БЕЛБОҒ ГЕРПЕС
Белбоғ герпес (herpes zoster) – спорадик тарзда учрайдиган ўткир вирусли инфекцион касаллик бўлиб, асосан, спинал ганглияларнинг зарарланиши билан намоён бўлади. Бу касаллик ҳар қандай ёшда учрайди. Бироқ бу касаллик билан 60 ёшдан ошганлар кўп касалланишади. Иммунитет пасайиши белбоғ герпес билан касалланиш хавфини оширади.
Этиологияси ва патогенези. Касаллик қўзғатувчиси сувчечак вируси (varicella zoster virus) бўлиб, у аввал сувчечак билан касалланганларда учрайди. Маълумки, одам сувчечак билан болалик даврида касалланади. Касаллик ўтиб кетгач, вируслар организмдан бутунлай чиқиб кетмайди. Вирус одам организмининг баъзи аъзоларига, шу жумладан, нерв системасига ўтиб спинал ва тригеминал ганглияларга жойлашиб олади. Вируслар организмда яширин ҳолатда бир неча йиллар мобайнида сақланади. Вируснинг организмга тушган дастлабки давридан бошлаб herpes zoster симптомлари пайдо бўлгунга қадар ўтган вақт бир неча 10 йилларни ташкил этади. Аммо бу давр жуда қисқа, яъни бир неча ойлар бўлиши ҳам мумкин.
Агарда қариялар сувчечак билан касалланган невараси билан ёнма-ён ўтиришса, уларда ҳам herpes zoster ривожланиши мумкин. Чунки организмда йиллар мобайнида яширин ҳолатда ётган herpes zoster вируси сувчечак билан контактда яна фаоллашади. Аввал сувчечак билан касалланмаганларда herpes zoster ривожланмайди.
Вируснинг қайта қўзғалишига кекса ёш, узоқ вақт совуқда қолиб кетиш, кортикостероидлар ва цитостатиклар билан даволаниш, онкологик ва гематологик касалликлар, кимётерапия ва радиацион терапия, ОИТС ва турли инфекцион касалликлар туртки бўлади. Умумий иммунитетни пасайтирувчи ҳар қандай патологик ҳолатлар ва касалликлар varicella zoster қўзғалишига сабабчи бўлади. Қайта “бош кўтарган вирус” организмда кўпая бошлайди ва ганглионит, ганглионеврит ривожланади. Ганглионеврит симптомлари пайдо бўлганлиги вируснинг қайта фаоллашганлигини кўрсатувчи аломатдир. Демак, кўпинча спинал ва краниал ганглиялар ва уларнинг сенсор илдизчалари зарарланади. Агар вирус ликвор йўлларига тушса, нерв системасининг бошқа тузилмалари ҳам зарарланади. Бунинг натижасида вирусли менингит, менингоэнцефалит, энцефалит ва миелит ривожланиши мумкин. Вирус вегетатив ганглияларга ҳам ўтади.
Клиникаси. Касаллик клиникаси ва кечишида 4 давр фарқланади.
- Продромал давр ёки прегерпетик невралгия.
- Герпетик (экзантем) тошмалар даври.
- Постгерпетик невралгия даври.
- Асоратлар даври.
Кўпинча, тошмалар тошган даврда врачлар қийналмай тўғри ташхис қўйишади. Герпетик тошмалар 2-7 кун ичида кўпайиб кетади. Дастлаб тошмалар битта-иккита жойда пайдо бўлиб, кейин тарқала бошлайди. Терида пайдо бўлган везикуляр тошмалар бир-бири билан қўшилиб, худди қизариб пишган узум палласини эслатади. Кўп жойларда майда тошмалар алоҳида жойлашади, уларнинг атрофида янги тошмалар ҳам пайдо бўлади. Оғриқлар ва тошмалар локализацияси бир-бирига тўғри келади ва кўпинча қовурғалараро соҳада жойлашади. Бу соҳадаги оғриқлар ва тошмалар танани белбоғ каби ўраб олади. Шунинг учун ҳам бу касаллик “белбоғ герпес” деб ном олган. Везикулалар сероз суюқликдан иборат. Баъзи тошмалар геморрагик хусусиятга эга бўлиб, улар ёрилса, қон аралаш суюқлик чиқади.
Тошмалар билан намоён бўлувчи ҳеч қайси бир тери касаллигида белбоғ герпесдаги каби кучли оғриқлар бўлмайди. Буни эътиборга олиш тўғри ташхис қўйишни осонлаштиради. V нерв ганглияси зарарланса, тошмалар юзда, спинал ганглиялар зарарланса, танада пайдо бўлади. Кўп ҳолларда, орқа миянинг бўйин ва кўкрак ганглиялари, кам ҳолларда бел-думғаза соҳаси ганглиялари зарарланади. Шунинг учун биз герпетик тошмаларни кўпинча бўйин-eлка соҳасида ва қўлтиқ тагида кўрамиз. Герпетик тошмалар ҳар доим тананинг бир томонида кузатилади ва 2-3 та дерматома соҳасини эгаллаб олади.
Герпетик тошмаларнинг ёрилиб йўқола бориши 2-3 ҳафта давом этади. Тошмалар ёрилса, уларнинг ўрнида пигментли доғлар, қарияларда эса некротик чандиқлар пайдо бўлади. Бу чандиқлар ва пигмент доғлар қарияларда бутунлай йўқолиб кетмайди. Ёшларда эса пигмент доғлар йўқолиб, тери ранги аввалги ҳолига қайтади. Герпетик тошмалар йўқола бошласа, оғриқлар ҳам камая боради. Бироқ катта ёшдагилар, айниқса, 60 ёшдан ошганларда кучли оғриқлар бир неча ой сақланиб туради. Оғриқлар эгаллаган соҳа кичрайиб борса-да, унинг бутунлай йўқолиши 3-6 ойга чўзилиши мумкин. Оғриқларнинг бир неча ойга чўзилиб кетиши организмдаги бошқа касалликларни (артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги ва ҳ.к) ҳам қўзғаб юбориши мумкин. Бундай пайтда беморга доимий врач назорати керак. Herpes zoster асорати – булар некротик чандиқлар ва баъзида қўзғаб турувчи постгерпетик оғриқлардир.
Herpes zoster тошмасиз намоён бўлиши мумкин, бироқ ҳеч қачон оғриқларсиз намоён бўлмайди.
Айтиб ўтилганидек, белбоғ герпес спинал ганглионевритлардан ташқари, Гассер тугуни ва тиззасимон тугун ганглионитлари билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Гассер тугуни зарарланса, юз-кўз атрофида herpes zoster белгилари пайдо бўлади ва касаллик аянчли тус олади. Юздаги кучли оғриқлар ва тошмалар беморни оғир аҳволга солиб қўяди. Юз эмоционал орган ҳисобланади ва вегетатив иннервацияга бой. Шунинг учун ҳам бу соҳадаги ҳар қандай патологик жараён кучли психоэмоционал бузилишлар билан намоён бўлади. Баъзи беморларда ҳатто реактив психоз ривожланади. Оғриқлар V нервнинг менингеал толалари бўйлаб мия пардаларига ҳам тарқайди. Бунинг натижасида менингеал типдаги оғриқлар юзага келади. Инфекция мия пардаларига тарқалса, сероз менингит ривожланиши мумкин. Агар инфекция V нервнинг кўз нерви (n. ophthalmicus) бўйлаб тарқалса, ophthalmic herpes ривожланади. Ophthalmic herpes – herpes zoster нинг ўта оғир тури. Чунки бунда кўзнинг юмшоқ тўқималари ҳам зарарланади, яъни кератит, ирит
ва глаукома ривожланади. Бу эса кўриш функциясининг бузилишига олиб келади. Баъзида косметик дефектлар пайдо бўлади. Гассер тугуни ганглионити гоҳида умумий интоксикация ва тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечади.
Тиззасимон тугун (gang. geniculi) зарарланса, куйдиргувчи оғриқлар ва герпетик тошмалар қулоқ супраси, унинг атрофи ва ташқи эшитув йўлида кузатилади. Бу синдром Хант синдроми деб аталади. У ҳақда “краниал невропатиялар” қисмида маълумот берилган.
Кечиши. Касаллик eнгил, ўртача ва оғир даражада кечади. Касаллик ёшларда бироз eнгил кечади ва улар тез тузалишади. Қарияларда ёки иммунитети суст одамларда касаллик оғир кечади. Уларда постгерпетик невралгия даври ҳам чўзилади. Тошмалар ўрнида турли некротик чандиқлар қолади. Баъзида юрак мускуллари зарарланиб, бемор реанимацияга тушиб қолади. Шунингдек, менингит, менингоэнцефалит, миелит ва Гийен-Барре синдроми ривожланиши мумкин. МНС зарарланиши герпетик тошмалар тошиши даврига тўғри келади. Демак, ушбу даврда жуда эҳтиёт бўлиш ва антивирус терапияни иложи борича эрта бошлаш керак. Баъзи беморларда herpes zoster яна қайта пайдо бўлади, яъни улар бир неча йиллар ўтиб яна ушбу касалликка дучор бўлишади. Бу ҳолат кўпинча ОИТС билан касалланганлар ва онкологик беморларда рўй беради. Баъзида ўтиб кетган оғриқлар яна қайта қўзғайди. Бунинг сабаби “оддий шамоллаш” бўлиши мумкин. Ўткир стресс ҳам оғриқни қўзғаб туради.
Ташхис. Белбоғ герпес ташхисини қўйиш қийинчилик туғдирмайди. Айниқса, герпетик тошмалар тошгандан кейин ташхис қўйиш жуда осонлашади. Герпетик тошмалар ҳар доим кучли оғриқлар билан кечади ва тананинг бир томонида пайдо бўлади.
Эслатма. Белбоғ герпес фақат куйдиргувчи радикуляр оғриқлар билан ва ҳеч қандай тошмаларсиз кечиши ҳам мумкин. Бундай пайтларда varicella zoster вирусига антитаначалар титрининг кўтарилганлигига қараб тўгри ташхис қўйилади. Бунинг учун вирусологик усуллардан фойдаланилади.
Давоси. Беморни даволашда антивирус дорилар, иммуномодуляторлар, витаминлар, дезинтоксикация муолажалари, яллиғланишга қарши ностероид дори воситалари ва маҳаллий даволаш усуллари қўлланилади. Антивирус дорилар фаоллашган вирусларнинг кўпайишини тўхтатади. Вирусларнинг ДНК-полимеразаси ациклик нуклеозидларни (ацикловир) адашиб, ўзиники деб қабул қилади ва улар билан реакцияга киришади. Бунинг натижасида янги вирусларнинг ДНК синтези бузилади ва вируслар репликациясига (кўпайишига) чек қўйилади. Организмнинг нормал ҳужайраларидаги ДНК зарар кўрмайди. Ушбу механизмни 1977-йили ўрганиб янги дори кашф қилган америкалик олима Г. Б. Элаeн Нобел мукофотига сазовор бўлган. У биохимик бўлган. Янги яратилган дорига ацикловир деб ном берилган.
Ацикловир ва шу каби бошқа антивирус дорилар организмда яширин ҳаёт кечираётган вирусларга таъсир кўрсата олмайди. Демак, бу дорилар кейинчалик бош кўтариши мумкин бўлган вирусларни йўқота олмайди. Улар фақат фаоллашган вирусларга таъсир кўрсатади. Антивирус дорилар касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлган заҳоти тавсия этилиши керак.
Антивирус дорилар. Ацикловир (виролекс, зовиракс) белбоғ герпесда қўлланиладиган асосий антивирус дори ҳисобланади. Ацикловир 1 кг тана вазнига
5 мг дан кунига 3 маҳал вена ичига томчилатиб юборилади (1-жадвал).
1-жадвал
Ацикловирни венага томчилатиб юбориш схемаси
Тана вазни , | Тахминий қилинадиган вақти (соат) ва дозаси (мг) | Бир кунлик дозаси, мг | ||
кг | Ertalab 8.00 | Kunduzi 16.00 | Kеchasi 24.00 | |
30 | 150 | 150 | 150 | 450 |
40 | 200 | 200 | 200 | 600 |
50 | 250 | 250 | 250 | 750 |
60 | 300 | 300 | 300 | 900 |
70 | 350 | 350 | 350 | 1050 |
80 | 400 | 400 | 400 | 1200 |
90 | 450 | 450 | 450 | 1350 |
100 | 500 | 500 | 500 | 1500 |
Изоҳ. Дори 0,9% ли натрий хлорид ёки 5% ли глюкоза эритмасида 1 соат мобайнида венадан томчилатиб юборилади. Дори 7 кун мобайнида қилинади.
Эритмани тайёрлаш усули. Ацикловир (зовиракс, виролекс) турли ҳажмдаги флаконларда ишлаб чиқарилади. Флаконларда 250, 500 ва 1000 мг ацикловир кукуни бор. Эритмани тайёрлаш учун 250 мг ацикловир 10 мл, 500 мг ли ацикловир 20 мл, 1000 мг ли ацикловир 40 мл натрий хлорид эритмасида эритилади. Чўкма ҳосил бўлмаслиги учун эритма яхшилаб чайқатилади. Тайёр бўлган эритма 0,9% 100 ёки 200 мл натрий хлорид эритмасига қўшилади ва венадан 1 соат мобайнида томчилатиб юборилади. Натрий хлорид ўрнига 5% ли глюкоза эритмаси ҳам қўлланилиши мумкин. Эритма бевосита ишлатишдан олдин тайёрланади.
Иммунитет ўта паст ёки герпетик инфекция оғир кечган ҳолатларда, яъни герпетик менингит, менингоэнцефалит ёки полирадикулоневропатия ривожланганда ацикловир 1 кг тана вазнига 10-15 мг миқдорда ҳар 8 соатда қилинади. Бундай ҳолатларда дорини 10 кун мобайнида қилиш мумкин. Буйрак eтишмовчилигида дори кам дозада буюрилади. Ацикловирнинг ножўя таъсирлари кўнгил айниши, қусиш, бош оғриқ ва аллергик реакциялардир.
Ацикловир 200 ва 400 мг ли таблеткаларда ҳам ишлаб чиқарилади. Инъекция ўрнига ацикловир таблеткаси ҳам тавсия этилиши мумкин. Ацикловир 600-800 мг дан кунига 5 маҳал ичиш учун берилади. Ацикловир ва бошқа антивирус дорилар герпетик тошмалар пайдо бўлган заҳоти белгиланган дозада тавсия этилиши лозим. Ацикловир касаллик зўрайиб кетиши ва янги тошмалар пайдо бўлишининг ҳам олдини олади. Бироқ постгерпетик невралгия ривожланишини тўхтата олмайди.
Ганцикловир. Ганцикловир кимёвий тузилиши бўйича ацикловирга ўхшаб кетади. Лекин у нафақат herpes zoster вируси, балки цитомегаловирусларга ҳам таъсир кўрсатади. ОИТС билан касалланганларда ривожланган белбоғ герпесда ҳам ганцикловир самарали воситадир. Ганцикловир 1 кг тана вазнига 5 мг дан кунига 2 маҳал натрий хлорид ёки глюкозанинг изотоник эритмасида венадан 1 соат мобайнида томчилатиб юборилади. Ганцикловир 14-21 кун мобайнида қилинади. Кейинчалик ганцикловир таблеткаси 1 г дан 3 маҳал овқат пайтида ичишга буюрилади. Қанча вақт қабул қилиш касаллик тури ва даражасига қараб, индивидуал тарзда врач томонидан белгиланади. Ганцикловир кўпинча герпетик менингит, менингоэнцефалит, зотилжам, ОИТС ва онкологик касалликларда цитомегаловируслар чақирган инфекцияларда қўлланилади. Ганцикловир ҳомиладорлик ва лактация даврларида ҳамда 12 ёшгача бўлган болаларга тавсия этилмайди.
Фамцикловир. Бу дори ацикловирга қараганда бирмунча самаралидир. Фамцикловир 500 мг дан кунига 3 маҳал ичишга тавсия этилади. Дори 7 кун мобайнида қабул қилинади. Фамцикловир 125, 250 ва 500 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади.
Валацикловир. Валацикловир организмда ацикловирга айланади. Бу дори ацикловирга қараганда герпетик тошмалар қайтишига кучлироқ таъсир кўрсатади. Дори 500-1000 мг дан кунига 3 маҳал 7-10 кун мобайнида ичилади. Валацикловир 500 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади.
Антивирус дорилар билан даволаш патогенетик даволашдир. Қолган даволаш муолажалари эса симптоматик даволаш ҳисобланади. Антивирус дорилар гематоэнцефалик ва плецентар барерлардан бемалол ўтади. Улар билан даволашни эрта бошлаш, eтарли дозада қилиш ва асоссиз равишда эрта тўхтатиб қўймаслик керак. Кеч қўллаб бошланган антивирус дорилар самара бермайди. Герпетик тошмалар қайтиб постгерпетик невралгия даври бошлагандан сўнг тавсия этилган антивирус дорилар бефойдадир.
Иммунотерапия. Айтиб ўтганимиздек, герпетик инфекция организмнинг иммунитети сустлашган одамларда бош кўтаради. Шу боис, беморларга иммунотерапия ўтказиш лозим. Бунинг учун иммуномодуляторлар тавсия қилинади. Бироқ иммуномодуляторлар фаол герпетик яллиғланиш даврида қилинмайди. Герпетик тошмалар ўтиб кетиб, постгерпетик невралгия бошлаган даврда иммунотерапия ўтказилади. Демак, касаллик бошлаганидан 14 кун ўтиб иммунотерапия бошланиши мумкин. Иммуномодуляторлар организмда эндоген интерферон ҳосил бўлишини жадаллаштиради ва иммунитетни оширади. Шунингдек, бу дорилар антивирус, антибактериал, антиметастатик, антипролифератив, антимутаген ва антирадиацион таъсирга эга. Улар организмда ўсма ўсишини ҳам пасайтиради. Шунинг учун интерферонлар онкологик касалликларда ҳам тавсия этилади. Кўпинча қуйидаги интерферонлар қўлланилади: алфа-интерферон, бета-интерферон, гамма интерферон, тилорон, циклоферон.
Циклоферон 2 мл ли ампула ва 0,15 г ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Циклоферон қуйидаги схема бўйича қилинади: 1, 2, 4, 6, 8, 11, 14, 17, 20, 23, 26, 29-кунлари 2 мл дан венага ёки мушак ичига қилинади.
Оғриқ қолдирувчи дорилар. Белбоғ герпес ҳар доим кучли оғриқлар билан кечади. Бу оғриқларни eнгиллаштириш учун ҳар қандай аналгетиклардан фойдаланиш мумкин. Булар – аналгин ва димедрол аралашмаси, оғриққа қарши ностероид дори воситалари (диклофенак натрий, кетонал), антидепрессантлар, лидокаин, трамадол, карбамазепин, габапентин ва ҳ.к.
Кучли невропатик оғриқларни бартараф этишда трамадол кенг қўлланилади. Трамадол опиоид рецепторларга таъсир қилиш орқали оғриқни қолдиради. Трамадол 25 мг дан кунига 2 маҳал ичишга буюрилади. Орадан 5 кун ўтгач унинг дозаси 2 баробарга оширилади, яъни бемор дорини 50 мг дан кунига 2 маҳал қабул қилади. Агар оғриқлар шунда ҳам камаймаса, дори 100 мг дан кунига 2-3 маҳал тавсия этилади. Трамадолнинг бир кунлик дозаси 300-400 мг га eтказилиши мумкин. Дори 3-4 ҳафта мобайнида ичилади. Трамадолни узоқ вақт қабул қилса, наркотик боғланиш ривожланиши мумкин. Агар оғриқ пасая бошласа, дорининг дозаси камайтириб борилади.
Трамадолни тавсия этиш билан боғлиқ баъзи бир қоидаларни билиш зарур. Трамадол 60 ёшдан ошганларга камроқ дозада (кунига 200 мг) берилади. Чунки у когнитив бузилишларга олиб келади ёки уларни кучайтиради. Эпилепсияга мойил шахсларда эса тутқаноқ хуружларини қўзғаб юбориш хавфи бор. Трамадол қабул қилаётган беморга антидепрессантлар (масалан, амитриптилин, пароксетин, сертралин, венлаксин) тавсия этишни чеклаш лозим. Трамадол билан антидепрессантларни биргаликда тавсия этиш серотонин синдромини юзага келтиради. Бироқ трамадол кам дозаларда (50-100 мг) тавсия этилганда антидепрессантлар ҳам тавсия этилиши мумкин.
Трамадол билан парацетамол комбинациясидан тайёрланган дори залдиар ҳам невропатик оғриқларни қолдиришда жуда самаралидир. Залдиарнинг 1 таблеткаси 325 мг парацетамол ва 37,5 мг трамадолдан иборат. Бу эса трамадолнинг ножўя таъсирларини камайтириш имконини беради. Залдиар 1 табл. кунига 3 маҳал ичишга тавсия этилади. Залдиар тавсия этилган беморга антидепрессантлар ҳам бериш мумкин. Бироқ катта дозада берилган парацетамол жигарга токсик таъсир кўрсатишини эсда тутиш лозим.
Ҳар қандай кучли оғриқлар кучли вегетатив ва невротик реакциялар билан биргаликда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам постгерпетик невралгияда антидепрессантлар тавсия этилиши мақсадга мувофиқ. Бу борада асосий урғу амитриптилинга берилади. Чунки амитриптилин нафақат антидепрессив (кайфиятни оширувчи), балки седатив ва ухлатувчи таъсирга ҳам эга. Амитриптилин психоген ва вегетатив оғриқларни яхши бартараф этади, психосоматик бузилишларни пасайтиради. Амитриптилин 2 мл (20 мг) дан натрий хлориднинг 100-200 мл изотоник эритмасига қўшиб, венадан томчилатиб юборилади. Дори 7-10 кун мобайнида берилади, кейинчалик 1 табл. (25 мг) дан кунига 2-3 маҳал ичишга тавсия этилади. Амитриптилинни мушак ичига қилмаган маъқул. Чунки инъекциянинг биринчи куниёқ кучли бош айланиши ва координатор бузилишлар пайдо бўлади. Бу ножўя таъсирлар кейинчалик кузатилмаса-да, бемор дорини яна олишдан воз кечади. Амитриптилин глаукома, кучли тахикардия, атеросклероз ва простата аденомаси бор беморларга тавсия этилмайди.
Амитриптилин ўрнига кучли седатив таъсирга эга бўлмаган, бироқ психоген ва вегетатив бузилишларни яхши бартараф этадиган бошқа антидепрессантлар (пароксетин 20 мг, флуоксетин 20 мг, сертралин 50 мг ва ҳ.к.) тавсия қилиниши мумкин. Бу дорилар кам дозада бериб борилади ва уларнинг дозаси секин-аста оширилади. Бу дорилар амитриптилин билан биргаликда тавсия қилинмаслиги керак.
Невропатик оғриқларни камайтиришда габапентин ва карбамазепин ҳам кенг қўлланилади. Бу дорилар, айниқса, тригеминал невралгияларни камайтиришда самарали воситадир. Габапентин дастлаб 1 табл. (300 мг) кечаси ётишдан олдин 1 маҳал ичишга буюрилади. Уч кундан сўнг 1 табл. 2 маҳал (600 мг), яна 3 кундан сўнг 1 табл. 3 маҳал (900 мг) ичишга тавсия этилади. Кучли оғриқларда габапентиннинг бир кунлик дозасини аста-секин 1800 мг (600 мг дан 3 маҳал) га ошириш мумкин.
Карбамазепин дастлаб 100 мг дан кунига 2 маҳал ичилади. Кейинчалик унинг дозаси 200 мг дан 3-4 маҳалга оширилади. Дорининг кундалик дозасини 1200 мг га eтказиш мумкин. Агар бош айланиш, атаксия, кўнгил айниш каби ножўя таъсирлар пайдо бўлса, карбамазепиннинг узоқ давом этувчи турлари (финлепсин-ретард) тавсия этилади. Бу дориларни кунига 2 маҳал ичиш мумкин.
Тунги оғриқларни пасайтириш ва тинч уйқуни таъминлаш мақсадида қўшимча равишда клоназепам 0,25-0,5 мг буюрилади. Бемор бу дорини кечқурун уйқуга кетишдан олдин қабул қилиши керак.
Маҳаллий анестетиклар. Постгерпетик невралгияга қарши маҳаллий анестетиклар ҳам кўп қўлланилади. Бунинг учун барча герпетик тошмалар қуриб йўқолган бўлиши керак. Маҳаллий анестетиклардан кўпинча лидокаинли пластиналар (versatis) ишлатилади. Бу пластиналар триггер соҳаларга ёпиштирилади. Пластиналардаги лидокаин секин-аста терига сўрилади ва майда нерв толаларидаги Nа каналларини қамалга олади. Бунинг натижасида оғриқ рецепторларининг қўзғалувчанлиги пасаяди. Лидокаинли пластиналар умуман хавфсиз бўлиб, уларни ҳар қандай беморга (шу жумладан, қарияларга) қўллаш мумкин. Терига сўрилган лидокаин қонга ўтиб, умумий таъсир кўрсатмайди ва ножўя таъсирлар кузатилмайди. Лидокаинли пластиналар 12 соатга ёпиштириб қўйилади. Бироз вақт ўтмасдан оғриқлар пасая бошлайди ва кескин камаяди. Пластиналар олиб ташлангандан сўнг ҳам оғриқлар қўзғалмай туради. Лидокаинли пластиналарни бира-тўла кучли оғриётган 2-3 соҳага қўйса ҳам бўлади. Уларни кечқурун ухлашдан олдин оғриган жойларга қўйиб ётиш мумкин. Лидокаинли пластиналар йирик нерв толаларига таъсир кўрсата олмайди ва чуқур анестезиялар ривожланмайди.
Кортикостероидлар. Касаллик оғир кечган ҳолатда ва ёши катта беморга преднизолон қўлланилиши мумкин. Бу дори касалликнинг биринчи куниёқ тавсия этилади. Преднизолон дастлабки 7 кун мобайнида 60 мг, кейинги 7 кун ичида 30 мг ва учинчи 7 кунликда 15 мг тавсия этилади. Преднизолон герпетик менингит, менингоэнцефалит ва миелит ривожланишининг олдини олади. Агар ушбу касалликлар ривожланган бўлса, преднизолон 1 кг тана вазнига 1,5 мг дан тавсия этилади. Кортикостероидлар остеопороз, яра касаллиги, қандли диабет ва юқори артериал гипертония каби касалликларда тавсия этилмайди. Катта дозада тавсия этилган кортикостероидлар иммунитетни пасайтириб юборишини ҳам эсда тутиш лозим. Демак, бу дорилар иммунитетнинг нормал кўрсаткичларида тавсия этиш лозим.
Витаминлар. Витаминлардан В1, В6, В12 ва аскорбин кислотаси катта дозаларда қилинади. Айниқса, В12 витамини невралгияларда оғриқ қолдирувчи хусусиятга ҳам эга.
Дезинтоксикация. Вирусли инфекциялар кучли интоксикация билан намоён бўлади. Бундай пайтларда турли волемик эритмалардан (реомакродекс, реосорбилакт) фойдаланилади. Шунингдек, бемор кам-камдан кўп суюқлик (шу жумладан, мева шарбатлари) ичиши керак.
Антикоагулянтлар. Ёши катталарга тавсия этилади. Улар қарияларда гиперкоагуляция ва тромбоэмболик бузилишларнинг олдини олади, микроциркуляцияни яхшилайди. Антикоагулянтлардан клексан, фраксипарин ва гепаринлар кам дозада қилинади.
Маҳаллий дезинфекция. Герпетик тошмалар даврида маҳаллий дезинфекция учун алюминий ацетат, 1% ли бриллиант яшил дориси ёки 5-10% ли калий перманганат эритмаларидан фойдаланиш мумкин. Пуфакчалар қуриб бўлгандан сўнг 5% ли висмут субгаллат мази сурилади. Герпетик пуфакчаларни зўрлаб ёрмаслик керак. Агар уларга инфекция тушса, йиринглаб кетиши мумкин. Герпетик тошмалар бутунлай қуриб йўқолмасдан туриб, душ ва ванналар қабул қилиш, терига турли хил мазлар суриш ман этилади.
Прогноз. Касаллик прогнози беморнинг ёши, иммунитет даражаси ва антивирус дориларни қанча эрта бошлаганига боғлиқ. Ўртача ҳисоблаганда бемор 4 ҳафта ичида тузалиб кетади. Касаллик ёшларда eнгил, қарияларда эса оғир кечади. Баъзида касаллик герпетик тошмаларсиз ёки бир-икки тошмалар билан намоён бўлади. Тошмалар ҳеч қандай муолажасиз ўзи ўтиб кетадиган ҳолатлар ҳам кузатилади. Оғриқларни эса оддий аналгетиклар билан бартараф этиш мумкин. Бундай беморлар амбулатор даволаш чораларидан кейин ҳам тузалиб кетишади. Оғир ҳолатларда эса бемор шифохонага ётқизилади. Бу беморларни постгерпетик невралгиялар бир неча ойлар, баъзида йиллар безовта қилади. Уларда herpes zoster қайта қўзғаши ҳам мумкин.
Асоратлари. Уч шохли нерв невралгияси, кўриш ва эшитишнинг кескин пасайиши, юз нерви невропатияси, менингит ва энцефалитлар.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича