МЕНИНГЕАЛ СИНДРОМ


Менингеал синдром – мия пардалари таъсирланиши сабабли юзага келадиган симптомлар мажмуаси.

Сабаблари. Мия пардаларининг яллиғланиш касалликлари (айниқса, менингитлар), интракраниал ўсмалар (айниқса, менингиома, карциноматоз), КЦЖ, инсултлар (айниқса, СҚҚ), турли сабабли ривожланган ИКГ, интоксикациялар менингеал симптомларни юзага келтиради. Касаллик сабаби ва оғирлигига қараб бу симптомлар кучли ёки кучсиз ифодаланган бўлади. Масалан, йирингли менингитлар ва СҚҚ да менингеал синдром кучли, сурункали кечувчи менингитлар (сил ва заҳм менингити) ва турли интоксикацияларда бироз суст аниқланади.

Менингеал синдром белгилари

А. Асосий белгилар

·         Кучли бош оғриғи, кўнгил айниш ва қусиш.

·         Тана ҳарорати кўтарилиши.

·         Энса мушаклари ригидлиги, Керниг, Брудзинский ва Лесаж симптомлари.

·         Умумий гиперестезия (ёруғлик ва шовқинга ортиқча сезгирлик, танада оғриқлар).

·         Ликвор босимининг кўтарилиши.

Б. Қўшимча белгилар

·         Хуш (онг) бузилишлари: психомотор қўзғалишлар, делирия, сопор.

·         Юрак-қон томир ва нафас олишнинг бузилишлари (тахикардия, брадикардия, АҚБ ўзгаришлари ва ҳ.к ).

·         Терига тошмалар тошиб кетиши.

·         Бошқа белгилар.

Изоҳ. Қўшимча белгилар менингеал синдром учун хос бўлмаган, бироқ асосий этиологик омил сабабли юзага келган белгилардир.

 

Клиникаси. Турли касалликлар ва патологик ҳолатларда менингеал синдром турлича намоён бўлади. Ўткир йирингли менингитларда менингеал синдром ўткир ривожланади ва кескин тусда намоён бўлади, яъни тана ҳарорати 40-41°С гача ошади, кучли бош оғриқлар, кўнгил айниш ва кетма-кет қусишлар кузатилади. Энса мушаклари ригидлиги, Керниг ва Брудзинский симптомлари, умумий гиперестезия, тошмалар тошиши, делирия, сопор, кома ва ликвор босимининг кескин кўтарилиши билан намоён бўлади. Йирингли менингит ўткир инфекциялар сабабли ривожланади ва, асосан, болалар касалланишади. Сил ва заҳм менингитларида эса ушбу белгилар ўта суст ифодаланган бўлади. Бу менингитлар сил ва заҳм касалликлари фонида ривожланади, турли ёшларда учрайди. Энса мушаклари ригидлиги ва Керниг симптомлари кузатилса-да, Брудзинский симптоми аниқланмайди.

Субарахноидал қон қуйилишларда ҳам менингеал синдром ўткир ривожланади ва дастлабки кунлари яқққол ифодаланган бўлади. Энса мушаклари ригидлиги, Керниг симптоми, ўта кучли бош оғриқлар, кўнгил айниш ва кетма-кет қусишлар, қисқа ёки узоқ муддатли хушдан кетишлар, делирия кузатилади. СҚҚ АҚБ нинг кескин кўтарилиши натижасида аневризманинг ёрилиши сабабли рўй беради.

Интракраниал ўсмаларда менингеал симптомлар секин-аста шаклланади, интракраниал гипертензия кучайиб боради. Зўрайиб борувчи бош оғриқлар, энса мушаклари ригидлиги, Керниг симптоми аниқланади. Тана ҳарорати кўтарилмайди, умумий гиперестезия кузатилмайди. Турли неврологик симптомлар (амблиопия, афазия, атаксия, паркинсонизм, гемипарез, тутқаноқ хуружлари) ҳам пайдо бўлади. Интракраниал ҳажмли жараёнлар учун менингеал симптомларнинг кучайиб бориши хос.

Энди менингеал симптомларни текшириш усулларини келтириб ўтамиз.

Энса мушаклари ригидлиги. Бемор текис ва равон жойда тепага қараб ётади. Врач унинг бошини қўли билан ушлаб олдинга эгади. Нормада бош олдинга яхши букилади ва беморнинг даҳани  кўкракка тегади. Агар бош олдинга эгилмай қотиб турса, бунга энса мушаклари ригидлиги деб айтилади. Энса мушаклари ригидлиги турли даражада ифодаланган бўлади: агар бошни олдинга эгганда даҳан кўкраккача 1-2 см га етмай қолса – енгил, агар 3-5 см етмай қолса – ўрта даражадаги ригидлик деб айтилади. Агар бош умуман олдинга эгилмаса ёки орқага қайрилиб турса – унда кучли даражали ригидлик ривожланган бўлади. Энса мушаклари ригидлигини Нери симптоми билан адаштирмаслик керак. Нери симптоми ҳам худди шу тарзда, яъни бошни олдинга эгиб текширилади. Бошни олдинга эгаётганда спинал илдизчалар тортилиши сабабли бўйиннинг орқа қисмида рефлектор оғриқ пайдо бўлади. Демак, Нери симптоми ҳам патологик симптом бўлиб, у спинал илдизчалар таъсирланиши (зарарланиши) ҳисобига ривожланади. Менингитларда энса мушаклари ригидлиги деярли ҳар доим Нери симптоми билан биргаликда келади.

Керниг симптоми. Бемор текис жойда тепага қараб ётади. Бу симптом иккала оёқда ҳам галма-гал текширилади. Врач беморнинг оёғини тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак (90°) ҳосил қилиб букади (1-босқич). Кейин врач беморнинг букилган оёғини тизза бўғимида ёза бошлайди, яъни болдирни юқорига кўтаради (2-босқич). Соғлом кишиларда оёқ тўла ёзилади. Агар оёқ тизза бўғимида ёзилмаса, демак Керниг симптоми мусбат. Керниг симптоми касаллик даражасига қараб турлича ифодаланган бўлади: енгил, ўрта ва оғир даражада. Агар букилган оёқ тизза бўғимида озгина қаршилик билан бўлса-да, ёзилса – бу енгил, агар ёзилмай қолиб, ўтмас бурчак ҳосил қилса – ўрта, агар умуман ёзилмаса ва ўткир бурчак ҳосил бўлса – кучли  даражадаги Керниг симптоми дейилади.

Брудзинский симптомлари. Юқори Брудзинский симптоми – бошни олдинга эгаётганда иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади. Демак, бу симптом худди энса мушаклари ригидлигини текширганга ўхшаб текширилади. Ўрта Брудзинский симптоми – қориннинг киндикдан пастки қисми мушт билан чуқурроқ босилса, иккала оёқ тос ва тизза бўғимларида букилади. Пастки Брудзинский симптоми – худди Керниг симптомига ўхшаб текширилади. Беморнинг битта оёғи тос ва тизза бўғимларида ўткир бурчак ҳосил қилиб букилади. Бунга жавобан иккинчи оёқ ҳам тос ва тизза бўғимларида бироз букилади..

Лесаж симптоми. Ҳали 1 ёшга тўлмаган болаларда Лессажнинг “осилиб турувчи” симптоми менингитни аниқлашда жуда катта аҳамиятга эга. Бу симптомни текшириш учун врач иккала қўли билан боланинг қўлтиғидан ушлаб кўтаради, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан боланинг энсаси ва иягидан ушлаб туради. Бу пайтда боланинг иккала оёғи сон ва тизза бўғимларида букилиб қорнига тортилади ва шу ҳолатда узоқ вақт қимирламай осилиб туради. Соғлом болада бу симптомни текширмоқчи бўлсангиз, у эркалаб ёки йиғлаб оёқ-қўлларини қимирлата бошлайди. Лессаж симптомини кўз олдингизга келтирмоқчи бўлсангиз машҳур “Қирол Шер” мультфильмини эсланг ёки яна бир марта кўринг. Унда маймун энди туғилган шер боласини “оломон”га кўрсатиш учун иккала қўлтиғидан ушлаб кўтаради. Мультфильмдаги бу эпизод Лессажнинг осилиб турувчи симптомини жуда эслатади. Шунингдек, калла суягидаги лиқилдоғи битмаган болаларда калланинг тепа қисми бўртиб туради. Бунинг сабаби – гипертензион-гидроцефал синдромдир.

Ёши 3 ойга тўлмаган болаларда Керниг симптоми физиологик симптом эканлигини эсда тутиш лозим. Демак, ҳарорати кўтарилган болада унинг мавжудлиги ҳали менингит ривожланди, дегани эмас ва қўшимча текширувларни талаб қилади. Агар Керниг симптоми ёши 3 ойдан ошган болаларда аниқланса, у патологик симптом ҳисобланади.

Агар энса мушаклари ригидлиги жуда кучли намоён бўлса, бунда беморнинг боши орқага қайрилиб қолади. Бу симптом, одатда касалликнинг 3-4-кунлари кузатила бошлайди. Агар тана ҳарорати кўтарилган бола кўзини юмиб бошини орқага қайириб ётса ва танасига тошмалар тошган бўлса, унда менингит аниқланиш эҳтимоли жуда юқори. Мана шундай ҳолатда ётган беморга кўзи тушган ҳар қандай шифокор “Унда менингит эмасмикан?” деган хаёлга боради.

Бундай болалар, одатда, оёқ-қўлларини букиб ёнбошлаб ётиб олади. Бўйнини тўғрилаб қўймоқчи бўлсангиз, унинг юз-кўзида оғриқли бужмайишни кўрасиз. Яна уриниб кўрсангиз, у қусиб юбориши мумкин. Орқа миянинг субарахноидал бўшлиғида ликвор босимининг ошиши ва спинал илдизчаларнинг таъсирланиши сабабли умуртқа атрофидаги мушаклар ҳам таранглашади. Бунинг натижасида гавданинг тос қисми орқага чиқиб қолади. Бундай болани ўтқизмоқчи бўлсангиз шалпайиб яна ётиб олади.  

            Психомотор қўзғалишлар менингитнинг ўткир даврида жуда кўп кузатилади. Одатда, касалликнинг 2-3-кунидан бошлаб психомотор қўзғалишлар ривожланади. Баъзида улар бир ҳафтадан кейин пайдо бўлади. Бу, албатта, менингитнинг этиологияси ва қай даражада ўткир бошланишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Психомотор қўзғалишлар делирия, галлюцинация ва ихтиёрсиз ортиқча ҳаракатлар билан намоён бўлади.

            Менингизм – мия пардаларининг ортиқча таъсирланиши бўлиб, ликвор ўзгаришларисиз намоён бўладиган патологик ҳолат. Организмнинг сувсизланиб қолиши (инсоляция, кўп қусишлар, диарея, кахексия), интоксикациялар (уремия, алкоголизим), радиация таъсири, умумий вирусли инфекциялар (грипп), метаболик синдром (гипопаратиреоз, гипокалциемия), ўткир гипертоник энцефалопатия ва идиопатик интракраниал гипертензия (pseudotumor cerebri) менингеал пардаларнинг ортиқча таъсирланишига олиб келади ва менингизм ривожланади. Бу ҳолат псевдоменингит деб ҳам аталади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича