Артерия диссекцияси (қатланиши)
Маълумки, артерия девори 3 қаватдан иборат. Артериянинг ички қавати (интима) унинг ўрта қаватидан ажралиб қолишига артерия қатланиши, яъни артерия диссекцияси деб айтилади. Бунинг натижасида ички ва ўрта қаватнинг орасида узун бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқ интимал қаватда пайдо бўлган ёриқлар орқали артериянинг ичига очилади. Натижада, артериянинг ҳақиқий тешигидан янги пайдо бўлган бўшлиқ ичига қон ўтади ва артериянинг шу қисми кенгая бошлайди. Бу эса қопсимон аневризма пайдо бўлишига олиб келади. Шу ерда тромб ҳам шакллана бошлайди. Артериянинг қатланиши унинг торайишига ҳам сабаб бўлади. Бунинг натижасида стеноз ва окклюзия ривожланади, артериянинг дистал қисмида перфузион босим пасаяди. Бу вазият ўта хавфли бўлиб, атеротромботик, артериоэмболик ва гемодинамик инсультларни юзага келтиради. Артерия қатланиши ёшлар ва ўрта ёшдагиларда кўп кузатилади. Артерия қатланиши 80% ҳолларда уйқу артериялари, 20% ҳолларда умуртқа артерияларида учрайди. Артерия қатланишининг асосий сабаблари – ўсмирлик давридан буён давом этаётган АГ, краниоцеребрал жароҳатлар, фибромускуляр дисплазия, Марфан синдроми, васкулопатия ва ўтказилган вирусли инфекциялардир.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича