Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси АСАБ ВА РУҲИЯТ КИТОБИНИНГ ТЎРТИНЧИ НАШРИГА СЎЗБОШИ

АСАБ ВА РУҲИЯТ КИТОБИНИНГ ТЎРТИНЧИ НАШРИГА СЎЗБОШИ


Ушбу китобнинг 3-нашри 2018 йили чоп қилинди ва ота-оналар, мактаб, лицей ва институт ўқитувчилари томонидан жуда кўп таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Китобхонлар мендан нафақат асаб касаллика руҳий бузилишлар, балки соғлом одамнинг психологик муаммолари ҳақида ҳам ёзишимни сўрашди. Шу боис ушбу китобда инсон психологияси, айниқса, ёшлар психологиясига оид мавзуларни ёритишга ҳаракат қилдим. Ота-она ва фарзандлар орасидаги зиддиятли ҳолатлар, ўз жонига қасд қилиш, ўқитувчи ва ўқувчилар орасидаги келишмовчиликлар негизида қандай жиҳатларга эътибор қаратилиши керак каби психологик ҳолатлар бўйича муҳим маълумотлар берилди. 
      
Ўқувчилар талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда китобнинг ушбу нашри олдингисидан фарқли ўлароқ уч қисмга бўлинди: 1-қисм – асаб касалликларида беморлар психологияси; 2-қисм – руҳий бузилишларда беморлар психологияси; 3-қисм – асаб ва руҳиятга оид ҳаётий воқеалар, интервюлар ва афоризмлар.
Демак, қуйидаги янги ва қизиқарли  мавзулар ушбу нашрдан ўрин олди: “Ўз шахсимни билгим келади!”, “Ўсмирдаги тажовузкорлик сабаби нима?”, “Дистимия – бу кайфият бузилишими?”, “Руҳий ногиронлар – улар кимлар?”, “Психологик иммунитет нима?”, “Ўзимга ўзим психотерапевт. Шу мумкинми?”, “Инсон нега ўз жонига қасд қилади?”, “Замонавий маугли синдроми”, “Қўрқоқлик оқибати фалокатдир”, “Фикрим ёмонми ёки хулқим?”, “Психологик портрет нима?”, “Ҳашаматли ҳаёт синдроми”, “Эгоист – қандай одам?”, “Оилавий психотерапевт. У ким?”, “Порахўрлар психологияси”. Кўриб турганингиздек, уларнинг барчаси инсон психологиясига оид мавзулар. Машҳур психотерапевтлар томонидан қўлланиб келинаётган психотерапевтик усуллар соддалаштирилиб, кенг оммага тушунарли тарзда баён қилинди.
      
Китобнинг психосоматик тиббиётга бағишланган қисми янада кенгайтирилди, депрессия, хавотир, фобия ва шахсни аниқловчи психологик тестлар ҳам киритилди. Ушбу психологик сўровномалар айнан кенг омма учун мўлжалланган бўлиб, унинг асосида ҳар бир инсон ўзининг психологик портретини билиб олиши мумкин. Бироқ хулоса чиқариш учун умумий ёки тиббий психолог тавсияси зарур. 
Хорижда тиббий психологга мурожаат қилиш одатий ҳолдир. Бизда ҳам бу ҳолат оммалашса, аҳолининг тиббий ва руҳий саломатлиги янада яхшиланар эди. 

Азиз китобхон! Юқоридаги фикрларни ўқиб, асардан фақат тиббиёт институтлари талабалари ёки врачлар фойдаланар экан, деб ўйламанг. Бу китоб кенг омма учун мослаб ёзилган. Сиз ёки сизнинг яқинларингиз асаб ва руҳият бузилишлари ҳамда психосоматик касалликлардан азият чекаётган ва қандай йўл тутишни билмай иккиланаётган бўлса, ушбу китобни ўқинг. Унда барча касалликлар оддий иборалар билан содда қилиб баён этилган. Ушбу китоб халқимизга манзур бўлади деган ниятдаман. Барчангизга руҳий ва жисмоний саломатлик тилаб қоламан!

Муаллиф

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.    
              © Ibodullayev ensiklopediyasi © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича