Асаб системаси ички аъзоларни қандай бошқаради?
Организмда ҳеч қандай аъзо ёки тўқима йўқки, асаб системасининг иштироки бўлмаса. Шунинг учун ҳам халқ орасида «Барча касалликлар асабдан» деган нақл бор. Бунинг тагида катта маъно ётибди. Асаб системаси организмнинг барча фаолиятини бошқаради ва назорат қилиб туради. Бирор бир жараён асаб системасининг иштирокисиз кечмайди. Кўз ёши оқиши, сўлак ажралиши, қон томирларда қон юриши, терлаш, сийдик ажралиб чиқиши каби ҳар қандай функциялар асаб системасининг бевосита иштироки ва назоратида рўй беради.
Асаб системасининг ички аъзолар фаолиятини бошқарадиган қисмига вегетатив асаб системаси деб айтилади. Вегетатив асаб системаси симпатик ва парасимпатик нерв системаларига ажратилади. Буларнинг иккаласи биргаликда ички аъзолар фаолиятини бошқариб туради.