Чакка бўлаги ўсмаси


Чакка бўлаги ўсмаларида эпилептик хуружлар жуда кўп учрайди. Улар “Чакка эпилепсияси” деб ҳам аталади. Эпилептик хуружларнинг кўп кузатилиши бўйича чакка бўлаги ўсмалари марказий пушталар ўсмаларидан сўнг 2-ўринда туради. Чакка бўлаги ўсмасида кузатиладиган эпилептик хуружлар учун эшитув, ҳидлов ва таъм билиш галлюцинациялари хос. Бу галлюцинациялар, кўпинча, эпилептик хуружлар хабарчиси, яъни аура сифатида намоён бўлади. Баъзида эса галлюцинациялар эпилептик хуружларсиз алоҳида учрайди. Агарда ўсма чакка бўлагининг ички қисмидан ўтувчи Грациоле тутамига тарқалса, кўрув галлюцинацияси ҳам кузатилади.
     
Доминант ярим шарнинг чакка бўлаги ўсмасида юқорида кўрсатилган симптомлардан ташқари сенсор (22-майдон) ва амнестик афазиялар (37-майдон) вужудга келади. Чакка бўлагининг чуқурроқ қисмида жойлашган ўсмада Грациоле тутамининг вентрал толалари зарарланади. Бунда юқори квадрант гемианопсия ривожланади ва ўсма катталашган сайин у тўла гемианопсияга ўтади. Бу бузилишларни фақат окулист аниқлай олади.
      
Чакка бўлагининг орқа қисми (21-майдон, вестибуляр анализатор) ўсмасида вестибуляр бузилишлар кўп кузатилади. Улар бош айланиш хуружлари, мувозанат бузилиши ва турли галлюцинациялар билан намоён бўлади. Хуружсимон кечувчи ушбу вестибуляр бузилишлар чакка, тепа ва энса бўлаклари чегарасида жойлашган ўсмаларда кўп учрайди.
      
Чакка бўлагининг медио-базал қисмида жойлашган ўсмада Корсаков типидаги амнезия кузатилади, яъни беморда эслаб қолиш қобилияти бузилади. Бемор ҳеч нарса ва ҳеч қандай воқеани эслаб қола олмайди. Бу ҳолат бирламчи хотира жараёнида асосий аҳамиятга молик бўлган тузилма бўлмиш гиппокамп ўсмасида учрайди. Гиппокамп ўсмасида ҳидлов агнозияси ҳам кузатилади, яъни бемор ўзига аввал таниш бўлган ҳидларни (гул ёки лимон ҳиди) айтиб бера олмайди. Ҳидлов агнозияси бемор кўзини юмган ҳолатда текширилади. Масалан, беморга атир ҳидлатилади ва ундан “Бу ниманинг ҳиди?” деб сўралади. У ҳидни сезганини айтади, аммо ниманинг ҳиди эканлигини билмайди. Каттароқ ҳажмга етган ва ичкарига қараб ўсган чакка бўлаги ўсмасида гемипарез ҳам ривожланади. Унинг пайдо бўлиши ўсманинг ички капсулагача ўсганлиги билан боғлиқ.
       
Юқорида келтирилган аксарият симптомлар (масалан, афазия, агнозия ва амнестик синдромлар) ўнг томондаги чакка бўлаги ўсмаларида кузатилмайди ёки жуда суст ривожланган бўлади. Шунинг учун ҳам субдоминант ярим шарнинг чакка бўлагида жойлашган ўсма катта ҳажмга етмагунча аниқланмай қолади. Дастлабки эпилептик хуружлар ёки кечроқ пайдо бўлган ўчоқли неврологик симптомлар беморни жиддийроқ текширишни талаб қилади. Ҳар қандай гумонли ҳолатларда зудлик билан КТ/МРТ текширувларини ўтказиш зарур.
      
Бош мия катта ярим шарларининг бошқа соҳалари ўсмаларига қараганда чакка бўлаги ўсмасида дислокацион синдром тез ривожланади. Дислокацион синдром, одатда, катта ҳажмга етган чакка бўлаги ўсмасида вужудга келади ва тўрт тепалик синдроми (нигоҳнинг вертикал фалажи, нистагм, қорачиқ фотореакцияси бузилиши), III нерв зарарланиш белгилари (птоз, ғилайлик, диплопия, мидриаз) билан намоён бўлади. Бу симптомлар дислокацион синдромнинг дастлабки белгиларидир. Кейинчалик алтернирлашган Вебер синдроми, кўрув нерви тракти зарарланиши, пўстлоғости ядролари ва гипертензион синдром каби бошқа белгилар ҳам қўшилади.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича