Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЧАПАҚАЙЛик ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

ЧАПАҚАЙЛик ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?


Мендан чапақайлик ҳақида кўп сўрашади. Бу саволларнинг баъзиларига жавоб бериб ўтаман.

Савол: Чапақай ва ўнақай мияси – қай бири устун?
Жавоб: Бош мия иккита, яъни чап ва ўнг ярим шардан иборат. Бош миянинг чап ярим шарида нутқ марказлари жойлашган. Шунинг учун ҳам бош миянинг чап ярим шарида сўз билан боғлиқ барча тафаккур операциялари амалга оширилади. Бош миянинг ўнг ярим шари объектларнинг фазовий жойлашувини таҳлил қилиш учун жавоб беради. Масалан, атроф-муҳитдаги уйлар, дарахтлар, машиналар, ҳайкаллар ва борингки, ҳар қандай шаклга эга бўлган объектларни шакл-шамойилини таҳлил қилади. Демак, бош миянинг ўнг ярим шари дунёни сўз иштирокисиз қабул қилади ва бу ерда, асосан, кўриш анализаторининг аҳамияти катта. Чап ярим шар эса сўз билан ифодаланган маълумотларни қабул қилади ва таҳлил қилади. Образли қилиб айтганда, чап ярим шар, асосан, сўз билан, ўнг ярим шар эса кўз билан дунёни идрок этади. Бу уйғунлик сақланган бўлса, инсоннинг хотираси ҳам мустаҳкам бўлади.
Геометрик шаклларни қабул қилиб олиш ўнг ярим шарнинг вазифаси. Бироқ ҳар қандай фазовий жисмлар ёки геометрик шаклларни сўз билан ифодалаб бериш талаб қилинса, бу ерда чап ярим шар ёрдамга келади. Демак, чап ярим шарнинг тили бор. Бироқ ҳозир мен келтириб ўтган мисоллар ўнақайлар учун хос. Чапақайларда эса нутқ марказлари бош миянинг ўнг ярим шарида жойлашган. Демак, чапақайларда чап ярим шар бажарадиган аксарият функциялар ўнг ярим шар зиммасига юклатилган. 
Бундан ташқари, амбидекстрлар, яъни олий руҳий функцияларни бажаришда миянинг иккала ярим шари бир хилда иштирок этадиганлар ҳам бор. Бундайлар иккала қўли билан ҳам бир хил ишлай оладиганлардир. Бироқ бу дегани иккала қўли билан ҳам ёза олади, дегани эмас. Масалан, амбидекстр ёзганда қаламни ўнг қўлига олса, нон кесиш учун пичоқни чап қўли билан ушлайди. «Тоза» чапақайлар 15% дан ошмайди. Бизнинг орамизда амбидекстрлар ва ўнақайлар кўп. Амбидекстрларда нутқ функциясини бажаришда бош миянинг иккала ярим шари ҳам иштирок этади. Шу боис амбидекстрларда инсульт сабабли нутқ бузилса, у тез тикланади.

Савол: Чапақайлардан қандай касб эгалари кўп­роқ етишиб чиқади? 
Жавоб: Чапақайлардан композиторлар, рассомлар, футболчилар, боксчилар ва табиатшунос олимлар кўпроқ етишиб чиқади. Чапақайлардан буюк футболчилар чиқиши, улар голни аниқ ва кўп уриши каби ҳолатлар геометрик фигуралар учун жавоб берадиган ўнг ярим шарнинг устунлиги билан боғлиқ. Улар дарвозанинг ҳар қандай бурчагини тўғри нишонга олишади. 
Чапақайлар ўнақайларга қараганда ҳиссиётга кўпроқ берилади. Шу сабаб уларни хафа қилиш осон. Балким шунинг учундир, уларда бировлардан устунлик қилишга интилиш юқори. Бироқ чапақайлардан яхши ёзувчилар чиқмайди. Бу хусусият ўнақайлар учун хос. 

Савол: Ким чаққон?
Жавоб: Чапақайлар кўпроқ амалиётчи, ўнақайлар эса назариётчи бўлишади. Чунки миянинг чап ярим шари (яъни, сўз марказлари жойлашган ярим шар) устунлик қиладиган ўнақайлар нарса ва воқеаларни таҳлил қилиб ўтиргунча, миянинг ўнг ярим шари устунлик қиладиган чапақайлар (амалиётни яхши кўрадиган ўнг ярим шар) ишни дарров амалга оширади-қўяди. Назария билан амалиётни биргаликда олиб борган инсонлар қайси типга киришидан қатъи назар, доимо ютуқда бўлишини ҳам унутманг.

Савол: Агар бола чапақай бўлса, уни мажбурлаб ўнг қўлда ёзишга ва овқатланишга ўргатиш керакми? 
Жавоб: Асло мумкин эмас. Акс ҳолда энди куртак отаётган футбол, расм солиш ва мусиқага қизиқиш каби чапақайларга хос фазилатлар йўққа чиқади. Шунингдек, чапақайликдан ўнақайликка ўргатиш болани асабий ва уқувсиз қилиб қўйиши мумкин.
Чапақайлар ўнақайларга қараганда ақлли ва уддабурон бўлишади, деган фикр нотўғри. Чапақайлар жуда камчиликни, яъни бор йўғи 10–15% ни ташкил қилгани учун, яъни ўнақайлардан 7–8 баробар оз бўлгани учун улар орасидаги машҳур одамлар 7–8 баробар кўпдек туюлади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича