Базиляр артерия аневризмаси
Базиляр артерияда жойлашган аневризма ёрилса, нафас олиш ва юрак-қон томир фаолияти кескин бузилади ва дарров кома ривожланади. Бундай пайтда краниал нервлар деярли ҳар доим зарарланади. Ўткир геморрагиянинг биринчи куниёқ иккала қорачиқ ҳам кенгаяди (икки томонлама мидриаз) ва фотореакция умуман йўқолади. Базиляр артериянинг юқори ва пастки сегментлари аневризмаси ёрилиши турли симптомлар билан намоён бўлади. Юқори сегмент аневризмаси ёрилса – птоз, қочувчи ғилайлик, мидриаз, Парино симптоми, кучли нистагм, баъзида офталмоплегия ривожланади. Аневризмалар ёрилиши, аксарият ҳолларда, ушбу артерия тармоқларининг периферик қисмида ўткир ишемия ҳолатларини юзага келтиради. Баъзида ишемия миянинг катта соҳасини эгаллайди. Базиляр артерия аневризмаси ёрилса, а. cerebri posterior қон билан таъминлайдиган соҳада ишемия ривожланади. Бунда гомоним гемианопсии ёки кортикал кўрлик пайдо бўлади. Ишемия а. basilaris нинг калта артерияларида рўй берса, алтернирлашган синдромлар вужудга келади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича