Гипнотерапия


Гипнотерапия қадим-қадимдан маълум. Уни барча психотерапевтик усуллардан олдин қўллаб бошлашган, деган фикрлар мавжуд. Гипнотерапия турлари жуда кўп бўлиб, терли соҳаларда кенг қўлланилади. Тиббиётда гипнотерапия жуда катта аҳамиятга эга. Айниқса, невроз, депрессия ва психосоматик касалликларда гипнотерапия юқори даражада самаралидир. Гипнотерапия органик касалликларда ҳам кенг қўлланилади ва ижобий натижаларга эришилади. Аллергик дерматозлар, экзема ёки бронхиал астмани бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.    


Гипнотерапия  пайтида ҳозирда  «бўртиб» турган белгиларга клиник симптомларга эътибор қаратилади ва уларни бартараф этишга киришилади.  Гипноз ўтказаётган врач беморга силаш, кўз ва сўз орқали таъсир қилса, мия пўстлоғида жойлашган уч хил, яъни сезги, кўрув ва эшитув марказлари тормозланади ва гипнозга тушиш осонлашади.


Гипнотерапия ўтказиладиган хона.  Гипноз учун кенгроқ, тинч, осойишта, ортиқча товуш ва ҳидлардан ҳоли хона бўлиши зарур. Паст товушда енгил мусиқа янграб туриши мумкин. Хона деворларида фикрни чалғитувчи картиналар, айниқса одамлар портрети бўлмагани маъқул. Агарда деворда йилнинг тўрт фаслини акс эттирувчи 4 хил картина осиғлиқ турса, бу инсоннинг руҳиятига яхши таъсир кўрсатади Хонадаги мебеллар ораси ҳам иложи борича очиқ бўлиши талаб этилади. Албатта, юмшоқ кресло ва шу каби бошқа ётоқ мебеллар албатта бўлиши керак. 


Гипноз техникаси. Турли хил гипноз ўтказиш техникалари мавжуд. Улардан бирини келтириб ўтамиз. Гиппнотерапия босқичлари қуйидагича.

1-босқич. Беморни юмшоқ креслога ўтказинг. Ўзингиз унинг рўпарасида ўтириб олинг. Сиз стулда шундай жойлашингки, кўзларингиз унинг юзидан тепароқда бўлсин. Ўнг қўлингиз билан беморнинг чап қўлини, яъни пульс уришини текширадиган жойдан оҳиста ушланг. Чап қўлингизни унинг ўнг елкасига қўйинг.


2-босқич. “Ўзингизни бўш қўйинг! Менинг кўзларимга қаранг” деб, дадил овоз билан буйруқ беринг. Сиз эса унинг кўзларига эмас, балки иккала қошининг ўртасига қаранг. Акс ҳолда унинг нигоҳи кучли бўлса, сизнинг кўзларингизни чарчатиб қўйиши мумкин. Шу ҳолатда 3 ёки 5 дақиқа унинг иккала қоши ўртасига тикилиб туринг. Бу ҳолат унинг кўзларини чарчатиб қўяди ва трансга тушишни осонлаштиради. Бу пайтда йўталиш, овоз қириб қўйиш ёки беморни чалғитадиган бошқа ҳаракатлар қилиш мумкин эмас.


3-босқич. Шошилмасдан, ишончли овозда унинг кўзларига тикилиб қуйидагиларни сўзлаб бошланг: бутун танангиз бўшашган ва уни илиқлик қамраб олган. Юқори қовоқларингиз оғирлашиб келяпти, ухлагингиз келяпти, бунга қаршилик қилманг. Ҳозир уйқуга кетасиз! Уйқунгиз узоқ давом этмайди ва Сиз учун ўта фойдали. Сиз уйқудан тана ва руҳингиз соғлом бўлиб уйғонасиз, қушдек енгил бўласиз! Дард Сизни тарк этади, кайфиятигиз юқори бўлади.


4-босқич. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз. Сир неча дақиқадан сўнг Сиз уйқуга кетасиз. Сизда уйқуга кетиш ҳохиши ортиб бормоқда. Сиз бунга қаршилик кўрсата олмаяпсиз. Ҳозир мен ўнгача санайман ва Сиз уйқуга кетасиз.

5-босқич. Шошмасдан доно-доно қилиб бирдан ўнгача саналади:


  • Бир. Юқори қовоқлар оғирлашгандан-оғирлашмоқда
  • Икки. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз
  • Уч. Уйқуга кетиш ҳохиши ҳар сония кучайиб бормоқда
  • Тўрт. Танангиз бўшашган. Бутун вужудингиз мени тингламоқда.
  • Беш. Кўзларингиз юмилган. Ҳеч бутунлай ҳаракатсиз ҳолатдасиз. 
  • Олти. Сиз ухлаяпсиз
  • Етти. Ухлаяпсиз. Ухлаяпсиз.
  • Саккиз. Сизни буткул уйқу босган.
  • Тўққиз. Сиз ухлаяпсиз, ухлаяпсиз, ухлаяпсиз.
  • Ўн. Сиз ухлаб қолдингиз.

Эслаб қолинг: Гипноз ўтказадиган хона талабга жавоб берса ва гипнотерапия қоидаларига амал қилинса, бемор гипноз ҳолатига тез тушади. Бу ерда, албатта гипнозчи маҳорати ва унинг обрўси катта аҳамиятга эга. Гипнозчи қанча кўп амалиётчи бўлса, у ҳақда одамлар эшитган бўлса, ҳар қандай инсонни гипнозга тушириш шунча осон бўлади. Элга танилган кучли гипнозчилар бир-икки сўз ва ўткир нигоҳи билан инсонни дарров гипнозга тушириб қўйишади ва сомнамбулия босқичига тез эришади. Агар гипнозни ўрганмоқчи бўлсангиз, аввал бу техникани ўсмирларда қўллаб кўриш керак. Уларни гипнозга тушириш осон. 


Беморнинг чуқур гипнозга тушганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз ёки бунга ишончингиз комил бўлса, унинг бир қўлини бироз кўтариб ташлаб юборинг ёки “Мен ҳозир чап қўлингизни тепага кўтараман ва уни шу ҳолатда ушлаб турасиз” деб айтинг. Бемор худди шундай қилади ҳам. Чунки у фақат гипнозчини эшитади. Мабодо биров хонага кириб шундай топшириқ берса, бемор уни бажармайди. Чунки у гипнозчига мутлақ тобе. Гиппнознинг чуқур босқичига сомнамбулия дейилади.. Бундай ҳолатга тушган одамни қуш қилиб сайратиш, баланд мусиқа қўйиб рақсга тушириш, кийикка ўхшатиб сакратиш, чақалоққа ўхшаб йиғлатиш ва унинг эсидан чиқиб кетган болалик даврини сўзлатиш мумкин. Гипнозчиларнинг бариси ҳам гипнозни сомнамбулия даражасига етказа олмайди. Шу боис аксарият гипнозчилар одамни транс ҳолатига тушириб ҳам ишлашади. Транс ҳолатида ҳам яхши натижаларга эришиш мумкин.


Гипноз пайтида бемор Сизнинг олдингизга қайси дарддан халос бўлиш учун келган бўлса, транс ёки сомнамбулия пайтида ўша касаллик ҳақида сўзлаш керак. Сиз дарддан бутунлай халос бўлиб уйғонасиз дейилади ва у қайси касалликдан қутутилиш учун Сизга мурожаат қилиб келган бўлса, албатта ўша касаллик ҳақида сўз бориши керак. Масалан, “Сиз энди аллергиядан бутунлай халос бўласиз”. “Энди Сизни бош оғриғи ҳеч қачон безовта қилмайди”. “Энди Сизнинг фалажланган чап қўлингиз бутунлай ишлаб бошлайди”. “Энди Сиз дудуқланишдан мутлақ озод бўласиз ва равон сўзлаб бошлайсиз”. “Энди Сиз нафас бўғилишидан бутунлай қутуласиз ва равон нафас олиб бошлайсиз”. “Энди Сизнинг йўқолган хотирангиз бутунлай тикланади ва Сиз бўлиб ўтган воқеаларни эслаб бошлайсиз”  ва ҳ.к.


Гипноздан чиқариш техникаси. Гипноздан чиқариш ҳам аста-секин амалга оширилиши керак. “Ҳозир мен Сизни гипноз ҳолатидан чиқариб бошлайман. Мен 10 дан 1 гача санаб тушаман”


  • Ўн. Сиз енгил уйқудан уйғонишни хоҳлаяпсиз.
  • Тўққиз. Бутун танангиздаги илиқлик сезаяпсиз.
  • Саккиз. Бутун танангиз қушдек енгил.
  • Етти. Сиз фақат менинг овозимни эшитяпсиз ва уйғонишни истаяпсиз.
  • Олти. Кўзларингизни очишни яна ва яна истаяпсиз
  • Беш. Сиз менга қулоқ солиб уйғонишда давом этасиз.
  • Тўрт. Юқори қовоқларингиз жуда енгил, Сиз кўзларингизни очгингиз келяпти.
  • Уч. Ҳа! Кўзларингизни очгингиз келяпти.
  • Икки. Сиз ҳозир уларни очасиз.
  • Бир. Очинг кўзларингизни!

Ушбу тартибда бемор уйғотилади. У албатта жуда енгил бўлиб уйғонади ва ҳали енгил транс ҳолатида бўлади. У билан ўзини қандай ҳис қилгани, нималарни эшитгани ҳақида сўзлашилади. Гипноз пайтида гапирилган касаллик ҳақида, у уйғонгандан сўнг сўзлаш шарт эмас. Бироздан сўнг бемор тетик ҳолатда уйига юборилади. Заруратга қараб гипнотик сеанс 3-5 маротаба ўтказилиши мумкин. Биз ҳозир классик гипноз ва унинг тиббиётда қўлланилиши ҳақида сўз юритдик.


Эриксон гипнози

Милтон Эриксон (1901-1980) гипнознинг бошқа методини ўйлаб топди. Унинг классик гипноздан фарқи шундаки, мижоз сомнамбулия босқичига туширилмайди ва у билан транс ҳолатида ишланади. Ҳозирда бу услуб “Эриксон гипнози” дейилади ва тиббиётда жуда кенг қўлланилади. Эриксон шундай деган эди: “Инсонни гипноз орқали дарддан фориғ этиш учун уни сомнамбулияга тушириш шарт эмас, транс ҳолатида ҳам шундай натижага эришса бўлади”.  

Эриксон гипнозида беморга тўғридан-тўғри буйруқлар берилмайди, Сиз ҳозир уйқуга кетишингиз керак дейилмайди. Оддий сўз билан айтганда, мижоз “Мен ҳозир гипнозчининг барча буйруқларини сўзсиз бажаришим керак” деган ҳаёлга бормайди. У ўзини жуда эркин қўйилади. Ҳатто гипноз пайтида унга туриб юриш, деразадан ташқарига қараш ва хатто гипноз сеансини тўхтатиб чиқиб кетишингиз хам мумкин, деб огоҳлантириб қўйилади. Бундай услуб табиийки, гипнотерапияга “ички қаршиликни” йўқотади ва мижоз ўзини жуда эркин тутиб бошлайди. Шу боис ҳам классик гипнозда эришилмаган ютуқ, Эриксон гипнозида бемалол амалга оширилиши мумкин. Эриксон гипнозини ўрганиш албатта осон ва уни ушбу методга қизиққан ҳар қандай врач ёки психолог эгаллаб олиши мумкин.

Классик гипнозда “Эшитасан ва бўйсунасан” қоидаси ҳукмрон бўлса,  Эриксон гипнозида “Эшит ва хоҳласанг бўйсунгин” қабилида иш олиб борилади. Бундай эркинлик гипноздан қўрқадиган кўпчилик инсонларга маъқул келади ва нафақат мижоз, балки гипнозчи ҳам ўзини эркин қўйиб ишлайди. Эриксон гипнози пайтида мижоз билан кўзлари очиқ ҳолатда бошқа нарсалар ҳақида гаплашиб ҳам ўтириши мумкин ва бироздан сўнг унга “Қалай энди асосий муаммога ўтамизми” деб гипноз сеансига қайтиш мумкин.

Эриксон гипнози пайтида мижозга тушунарли бўлган турли хил метафоралар қўлланилади. Мақсад мижознинг ички ресурсларини онг даражасига чиқариш ва уни ишга солишдан иборатдир. Эриксон сеанслари пайтида, албатта, онг остига таъсир ўтказилади ва руҳий сокинлик, осойишталик, гўзаллик, ўзига ва инсонларга меҳр-муҳаббат ҳақида сўз олиб борилади. Иборалар албатта мижознинг шахс типи ва темпераментидан келиб чиққан ҳолда олиб борилади.

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив