Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси БЕЛ-ДУМҒАЗА ЧИГАЛИ ПЛЕКСОПАТИЯСИ

БЕЛ-ДУМҒАЗА ЧИГАЛИ ПЛЕКСОПАТИЯСИ


Бел-думғаза чигали (plexus lumbosacralis)  – L4–L5, S1–S4 спинал илдизчалар йиғиндисидан ҳосил бўлган. Бел-думғаза чигалининг люмбал қисмидан (L1–L4) ҳосил бўладиган асосий нервлар – n. iliohypogastricus, n. ilioinguinalis, n. genitofemoralis, n. cutaneus femoris lateralis, n. obturatorius, n. femoralis бўлса, сакрал қисмидан (L5, S1–S4) ҳосил бўладиган асосий нервлар – булар n. gluteus superior, n. gluteus inferior, n. pudendus, n. cutaneus femoris posterior, n. ischiadicus.
       
Этиологияси. Бел-думғаза чигали плексопатияси кўп учрайдиган полиетиологик касалликлардан биридир. 
Унинг сабаблари:
  • Дегенератив-дистрофик ўзгаришлар (умуртқа остеохондрози, диск чурраси, Бехтерев касаллиги, спондилартроз).
  • Турли инфекциялар (грипп, herpes zoster, ОИТВ, заҳм, сил, бруцеллез, қорин тифи).
  • Яллиғланиш касалликлари ва коллагенозлар (менингомиелит, эпидурал абсцесс, бод касаллиги, СҚВ, полимиозит, саркоидоз, систем васкулит).
  • Узоқ вақт совуқ жойда қолиб кетиш, совуқ жойда ухлаб қолиш.
  • Травматик жароҳатлар, хирургик операциялар.
  • Интоксикациялар (маргимуш, қўрғошин, алюминий).
  • Метаболик бузилишлар (уремия, қандли диабет, алкоголизм, гипотиреоз, гиёҳвандлик, эклампсия, лейкемия, анемия).
  • Бачадон бўйни, йўғон ичак, простата ва тос мускуллари ўсмалари, ёнбош артерия аневризмаси.
  • Оғир жисмоний меҳнатлар, спорт машқларида кузатиладиган жароҳатлар, нотўғри турмуш тарзи ва бошқа омиллар.
  • Плексопатиянинг умуртқа поғонаси билан боғлиқ асосий сабаблари – булар остеохондроз, спондилоартроз ва деформацияловчи спондилёз.
Умуртқа остеохондрози. Остеохондроз (osteo – суяк, chondros – тоғай) суяк ва тоғай тўқимасининг дистрофияси, деган маънони англатади. Умуртқа остеохондрози умуртқалар ва уларни бир-бири билан боғловчи тоғай тўқималар ҳамда умуртқалар орасидаги дисклар дистрофияси билан намоён бўлувчи сурункали касаллик. Умуртқа остеохондрозида умуртқалар танаси кичраяди, уларда остеофитлар пайдо бўлади. Умуртқалар орасидаги дисклар мўртлашиб юпқалашади, фиброз ҳалқача парчаланади ва умуртқалар орасидаги ёриқ тораяди. Бу дистрофик ўзгаришлар диск чурраси пайдо бўлишига сабаб бўлади. Остеохондрозда орқа мия ўтадиган умуртқа канали ва умуртқа поғонасининг ён томонларида жойлашган спинал илдизчалар ўтадиган тешиклар ҳам тораяди. Маълумки, радикуляр артерия ва веналар ён тешиклардан ўтади. Шунинг учун ҳам миелопатия, радикулопатия ва плексопатиялар келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири – бу умуртқа остеохондрозидир. Остеохондроз деярли ҳар доим спондилоартроз билан намоён бўлади ва кейинчалик деформацияловчи спондилёз ривожланишига олиб келади.
       
Спондилоартроз. Маълумки, умуртқаларни бир-бири билан боғловчи бўғимли ўсиқчалар мавжуд. Ушбу ўсиқчалар орасидаги бўғимларда кузатиладиган дистрофик ўзгаришларга спондилоартроз деб айтилади. Спондилоартрозда умуртқанинг деярли барча жуфт бўғимлари зарарланади. Бу касаллик кўпинча умуртқа поғонасининг бўйин ва бел қисмларида кузатилади.
       Рентгенологик текширувларда бўғимлараро ёриқларнинг торайиши, тоғай тўқималарнинг мўртлашуви, бўғимлар анкилози ва умуртқа ўсиқчаларида остеофитлар аниқланади. Бўгимлар анкилози бўғимларнинг ҳаракатланиш хусусияти йўқолиши дегани. Спондилоартроз ёшга боғлиқ касаллик бўлиб, асосан, ёши катталарда учрайди. Умуртқа поғонаси касалликларига сабаб бўлувчи аксарият этиологик омиллар спондилоартроз ривожланишига олиб келади. Спондилоартроз бора-бора умуртқа поғонаси деформациясини юзага келтиради. Шунинг учун ҳам спондилоартроз ва деформацияловчи спондилёз кўпинча бирга учрайди. Рентгенологик текширувларда бу ўзгаришлар жуда яхши аниқланади.
        Деформацияловчи спондилёз – умуртқа суяги, унинг боғламлари ва умуртқалараро дискларда дистрофик ўзгаришлар билан кечадиган ва охир-оқибат умуртқа поғонасининг деформациясини юзага келтирадиган сурункали касаллик. Спондилёзда қуш тумшуғига ўхшаш остеофитлар пайдо бўлади, умуртқа канали тораяди, умуртқа поғонасининг узун боғламларига калцификатлар йиғилади ва улар оссификацияга учрайди. Бир-бирига қараб ўсаётган остеофитлар ўзаро бирлашиб, синостозлар ҳосил қилади. Суяк ўсиқчалари ёки бўлакчаларининг ўзаро бирлашиб, битиб кетишига синостоз деб айтилади. Умуртқа суякларининг орқа-латерал юзаси бўйлаб пайдо бўлган остеофитлар ва синостозлар хавфли ҳисобланади. Чунки улар умуртқалараро тешиклардан ўтадиган спинал илдизчаларни сиқиб қўяди ва радикулопатиялар ривожланишига сабаб бўлади. Умуртқа суякларида пайдо бўладиган остеофитлар ва синостозлар бир неча йил ичида шаклланади. Деформацияловчи спондилёз, асосан, ёши катталарда учрайди.
       
Клиникаси. Бел-думғаза чигалининг тўла зарарланиши кам учрайди. Кўпинча бу чигалнинг қуймич нерви чиқадиган қисми зарарланади. Бел-думғаза плексопатиясининг асосий клиник белгиси – бу бел-думгаза соҳасида пайдо бўлган ва оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб иррадиация қилувчи оғриқлар. Оғриқ сон ва болдирнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб иррадиация қилиб, оёқ панжасининг ён томонини ҳам қамраб олади. Ушбу оғриқлар, одатда, ўткир ёки сурункали тарзда намоён бўлади. Оғриқларнинг қай тарзда вужудга келиши уни келтириб чиқарган этиологик омилларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўткир тарзда пайдо бўлувчи оғриқлар, одатда, ўта кучли бўлиб, «белга худди пичоқ санчгандек, ўткир нарса тиқиб бурагандек, бел синиб қолгандек» туюлади. Бемор оғриқларга чидай олмай, буралиб ётиб олади ёки дод солиб инграйди. Оғриқ йўталганда, акса урганда, кучанганда кучаяди. Оғриқлар ўта кучли бўлганлиги боис, текширувларни бошлашдан олдин оғриқларни бартараф этиш лозим.
        Кучли оғриқ хуружлари пайтида бел-думғаза соҳасининг бир томондаги мускулларида спастик қисқаришлар юзага келади. Бу эса умуртқа поғонасини бир томонга, яъни оғриган томонга букиб қўяди. Натижада рефлектор сколиоз ривожланади. Бел лордози эса силлиқлашади. Бу ҳолат анталгик ҳолат деб аталади. Чунки бемор гавдасини тўғриламоқчи бўлса, оғриқ кучаяди. Шу сабабли бемор бир томонга, яъни соғлом томонга қийшайиб юради. Бел соҳасидаги паравертебрал мускуллар пайпаслаб текширилганда оғриқ кузатилган томондаги мускуллар қотишган бўлади ва бўртиб туради. Буни «defans musculorum» деб ҳам аташади.
       Бели оғриган беморнинг тўшакда ётиши ёки курсида ўтириши ҳам оғриқ кузатилаётган томонни тўғри аниқлаб олишга ёрдам беради. Бемор тўшакда соғлом томонга ёнбошлаб, оғриган оёғини букиб ётади. Агар ёнбошламоқчи бўлса, асосан, қўллари ва соғлом оёғини ишга солади. Бемор оғриётган оёғини қайси томонга букиб ётишига қараб, бел-думғаза чигалининг қайси қисми кўпроқ зарарланганини билиб олиш мумкин. Агар сон нервини ҳосил қилувчи бел чигали (L2–L4) зарарланса, бемор букилган оёғини ичкарига буриб ётади, агар қуймич нервини ҳосил қилувчи люмбосакрал чигаллар (L4–L5, S1–S3) зарарланса, букилган оёғини ташқарига ёзиб ётади.
        Тўшакда ётган бемор ўрнидан тураётганда олдинга энгашиб олади, соғлом оёғини ерга босиб, атрофдаги нарсаларни қўллари билан ушлаб туради. Бу пайтда оғриётган оёғи ярим букилган бўлади. Бемор курсига соғлом думбасини қўйиб ўтиради ва гавдасини орқага ҳамда соғлом томонга бироз оғдириб олади. Курсидан тураётганда соғлом оёғига суяниб туради, оғриётган оёғини эса бироз букиб олади. Тик турганда қўли билан устар чеккаси, девор ёки ўзи билан келган одам йелкасига суяниб туради. Оғриётган оёғини йерга босмасликка ҳаракат қилади. Аксарият беморлар оғриқ ўтиб кетгунча ҳасса билан юришни афзал кўришади. Агар оғриқ чап томонда кузатилаётган бўлса, ҳассани чап қўли билан, ўнг томонда кузатилаётган бўлса, ўнг қўли билан ушлаб юради. Шу йўл билан бемор оғриётган оёғини асрашга ҳаракат қилади.
       
Рефлекслар. Оғриқ кузатилаётган оёқда пай рефлекслари ошади. Бунинг сабаби – мускуллар гипотонияси. Касаллик давом этаверса, пай рефлекслари пасая бошлайди. Агар n. femoralisни ҳосил қилувчи бел чигали нервлари зарарланса, тизза рефлекси, n. ishchiadicus ни ҳосил қилувчи бел-думғаза чигали нервлари зарарланса, ахилл рефлекси пасаяди. Бел-думғаза плексопатиясида тизза рефлекси кўпинча сақланиб қолади, ахилл рефлекс эса эрта пасайиб сўнади. Айниқса, дискоген этиологияли плексопатияларда пай рефлекслари эрта сўнади. L5–S1 дискнинг латерал чуррасида ахилл рефлекс, бел умуртқалари орасидаги дисклар чуррасида тизза рефлекси пасаяди. Диск чурралари L4–L5 ва L5–Sумуртқалар орасида кўп, L1–L2, L2–L3 ва L3–L4 умуртқалар орасида эса кам учрайди.
       
Мускуллар тонуси ва трофикаси. Болдир ва оёқ панжасининг барча мускулларини қуймич нерви тармоқлари (n. tibialis va n. peroneus) иннервация қилади. Оғриқ кузатилаётган оёқда мускуллар гипотонияси касалликнинг дастлабки кунлариёқ пайдо бўлади ва узоқ вақт сақланиб қолади. Бел-думғаза чигалининг бел қисми кўпроқ зарарланса, соннинг олд томонидаги мускулларда, думғаза қисми кўпроқ зарарланса – оёқнинг орқа-латерал томонидаги, айниқса, перонеал гуруҳ мускулларида гипотония кузатилади. Гипотония кузатилган мускулларда кейинчалик атрофия ривожланади. Оёқ панжаси осилиб қолади. Мускуллар трофикасининг бузилиши касалликни келтириб чиқарган этиологик омилга кўп жиҳатдан боғлиқ. Мабодо люмбоишиалгия тез ўтиб кетса, мускулларда трофик бузилишлар ривожланмай қолади.
       
Сезги бузилишлари. Сезги бузилишлари чигалнинг қайси тармоқлари қўпроқ зарарланганига боғлиқ. Гипестезия кўпинча соннинг орқа-латерал, болдирнинг ташқи ва оёқ панжасининг пастки юзаси бўйлаб аниқланади. S1 илдизча зарарланса, болдирнинг орқа-латерал ва оёқ панжасининг ташқи-пастки юзаси, L5 илдизча зарарланса, болдирнинг орқа-латерал ва оёқ панжасининг пастки юзаси, L4 илдизча зарарланса, соннинг олдинги ва болдирнинг ички юзаси бўйлаб гипестезия кузатилади.
       
Вегетатив бузилишлар. Оғриқ кузатилаётган оёқда ҳарорат пасайиши, цианоз, оёқ панжаси ва болдир совқотиши, a. dorsalis pedisda томир уриши пасайиши, гиперкератоз каби вегетатив бузилишлар ҳам аниқланади.
       
Ташхис қўйиш алгоритми. Бел-думғаза плексопатияси ташхисини қўйиш учун бир неча клиник текшириш усуллари мавжуд. Уларнинг аксарияти оғриқни аниқлашга қаратилган. Клиник ташхисни оғриқ билан боғлиқ симптомларни ўрганиш орқали қўйиш ҳам мумкин.
       
А) Клиник симптомлар
       
Ласег симптоми – қуймич нервининг тортилиши сабабли юзага келадиган симптом бўлиб, n. Ischiadicus таъсирланишида доимо аниқланади. Бу симптомни текшираётганда бемор оёқларини узатиб, чалқанчасига ётади. Ласег симптоми 3 босқичда текширилади. Биринчи босқич: врач беморнинг оғриётган оёғини бир вақтнинг ўзида чаноқ-сон ва тизза бўғимларида букади. Бу босқичда оғриқ кузатилмайди, чунки қуймич нерви тортилмайди. Иккинчи босқич: врач беморнинг оёғини тизза бўғимида ёза бошлайди, чаноқ-сон бўғими эса букилганича қолади. Қуймич нервининг тортилиши сабабли оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб кучли оғриқ пайдо бўлади. Учинчи босқич: врач беморнинг тизза бўғимида ёзилган оёғини секин тушира бошлайди ва дастлабки ҳолатига қайтаради. Бунда нерв тортилиши тўхтаганлиги сабабли оғриқ яна камаяди ёки тўхтайди.
       
Ласегнинг кесишган симптоми – беморнинг соғлом оёғи тизза бўғимида эмас, балки сон бўғимида букиб тепага кўтарилади. Бунинг натижасида белда ва касал оёқнинг орқа томони бўйлаб оғриқ пайдо бўлади.
       
Нери симптоми – беморнинг бошини олдинга энгаштирганда, белда ва оёқнинг орқа-латерал юзаси бўйлаб оғриқ кузатилади.
       
Сикар симптоми – беморнинг оёқ панжасини кескин пастга букканда, тизза остидаги чуқурчада оғриқ вужудга келади.
       
Бехтерев симптоми – оёқларини узатиб чалқанча ётган беморнинг тиззаси пастга босилса, оғриқ кузатилади.
        
Дежерин симптоми – йўталганда ёки акса урганда, қуймич нерви бўйлаб оғриқ юзага келади.
       
Бонне симптоми – тизза бўғимида букилган оёқни ён томонларга оғдирганда оғриқ пайдо бўлади.
      
Маскевич симптоми – қорни билан йерга қараб ётган беморнинг оёғи тизза бўғимида букилса, оёқнинг олд юзаси бўйлаб ва чов соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Бу симптом сон нерви ва уни ҳосил қилувчи спинал илдизчалар зарарланса кузатилади.
       
Вассерман симптоми – қорни билан йерга қараб ётган беморнинг оёғи орқага кўтарилса, оёқнинг олд юзаси бўйлаб ва чов соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Бу симптом сон нерви ва уни ҳосил қилувчи спинал илдизчалар зарарланса кузатилади. 
       
Эрбен симптоми – оғриқ кузатилаётган оёқда тери ҳарорати пасаяди. Бу симптом қуймич нервининг вегетатив толалари зарарланганлиги сабабли юзага келади.
       
Минор симптоми – бемор тик турганда оғриётган оёғи тизза бўғимида бироз букилган ҳолатда бўлади ва бунинг натижасида оғриётган оёқ товони йердан бироз кўтарилиб, соғлом оёқ товони эса йерга тегиб туради.
       
Оғриқ нуқталари. Беморни текширганда бир қатор оғриқ нуқталари аниқланади. Бел-думғаза умуртқалари ўсиқларини перкуссия қилса, паравертебрал нуқталарни босиб текширса, ўткир оғриқ пайдо бўлади ва оёқ нервлари бўйлаб иррадиация қилади. Думғаза суяги перкуссия қилинганда ҳам иррадиация қилувчи оғриқлар кузатилади. Оғриқ нуқталари қуймич нервининг думба соҳасидаги чиқиш жойида, яъни қуймич дўнглиги (tuber ischiadicum) ва сон суягининг катта кўсти (trochanter major) орасидаги нуқтада, думба бурмасининг ўрта қисми, соннинг орқа юзасининг ўрта қисми, тиззаости чуқурчаси, болдир кичик суягининг боши (caput fibulae), болдир орқа юзасининг ўрта қисми, латерал тўпиқнинг орқа қисми ва оёқ панжаси тагининг ўртасида жойлашади. Бу нуқталарда қуймич нерви ва унинг тармоқлари терига яқинроқ жойлашиб ўтади.
       • Бошқа симптомлар. Бемор иккала оёғини узатиб ўтирса, оғриқ кузатилаётган оёғи бироз букилган ҳолатда бўлади. Агар букилган оёғини ёзиш сўралса, уни ёзадий-у, соғлом оёғини эса букиб олади. Агар бемор оғриқ кузатилаётган оёғини ташқарига ёзса, соннинг медиал юзаси бўйлаб оғриқ пайдо бўлади. Бу оғриқ ёпқич нерви (n. obturatorius) тортилиши сабабли юзага келади. Соғлом оёғининг устига ёнбош ётган беморнинг касал оёғини юқорига кўтарса, чов соҳасида ва белда оғриқ пайдо бўлади.
       
Б) Рентгенодиагностика
       Тиббий амалиётда рақамли рентгенодиагностика усуллари қўллана бошланиши умуртқа поғонасида кузатилаётган ҳар қандай патологик ўзгаришларни тўғри аниқлаш имконини яратди. Рентгенологик текширувлар плексопатия сабабини аниқлашда катта аҳамиятга эга. Бел-думғаза плексопатияси аниқланган беморларда рентгенологик текширувлар умуртқа поғонаси деформацияси, умуртқа суяклари баландлиги қисқариши, умуртқалараро ёриқ торайиши, умуртқа канали стенози, умуртқа суягининг орқа-латерал юзаси бўйлаб остеофитлар борлиги ва спинал илдизчалар ўтадиган ён тешиклар торайишини кўрсатади. Рентгенологик текширувларда, шунингдек, умуртқа поғонасининг бошқа этиологияли деформациялари, аномалиялари, умуртқа жароҳатлари, сили ва ўсмалари, сколиоз, спондилолистез каби бир қатор патологиялар ҳам яхши аниқланади. Рентгенологик текширувлар ёрдамида диск чурраси ва орқа миянинг юмшоқ тўқималари касалликларини аниқлаб бўлмайди. Бунинг учун КТ ва МРТ текширувларини ўтказиш зарур.
       
В) Компютер томография ва магнитли резонанс томография
Ушбу нейровизуализация усуллари нафақат умуртқа поғонаси ва умуртқалараро дискда, балки юмшоқ тўқималарда рўй бераётган барча патологик ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. КТ/ МРТ текширувлари орқали умуртқалараро дисклар ҳолати, уларнинг қайси томонга ва неча мм га силжигани, орқа мия ва унинг илдизчалари ҳамда орқа мия пардалари ҳолати ҳақида тўла маълумотга эга бўлинади. Ушбу тўқималарнинг деярли барча касалликлари, яъни аномалия, ўсма, киста, абсцесс, специфик ва носпецифик яллиғланиш касалликлари, демиелинизасия билан кечувчи патологик ҳолатлар КТ/МРТ ёрдамида осон аниқланади. Заруратга қараб ушбу текширувлар контраст юбориб ўтказилиши мумкин. Қон томирлар ҳолатини ўрганиш зарурати пайдо бўлса, КТА ёки МРА ўтказилади. Бу текширувлар ёрдамида қон томирлар аномалияси, аневризма ва улардан ўсувчи ўсмалар аниқланади.
       
Қиёсий ташхис. Бел мускуллари миозити. Бел мускуллари миозити нисбатан кўп учрайдиган касаллик бўлиб, уни кўпинча бел-думғаза плексопатиялари билан қиёслашга тўғри келади. Оғриқлар куйдирувчи хусусиятга эга бўлиб, асосан, зарарланган мускулларда учрайди. Мускулларни пайпаслаб ёки перкуссия қилиб текширганда оғриқ кучаяди. Бу оғриқлар нерв тутамлари бўйлаб иррадиация қилмайди, гипестезиялар кузатилмайди. Зарарланган мускулларни пайпаслаб текширганда уларнинг қотишганини аниқлаш мумкин. Шунингдек, мускул апоневрозларида думалоқ ёки узун шаклга эга тугунлар шаклланади. Бел мускуллари иштироки талаб қилинадиган ҳар қандай ҳаракатларда оғриқ кучаяди, бемор ҳаракатланмай ётса – пасаяди ёки тўхтайди. Оғриқ тўхтаган ҳолатда ҳам зарарланган жойда ачиштирувчи ёқимсиз сезгилар сақланиб қолади.
       
Сакроилеит – думғаза-ёнбош бўғими яллиғланиши. Думғаза ва чаноқ суякларининг қулоқсимон юзаси бир нечта боғламлар (ligamentum sacroiliacae) орқали бир-бирига бириккан. Ушбу бириккан жойларда думғаза-ёнбош бўғими (articulatio sacroiliaca) ҳосил бўлади. Бу бўғим турли хил инфекцияларда яллиғланади ва бел-думғаза плексопатиясига ўхшаш клиник симптомлар билан намоён бўлади. Оғриқ думғаза соҳасида пайдо бўлади ва думғаза суякларини перкуссия қилганда ҳамда гавдани олдинга энгаштирганда кучаяди. Оғриқ тик турганда ҳам кучаяди ёки пайдо бўлади. Оёқни ён томонларга бурганда думғаза-ёнбош бўғими соҳасида оғриқлар кузатилади. Сакроилеитда радикуляр симптомлар аниқланмайди, оғриқлар нерв тутамлари бўйлаб иррадиация қилмайди, рефлекслар ва мускуллар тонуси ўзгармайди.
       
Псоит – ёнбош-бел мускули (m. iliopsoas) яллиғланиши. Ёнбош-бел мускули чаноқнинг олдинги гуруҳ мускулларига киради. Унинг юқори қисми умуртқа поғонасининг бел умуртқаларидан (L1–L4) бошланиб, пастга тушиб келади ва чаноқнинг ичидан ўтиб, сон суягининг кичик кўстига ёпишади. Ёнбош-бел мускулининг вазифаси сонни олдинга букиш ва қисман ташқарига буришдан иборат. Ушбу мускулнинг яллиғланишида куйдирувчи оғриқлар пайдо бўлади. Мускулнинг тоник қисқариши сабабли оёқ чаноқ-сон бўғимида букилиб ичкарига буралиб қолади. Уни ёзиш ва ташқарига буриш жуда чегараланган бўлиб, баъзида имкони бўлмайди. Бу ҳолат нафақат m. Iliopsoas яллиғланиши, балки мускул атрофида жойлашган аъзолар яллиғланиши (паранефрит, кичик тос абсцесслари) ва ўсмаларда ҳам кузатилади. Псоит учун иррадиация қилувчи радикуляр оғриқлар ва тортилиш симптомлари хос эмас.
       
Облитерацияловчи эндаартериит – артерияларнинг эндотелиал қавати яллиғланиши бўлиб, томирлар облитерацияси, периферик қон айланиши бузилиши ва ишемик некроз ривожланиши билан намоён бўлади. Кўпинча оёқ артериялари зарарланади. Оғриқлар юрганда пайдо бўлади, дам олганда ўтиб кетади. Бу ҳолат алмашиниб турувчи оқсоқланиш синдроми деб айтилади. Оғриқлар болдирнинг юқори қисмида ва кўпинча унинг ички юзасида кузатилади. A. dorsalis pedisda томир уриши кескин пасаяди ёки умуман аниқланмайди. Вегетатив-трофик ўзгаришлар оёқнинг дистал қисмида яққол ифодаланган бўлади. Оёқнинг тиззадан пастки қисми, айниқса, оёқ панжалари “музлаб” юради, цианоз кузатилади, тирноқлар мўртлашади. Облитерацияловчи эндаартериит учун радикуляр оғриқлар, рефлекслар ўзгариши, мускуллар атрофияси хос эмас. Зарарланган томонда “пайпоқ” типида сезги бузилиши мумкин ва унинг сабаби vaza nervorumda қон айланиши бузилиши ва иккиламчи невропатиядир. Ташхис артерияларни ултратовуш текшириш усуллари (допплерография, дуплексли сканирлаш) орқали қўйилади.
       
Бел-думғаза менингорадикулити – орқа мия пардалари ва илдизчаларининг бел-думғаза соҳасида яллиғланиши. Менингорадикулит клиникаси худди бел-думғаза плексопатияси клиникасига ўхшаб кетади. Бу касаллик учун ҳам радикуляр оғриқлар хос бўлиб, улар бел-думғаза соҳасида пайдо бўлиб, оёқларга иррадиация қилади. Менингорадикулитда оғриқлар бел қисмида кучлироқ, иккала оёқда эса сустроқ ифодаланган бўлади. Бу оғриқлар, шунингдек, қорин соҳаси ва чов бурмасига ҳам иррадиация қилади. Оғриқлар йўталганда, акса урганда ва туриб юрганда кучаяди. Оғриқлар умуртқа суякларини перкуссия қилганда, паравертебрал нуқталарни босганда кучаяди. Менингорадикулитда кузатиладиган оғриқлар бел-думғаза плексопатиясидаги оғриқларга ўхшаб гавдани бир томонга қийшайтириб ташламайди.
       
Менингорадикулитни бел-думғаза плексопатиясидан фарқловчи асосий симптом – бу Керниг симптоми. Бу симптом бел-думғаза плексопатияси ва радикулопатияларда кузатилмайди. Менингорадикулит учун Нери симптоми жуда хос. У деярли ҳар доим аниқланади. Ласег симптоми яққол ифодаланган бўлмайди. Пай рефлекслари дастлаб иккала оёқда ҳам ошади, Бабинский симптоми аниқланади. Чунки бу касалликда бироз бўлса-да, ён устун ҳам зарарланади. Бу ҳолат радикуломедулляр артерияларда қон айланиши бузилиши билан ҳам изоҳланади. Аммо кейинчалик периферик бузилишлар устунлик қилади, яъни ахилл ва тизза рефлекслари сўна бошлайди.
       
Менингорадикулит этиологияси кўпинча вирусли ва бактериал инфекциялар билан боғлиқ. Шунинг учун касаллик қарийб ҳар доим тана ҳарорати кўтарилиши, бел оғриғи билан биргаликда бош оғриғи, қонда яллиғланиш реакцияларининг пайдо бўлиши билан бошланади. Ликворда плеоцитоз кузатилади. Менингорадикулитни арахномиелитдан фарқлаш ўта мушкул. Лекин клиник симптомларни чуқур таҳлил қилиш уларни қиёслаш имконини беради. Менингорадикулитда периферик симптомлар, радикуляр оғриқлар ва радикуляр типда сезги бузилишлари устунлик қилса, арахномиелитда миелитик симптомлар, яъни марказий типда ҳаракат, ўтказувчи типда сезги бузилишлари устунлик қилади. Арахномиелитда тос аъзолари функцияси ҳам бузилади. Оғриқлар менингорадикулитдагидек кучли бўлмайди. Арахномиелитда ликвор йўлларида ҳам тўсиқлар пайдо бўлади ва, шу сабабли, оқсил-ҳужайра диссоциасияси аниқланади.
       
Коксит – чаноқ-сон бўғими яллиғланиши. Болалик ва ўсмирлик даврида кўп учрайди. Коксит кўпинча сил касаллигида кузатилади. Коксит чаноқ-сон бўғимида ҳаракатнинг кескин чегараланиши ва ушбу соҳада оғриқлар билан намоён бўлади. “Коксит” ташхисини беморнинг юришига қараб ҳам қўйиш мумкин. Бемор юрганда гавдаси олдинга бироз энгашиб, орқа томони бироз чиқиб туради. Ҳаракатларнинг чаноқ-сон бўғимида чегараланганлиги беморнинг қадам ташлашидан шундоқ билиниб туради: у йенгил қадам ташлаб юра олмайди. Чўккалаб ўтирган беморнинг тизза ва чаноқ-сон бўғимларида букилган оёқлари иккала ён томонга тўла ёзилмайди. Чаноқ-сон бўғимидаги оғриқ сонни ичкари ва ташқарига бурганда кучаяди. Оёқларини ёзиб қўйиб, товон тагидан мушт билан урганда чаноқ-сон бўғимида оғриқ пайдо бўлади ёки кучаяди. Чов бурмаси соҳаси босиб текширилганда ҳам оғриқ вужудга келади ёки кучаяди. Чаноқ-сон бўғимида тери бурмаси йўғонлашади. Пай рефлекслари ўзгармайди.
       
Кечиши. Бел-думғаза плексопатияси радикуляр оғриқлар билан ўткир бошланади. Касалликнинг ўткир даври қандай кечиши ва қанча вақт давом этиши касаллик этиологияси, ёндош касалликлар, беморнинг умумий аҳволи ва даволаш муолажалари қанча эрта бошланганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Оғриқларни бир ҳафта ичида тўхтатиш мумкин. Баъзида кучли совқотиш, яъни “шамоллашдан” пайдо бўлган люмбаго 1–2 кунда бартараф этилади. Ўткир вирусли ёки бактериал инфекциялар сабабли пайдо бўлган плексопатиянинг ўткир даври, одатда, 1–2 ҳафтадан 1–2 ойгача давом этади ва биратўла сурункали даврга ўтади.
       
Агарда бир-икки ҳафта ўтгач, оғриқлар тўхтагандан сўнг гипестезия, пай рефлекслари арефлексияси ва мускулларда атрофия бошланса, касаллик узоқ давом этиши ва оёқларда периферик фалажликлар билан тугалланиши мумкин. Бундай ҳолатлар умуртқа поғонасининг кучли дегенератив ўзгаришлари, диск чурралари, оғир яллиғланиш реакциялари ва кучли интоксикацияларда рўй беради. Демак, касалликнинг биринчи куниёқ унинг этиологияси аниқланиши керак.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича