшируви ўтказилмайди. МРТ нинг МСКТ дан афзаллиги шундаки, унда рентген нурланиши кузатилмайди. Магнит майдони кучланиши турли даражада бўлган МРТ лар фарқланади. Ҳозирда кучланиш даражаси 1, 2 ва 3 тесла бўлган МРТ дан фойдаланилади.

МРТ текширувини ўтказиш учун асосий кўрсатмалар

  • Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилишлари (ўткир геморрагик инсултларни аниқлашда КТ афзал).
  • Краниоцеребрал жароҳатлар (ўткир гематомаларни аниқлашда КТ афзал).
  • Бош мия ўсмалари ва бошқа ҳажмли жараёнлар.
  • Бош мия ва орқа миянинг дегенератив касалликлари.
  • Марказий нерв системасининг яллиғланиш касалликлари (бироқ, менингитда МРТ шарт эмас).
  • Бош мия ва орқа мия аномалиялари.
  • Умуртқа поғонаси патологиялари (айниқса, диск чурралари).
  • Нейрохирургик операциялардан сўнгги вазиятни ўрганиш.

МРТ текширувига монелик қилувчи ҳолатлар

  • Танада мавжуд бўлган металл буюмлар.
  • Юрак ритмини бошқариб турувчи мослама қўйилганлар.
  • Турли нейрохирургик операциялардан сўнг қўйилган металл мосламалар.
  • Ҳомиланинг дастлабки 3 ойлиги (13 ҳафтагача бўлган давр).

МРТ текширувига тайёрлаш ва уни ўтказиш

Текширилувчига ушбу усулнинг ҳавфсиз эканлиги ва текширув 10-15 дақиқа давом этиши тушунтирилади. Барча метал буюмлар (телефон,  калит, тангалар, тақинчоқлар) ва кийдирма тишлар олиб қўйилади. Чунки кучли мангит майдони мавжуд бўлган жойга метал буюмлар билан кириш мумкин эмас. Клаустрофобия, яъни ёпиқ жойдан қўрқувчиларда махсус психологик суҳбатлар ўтказиш керак бўлади ёки МРТ текшируви ухлатиб қилинади.

Текширилувчига енгилроқ махсус кийим кийдирилади ва МРТ столига ётқизилади. Унинг боши ва танаси махсус мосламалар билан иммобилизация қилинади, қимирламай ётиш кераклиги тушунтирилади. Ёш болаларга эса ушбу текширув  ухлатиб қилинади. Шунингдек, руҳий касалликларда ва эпилептик синдромларда ҳам ухлатиб қилиш усули қўлланилади. Магнит майдонида ҳосил бўлаётган шовқинни пасайтириш учун текширилувчига қулоқчин тақилади. Контраст юбориб қилинадиган МРТ текшируви узоқроқ (30 дақ) давом этиши тушунтирилади. Махсус режимларда ўтказилган МРТ ёрдамида бош миянинг ўтказувчи йўллари, масалан кортикоспинал йўлларни (МР-трактография) ўрганиш мумкин.

МРТ текшируви асосан Т1, Т2 ва FLAIR режимларда ўтказилади. Т1 режимда МРТ тасвирлар тим қора, Т2 режимда МРТ тасвирлар ёруғ бўлиб кўринади. FLAIR (fluid attenuated inversion recovery) режимида суюқликлардан чиқувчи сигналларни сўндириш орқали ликвор бўшлиқларига яқин жойлашган ўчоқлар текширилади. Шунинг учун ҳам FLAIR режими мия қоринчалари атрофи, яъни перивентрикуляр соҳада жойлашган демиелинизация ўчоқлари (масалан, тарқоқ склерозда), майда кисталар, лакунар ишемик ўчоқлар ва перифокал шишлар аниқлашда жуда қўл келади.   

Текширув тугагач унинг хулосаси тайёрлаб берилади. МРТ натижаларини махсус пленкада чиқариш учун ўртача 20 дақиқа вақт керак. Бироқ, маълумотларнинг электрон вариантини текширув тугаган захоти CD ёки DVD дискларга ёзиб бериш мумкин. Хулосалар қоғозда ҳам батафсил ёзиб берилиши керак. МРТ хулосаларини тайёрлашда хатога йўл қўймаслик учун камида 2 нафар врач иштирок этади. Улар нерв системаси анатомияси ва унинг МРТ кўрсаткичларини мукаммал билишлари зарур. Бундай текширувларни махсус курсларни тугатган ва дипломга эга бўлган мутахассислар ўтказишади.

Бош миянинг МРТ текшируви

Бош мияни МРТ қилаётганда пўстлоқ ва пўстлоғости тузилмалари, пушта ва эгатчалар, мия пардалари, кулранг ва оқ моддалар, гипофиз, хиазма, цистерналар, интракраниал синуслар ва краниовертебрал ўтиш соҳаси диққат билан кўздан кечирилади. Невропатолог қўйган ташхисга қараб баъзи соҳаларни алоҳида ўрганиш талаб этилади. 

МРТ ни контраст юбориб ўтказиш. Баъзи ҳолатларда МРТ контраст юбориб қилинади. Масалан, перифокал шиш билан намоён бўлаётган касалликларда (бош мия ўсмалари, энцефалитлар, демиелинизация жараёнлари) МРТ контраст юбориб ўтказилади. Қон томирлар шакли, малформацияси ва атроф тўқималардаги реактив ўзгаришлар ҳам контраст юбориб қилинган МРТ да яққол аниқланади. Ҳавфли ўсмалар билан боғлиқ нейрохирургик операциялардан сўнг ҳам контраст юбориб МРТ қилинади. Бу эса эски ва янги ўчоқларни таққослаб ўрганиш (ўсма рецидиви, глиоз ўзгаришлар) имконини беради.  

Қон томирларни МРТ ёрдамида текшириш. Перфузион режимдаги МРТ ёрдамида бош миянинг барча қон томирлари, шу жумладан капиллярлар ҳолатини ҳам батафсил ўрганиш мумкин. Бунинг учун қон томирларга контраст юбориш шарт эмас.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича