Чакка эпилепсияси
Эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг латерал ва медиал юзаларида жойлашса, чакка эпилепсияси ривожланади. Чакка эпилепсияси оддий ва мураккаб фокал хуружлар ҳамда иккиламчи-тарқалган хуружлар билан намоён бўлади. Бу эпилепсиянинг деярли ярмидан ошиғи, иккиламчи-тарқалган хуружлардир.
Чакка бўлагининг латерал юзаси ҳам, медиал юзаси ҳам мураккаб морфофункционал тузилишга эга. Чакка бўлаги нафақат эшитув, ҳидлов ва таъм билиш функцияларини таъминлаб беради, балки мураккаб психоэмоционал ва психовегетатив функцияларни таъминлашда ҳам бевосита иштирок этади. Шу боис чакка эпилепсиясида “моносимптомлар” жуда кам учрайди. Чакка эпилепсияси турли кўринишда намоён бўладиган клиник симптомларга бой эпилепсиядир. Бу эпилепсия психоэмоционал ва вегетатив-висцерал пароксизмларга жуда бой. Айниқса, хуружларнинг хотира бузилишлари билан намоён бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Чунки гиппокамп ва унга ёндош бўлган тузилмалар хотира ва онг функцияларини таъминлаб беришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам чакка эпилепсияси хуружларида амнезия ва ҳуш бузилишлари кўп пайдо бўлади.
Чакка эпилепсиясида галлюцинациялар, яъни эшитув, ҳид ва таъм билиш галлюцинациялари жуда кўп учрайди. Агар эшитув галлюцинациялари, кўпинча, латерал типдаги чакка эпилепсиясида рўй берса, ҳид ва таъм билиш галлюцинациялари мезотемпорал эпилепсияда кўп кузатилади. Чунки, гиппокампда ҳид ва таъм билиш марказлари жойлашган. Чакка бўлагидан Грациоле тутами ўтганлиги боис, бу соҳа эпилепсиясида кўрув галлюцинациялари кўп учрайди. Бу хуружларни, кўпинча энса эпилепсияси билан адаштиришади.
8-расм. Инсультдан кейин ривожланган фронтотемпорал эпилепсия |
Пешона эпилепсиясидан фарқли ўлароқ, чакка эпилепсияси аураларга бой. Чакка эпилепсиясида аввал турли хил ауралар, кейин яққол ифодаланган вегетатив пароксизмлар, ундан сўнг эса узоқ давом этувчи онгнинг хиралашуви, яъни карахтлик кузатилади. Булар чакка эпилепсияси учун жуда хос бўлган мураккаб фокал хуружлардир. Оддий фокал хуружлар эса кам учрайди. Баъзида эса чакка эпилепсияси хуружлари (айниқса, латерал типдаги) фақат сенсор, мотор, психик ёки вегетатив пароксизмлар билан намоён бўлади. Сенсор хуружлар – сенсор афазия, логоррея, макропсия, микропсия, мотор хуружлар – турли хил мотор автоматизмлар, психик хуружлар – “аввал кўрган” ёки “ҳеч қачон кўрмаган” феномени билан, вегетатив пароксизмлар – тахикардия ва абдоминалгиялар билан намоён бўлади. Чакка эпилепсиясида фақат бош айланиш билан кечадиган фокал хуружлар ҳам кўп учрайди. Умуман олганда, локал типдаги бошқа симптоматик эпилепсияларга қараганда, чакка эпилепсиясида бош айланиш хуружлари кўп кузатилади. Бу эпилепсияга оид умумий маълумотлар 6-жадвалда келтирилган.
6-жадвал
Чакка эпилепсиясига оид умумий маълумотлар
Ауралар | Жуда кўп учрайди. |
Хуружлар типи | Оддий ва мураккаб фокал ҳамда иккиламчи-тарқалган хуружлар |
Хуружлар сони | Бир ойда бир неча маротаба кузатилади |
Хуружлар давомийлиги | Одатда, 1–3 дақиқа |
Сенсор хуружлар | Жуда кўп учрайди, яъни бош айланиш, танада ёқимсиз сезгилар, сенсор афазия |
Вегетатив симптомлар | Жуда кўп учрайди, яъни тахикардия, нафас бўғилиши, оғиз қуриши ёки гиперсаливация, эпигастрал соҳада ёқимсиз сезгилар, кўнгил айниши, оч қолганлик ҳисси, сийишга қистовлар, синкопал ҳолатлар |
Психик феноменлар | “Аввал кўрган ёки ҳеч қачон кўрмаган” феномени, галлюцинациялар, замон ва маконни нотўғри тасаввур қилиш, эшитиш ва баъзида кўриш галлюцинациялари, қаҳр ва ғазаб қўзғашлари |
Автоматизмлар ва хотира | Хулқ-атвор ўзгариши билан боғлиқ мураккаб автоматизмлар, сомнолент ҳолатлар. Автоматизмлар пайтида рўй берган барча хатти-ҳаракатлар эсда сақланиб қолмайди |
Юқорида кўрсатиб ўтилган симптомларнинг қай тарзда намоён бўлиши, албатта, эпилептоген ўчоқнинг қайси соҳада жойлашганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Эпилептоген ўчоқнинг жойлашувига қараб 2 типдаги чакка эпилепсияси фарқланади:
- Мезотемпорал эпилепсия (медиобазал типдаги чакка эпилепсияси)
- Латерал (неокортикал) типдаги чакка эпилепсияси
Мезотемпорал эпилепсия. Эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг медиал юзаси, яъни гиппокамп, амигдалиум, парагиппокампал пушталарида жойлашса, мезотемпорал эпилепсия ривожланади. Лимбик система таркибига кирувчи ушбу тузилмалар вегетатив функцияларни таъминлаб беришда марказий аҳамиятга эга. Шу боис, мезотемпорал эпилепсия ранг-баранг вегетатив пароксизмлар билан намоён бўлади. Мезотемпорал эпилепсия жуда кўп ҳолларда қуйидаги вегетатив ауралар билан бошланади: эпигастрал соҳада тўсатдан пайдо бўлган ғалати бир ёқимсиз сезги бир неча сония ичида юқорига кўтарилиб беморнинг бўғзига келиб “тиқилади”, кўнгли айниб кекира бошлайди ёки қайт қилиб юборади, юзи қизиб кетади ва гиперемия пайдо бўлади. Мезотемпорал эпилепсияда эпигастрал соҳада хуружсимон ёқимсиз сезгилар шу қадар кўп кузатиладики, буни ҳатто эпигастрал аура деб ҳам аташади.
Қорачиқларнинг тўсатдан кенгайиб қўрқув ва хавотир пайдо бўлиши ҳамда ваҳима босиши – ушбу эпилепсия учун жуда хос белгилар. Бу пайтда тахикардия вужудга келади, нафас олиш тезлашади, ҳидлов ва таъм билиш галлюцинациялари рўй беради. Хуруж пайтида беморнинг ҳуши тўла йўқолмайди, балки у сомнолент ҳолатга тушади. Ушбу ҳолат бир неча сониядан бир неча соатгача давом этади. Баъзида соноленция 2–3 кунлаб сақланади. Тўсатдан бошланган мураккаб фокал хуружлар қанча вақт давом этишидан қатъи назар, улар аста-секин камая боради. Баъзида синкопал хуружлар, яъни қисқа давом этувчи ҳушдан кетишлар рўй беради. Бу пайтда бемор йиқилиб тушади, бироқ эпилепсияга хос мотор хуружлар кузатилмайди.
Чакка эпилепсияси билан боғлиқ автоматизмлар баъзида соатлаб давом этади ва бу вақтда қилинган ҳаракатлар беморнинг эсида қолмайди. Чунки бу автоматизмлар енгил сомноленция ҳолатида рўй беради. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, шаҳарни 2–3 соат мобайнида айланиб юради ва уйга келиб ухлаб қолади. Уйғонганидан кейин қаерга бориб келгани ҳақида сўралса: “Ҳеч қаёққа! Уйда ухлаб ётувдим-ку” дейди ёки бўлган воқеалар тушида рўй бергандек туюлади.
Мезотемпорал эпилепсия хуружи пайтида деярли барча турдаги вегетатив бузилишларни кузатиш мумкин. Улар юрак қон-томир, эндокрин, нафас олиш, ошқозон-ичак ва сийдик ажратиш системалари дисфункцияси билан намоён бўлади. Вегетатив-висцерал бузилишларнинг қай тарзда вужудга келиши беморнинг қайси вегетатив тип, яъни симпатик ёки парасимпатик типга алоқадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Медиобазал тузилмалар нафақат вегетатив, балки психик функцияларнинг шаклланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам, мезотемпорал эпилепсияда руҳий пароксизмлар кўп кузатилади. Қўрқув ва хавотир хуружларидан ташқари, dйjа vu (аввал кўрган) ёки jamais vu (ҳеч қачон кўрмаган) феномени пайдо бўлади.
Узоқроқ чўзилган хуружлар пайтида турли хил автоматизмлар рўй бериб туради. Орал автоматизмлар, асосан, юзини бужмайтириш, тили ва лаблари билан турли ҳаракатлар қилиб юбориш билан кечади. Баъзида бемор “қўрққан” кўзларини катта очиб бир нуқтага тикилиб қолади. Бу ҳолат худди абсансни эслатади. Бироқ бу абсанс эмас, балки псевдоабсансдир. Псевдоабсанслар абсансларга қараганда узоқроқ давом этади. Абсанслар бир неча сония давом этса, псевдоабсанслар бир неча дақиқага чўзилади. Абсансларда тўла амнезия, псевдоабсансларда эса қисман амнезия кузатилади. Абсанслар, кўпинча, эрталаб пайдо бўлса, псевдоабсанслар ҳар қандай вақтда ҳам кузатилаверади. Абсансларда аура бўлмайди, псевдоабсанслар, кўпинча ауралар билан бошланади. Абсанслар, асосан, болалар ва ўсмирларда кузатилади, псевдоабсанслар эса турли ёшда ҳам учрайверади. ЭЭГ ҳам уларни фарқлашга ёрдам беради. Абсанслар учун частотаси 3 Гц бўлган симметрик типдаги пик-тўлқинли эпилептик фаоллик хос. Псевдоабсансда аниқ ифодаланган эпилептик фаоллик бўлмайди.
Мезотемпорал эпилепсия аниқланган беморларнинг кўпчилиги эрта болалик даврида атипик фебрил хуружлар ва турли хил перинатал касалликлар билан оғриган бўлади. МРТ текширувларида чакка бўлагининг медиал қисми, айниқса, гиппокампда склеротик ўчоқлар аниқланади. Мезотемпорал эпилепсияда фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиб кетиши кўп кузатилади. Бундай пайтларда тоник-клоник хуружлар билан бошланувчи катта эпилептик хуружлар ривожланган бўлади. Умуман олганда, эпилепоген ўчоқларнинг чакка пўстлоғида жойлашуви деярли ҳар доим катта эпилептик хуружлар ривожланиши хавфини уйғотади.
Латерал (неокортикал) типдаги чакка эпилепсияси. Эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг латерал юзасида жойлашса, латерал типдаги чакка эпилепсияси ривожланади. Чакка эпилепсиясининг ушбу тури мезотемпорал эпилепсияга қараганда кам учрайди. Эпилептик хуружлар эшитув галлюцинациялари, бош айланиш хуружлари, сенсор нутқ бузилишлари (доминат ярим шар), логоррея, мусиқали товуш галлюцинациялари (субдоминант ярим шар) ва баъзида кўрув галлюцинациялари билан бошланади. Ушбу галлюцинациялар аура ҳисобланади. Кейин биратўла ҳушнинг хиралашуви пайдо бўлади, бироқ аура типида бошланган галлюцинациялар яна давом этаверади. Шунингдек, қарама-қарши томонда бошнинг бир томонга қайрилиши, мимик ва қўл панжаси автоматизмлари ҳам вужудга келади. Чунки, бош ва қўлнинг проекцион соҳалари чакка бўлагига яқин жойлашган. Латерал типдаги чакка эпилепсиясида ҳам фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиши кўп учрайди. Бунда тоник-клоник хуружлар вужудга келади. ЭЭГ да турли частотали пик-тўлқинли ва секин-тўлқинли эпилептик фаоллик аниқланади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича