Бихевиорал терапия
Бихевиорал терапия (ингл. behaviour – “ҳулқ-атвор”). 1913 йили америкалик психолог Джон Уотсон (1878-1958) бихевиоризм ҳақида ўзининг дастлабки мақоласини чоп қилдиради. У шундай деб ёзган эди: “Одамнинг фикри ва руҳиятини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, авваломбор унинг ҳулқ-атворини ўзгартиринг”. Ушбу ғоя асосида бихевиорал психотерапия шаклланди ва ХХ асрнинг 50-60 йиллари ўсмирлардаги ҳулқ-атвор бузилишларини коррекция қилишда кенг қўллаб бошланди ва эътироф этилди. Ушбу терапия ҳулқ-атвори ўзгарган ўсмирларда юқори натижа беради, бироқ катта ёшдагиларда самараси пастроқ. Бихевиорал терапия патологик тарзда ўзгарган ҳулқ-атворни коррекция қилиш ва унинг учун тўғри бўлган уқувларни шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бихевиорал терапия ўтказилаётганда ўсмирдаги ҳулқ-атворнинг ҳар бир кўриниши таҳлил қилинади ва улар коррекция қилиб борилади.
Босқичма-босқич ўтказилаётган психотерапевтик муолажалар пайтида ҳулқ-атвордаги патологик ўзгаришлар соғлом ҳулқ-атвор сифатлари билан “алмаштирилади”. Демак, бихевиорал терапия ҳул-атвор ўзгаришига олиб келинган сабаблар устида эмас, балки бевосита патологик ҳулқ-атворни яхши томонга ўзгартириш билан ишлайди. Соғлом ҳулқ-атвор ҳамда ўзини-ўзи бошқариш уқувлари шакланган сайин, ундаги фикр ҳам ўзгариб боради, ўсмирда ўзига ишонч пайдо бўлади, унинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб социал адаптацияга эришилади.