АТИПИК ПРОЗОПАЛГИЯЛАР
Атипик прозопалгиялар – юзнинг бир ёки иккала томонида кузатиладиган доимий оғриқ ва парестезиялар. Касаллик 30–60 ёшларда ривожланади ва аёлларда кўп учрайди. Атипик прозопалгиялар стоматологик операциялардан сўнг пайдо бўлади. Бундай оғриқлар, кўпинча, юқори ва пастки жағ тишларини ўзгартирган ва уларга протезлар қўйдирган одамларда кўп кузатилади. Атипик прозопалгия клиникаси краниал невралгия ёки невропатиялар клиникасига ўхшаса-да, обьектив неврологик симптомлар (гиперестезия, гипестезия) кузатилмайди. Юзда триггер соҳалар бўлмайди. Стоматологик муолажалар ўтказилган жойлар чуқур текширилганда ҳам, ЭНМГ текширувлари ўтказилганда ҳам нервларда органик бузилишлар аниқланмайди. Оғриқ ва парестезиялар нафақат операция ўтказилган жойда, балки юзнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Касаллик учун қисқа муддатли оғриқ хуружлари хос эмас, оғриқлар гоҳ зўрайиб, гоҳ камайиб туради. Атипик прозопалгия юзнинг идиопатик оғриқлари деб ҳам аталади.
Атипик прозопалгиянинг яна бир клиник тури – бу атипик одонталгия. Тиш олинган жойда узоқ вақт сақланадиган оғриқларга атипик одонталгия дейилади. Атипик одонталгияда ҳам обьектив неврологик симптомлар кузатилмайди. Бу синдром тиш олдириб, тиш қўйдирган беморлар ёки узоқ вақт давом этган стоматологик муолажаларда кўп учрайди. Тиш олинган жойда куйдирувчи ва бошқа тишларга иррадиасия қилувчи оғриқлар бир ойгача, баъзида ундан ҳам кўп вақт сақланиб қолади. Бу оғриқлар аксарият беморларда овқатланаётган пайтда камаяди, руҳий-ҳиссий зўриқишларда, совуқда ёки юзига бирор нарса тегиб кетса кучаяди. Атипик одонталгия клиникаси дентал плексалгия клиникасига ўхшаб кетади, бироқ унга қараганда енгил кечади.
Дентал плексалгия – юқори ва пастки жағларнинг нерв чигаллари таъсирлантирилганда кузатиладиган оғриқлар. Дентал плексалгиянинг асосий сабаблари – булар юқори ва пастки жағ тишларида ўтказилган стоматологик муолажалар. Оғриқлар вегетатив симптомлар билан биргаликда намоён бўлади, чунки бу ердаги нерв чигаллари вегетатив ганглиялар билан чамбарчас боғланган. Дентал плексалгияда юз соҳасида оғриқлар ва дизестезиялар бўлса-да, обьектив неврологик симптомлар (гипестезия, гиперестезия) кузатилмайди. Дентал плексалгиялар, одатда, ойлаб давом этади, баъзида бир йилдан ошади. Узоқ давом этувчи оғриқлар реактив невротик бузилишларга олиб келади. Беморни тинчлантириш ва бу белгиларнинг вақтинчалик эканлигига уларни ишонтириш ўта муҳим. Агарда врач буни уддалай олса, касаллик белгилари 1–2 ой ичида ўтиб кетади.
Юзнинг психоген оғриқлари. Ўткир ёки доимий руҳий зўриқишлардан сўнг юзда пайдо бўладиган оғриқларга психоген оғриқлар деб айтилади. Бундай оғриқлар, асосан, депрессия, неврастения ва истерияларда кузатилади. Психоген оғриқлар невралгиядан фарқли ўлароқ, юзнинг иккала томонида ҳам учрайди, нерв йўллари бўйлаб иррадиация қилмайди, триггер соҳалар аниқланмайди (юзнинг қайси соҳасини босса, ўша жой оғрийверади). Бемор бир томондан оғриқни чидаб бўлмас даражада кучли деб ифодалайди, иккинчи томондан қачондан буён врачга учрашишга вақт топа олмаётганини айтади. Оғриқлар нафақат юз соҳасида, балки бошнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Невралгия билан касалланган бемор врач билан суҳбатда иложи борича кам гапиришга ҳаракат қилса, психоген оғриқларда эса бемор сўзамол бўлади, оғриқ тафсилотларини батафсил баён қилишга интилади. Кўп сўзлаш невроз ва истерия учун хос аломатлардан биридир.
Чакка артериити (Хортон синдроми). Чакка артерияси – ташқи уйқу артерияси (а.carotis externa) тармоқларидан биридир. Чакка артериити аутоиммун касаллик бўлиб, асосан, 50 ёшдан ошганларда учрайди. Чакка артериити клиникаси уч шохли нерв невралгиясига ўхшаб кетсада, унинг фарқ қилувчи клиник ва параклиник белгилари бир қанча. Чакка артериитининг асосий белгиси ҳам чакка-пешона соҳасида учрайдиган кучли оғриқлар ҳисобланади. Лекин бу оғриқлар кам ҳолларда бир томонда, кўп ҳолларда иккала томонда учрайди. Сурункали кечувчи оғриқлар баъзида кучайиб, чидаб бўлмайдиган даражага етади. Улар кўпинча овқат чайнаганда кучаяди.
Обьектив текширувлар чакка артерияси қалинлашгани ва қотишганини кўрсатади. Артерия жуда қотишган ҳолатларда унинг уриши ҳам сезилмайди. Касаллик нафақат локал оғриқлар билан намоён бўлади, баъзида оғриқлар бошнинг ҳамма жойида аниқланади. Шунингдек, тана ҳарорати субфебрил даражагача ошади, кўп терлаш ва умумий ҳолсизлик кузатилади. Бемор тез чарчайдиган бўлиб қолади.
Чакка артериити умумий аутоиммун касалликнинг клиник бир кўриниши бўлганлиги сабабли бошқа томирларнинг зарарланиши ҳам аниқланади. Аксарият ҳолларда ички уйқу артерияси, аорта ва коронар артериялар зарарланиши кузатилади. Ретинал артериянинг зарарланиши кўришнинг сусайиши билан намоён бўлади. Шунингдек, кўрув нерви ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланишини ҳам кузатиш мумкин. Қонда яллиғланиш реакциялари, яъни лейкоцитоз, ЭЧТ ва С-реактив оқсил миқдорининг ошиши кузатилади. Чакка артериити ташхисини қўйишда дуплексли сканирлаш усули ва чакка артерияси биопсияси ўрни жуда катта.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича