Беморни операцияга тайёрлаш
Беморни операцияга тайёрлаш мураккаб жараёндир, чунки асаби ўта мустаҳкам одам ҳам операциядан ҳайиқиши мумкин. Беморни операцияга нафақат тиббий кўрсатмаларни эътиборга олган ҳолда, балки психологик нуқтаи назардан ҳам тайёрлаш зарур. «Ҳаммаси яхши бўлади, қўрқманг» деган анъанавий иборалар беморни ҳамма вақт ҳам қониқтиравермайди. Жарроҳ дастлаб бемордаги қўрқувни бартараф қилишга ҳаракат қилиши лозим, операцияга ва ўзига ишонч туғдира олиши керак. Айниқса, бу сўзлар жарроҳлик касбини эгаллаб, эндигина амалиётга кириб келаётган ёшлар учун ўта зарур. Бошқа касблардан фарқли ўлароқ, жарроҳнинг обрў-эътибори унинг муваффақиятли ўтказган операцияларига пропорционал тарзда боғлиқ. Ёш жарроҳлар ҳали унча кўп операция қилмаган бўлади ва табиийки, у танилиши ва ўз маҳоратини кўрсатиши учун бемор билан ишлаши керак. Юқори даражада профессионал жарроҳ даражасига етиш учун ёш жарроҳлар бундай операцияларни кўплаб бажаришлари лозим. Операция мувафф
ақиятли ўтиши ва ўзига ишонч уйғотиши учун жарроҳ бемор билан психологик суҳбатлар ўтказиб туришига тўғри келади. Барча машҳур жарроҳлар дастлаб шу йўлдан борган.
Операциядан олдин беморда турли хил психовегетатив ва психосоматик белгилар кузатилиши мумкин. Булар уйқу бузилиши, бош айланиши, ёмон туш кўриш, кўп терлаш, титраш, тахикардия, АҚБ ўйнаб туриши, ўлим қўрқуви, ич кетиш, тез-тез сийиш ва бошқалар. Маълумки, операцияга монелик қилувчи ҳолатларни аниқлаш учун бемор бошқа мутахассислар, масалан, терапевтларга кўрсатилади, турли хил лаборатор ва диагностик текширувлардан ўтказилади. Баъзан бемор терапевтдан қандайдир бир умид билан «Бу беморга операция мумкин эмас, уни дори-дармонлар билан даволанглар», деган сўзларни эшитгиси келади. Ҳатто операциядан олдин яқинлари билан видолашадиган, яқинларига васият қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Беморни операцияга психологик нуқтаи назардан тайёрлашда нафақат операция қилувчи жарроҳ, балки бошқа тиббий ходимлар, яъни палата врачи, ҳамшира (айниқса, операцияда иштирок этувчи) ҳам фаол иштирок этишлари зарур. Баъзи беморлар уни операция қилувчи жарроҳ сўзига эмас, балки бошқа бир врач ёки ҳамшира ва ҳаттоки ўша бўлимда даволанаётган беморнинг сўзларига қулоқ тутади ва операциядан воз кечади. Шифокорлар орасидаги ўзаро ишонч ва этика тамойиллари ҳам катта аҳамиятга эга, чунки доимо операцияларда иштирок этиб юрувчи ҳамшира беморни уни операция қилувчи жарроҳдан айнитиб қўйиши мумкин.
Операциядан воз кечиш сабаблари турли-туман бўлиб, улар асосан режали операцияларга тааллуқли. Бундай важларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ҳам ўтдик. Булар – яқин кишисининг худди шундай тарзда ўтказилган операциядан кейин вафот этиши ёки ногирон бўлиб қолиши, яқинларининг операция қилдирмаслик ҳақидаги талаби, наркоздан қўрқиш, жарроҳ ва бемор орасидаги носоғлом психологик вазият ёки тушунтириш ишларининг етарли даражада олиб борилмаслиги, қарилик даври, бир неча бор операция ўтказган беморлар маслаҳати, истерия ёки руҳий касалликлар.
Жарроҳликда психология фани нақадар аҳамиятли эканлиги ҳақида юқорида маълумот бердик. Баъзан руҳий жароҳатларни даволашда жарроҳлик усулларидан ҳам фойдаланиш зарурати туғилади. Ҳаттоки гипноз ёрдамида ҳам даволаб бўлмайдиган баъзи оғир руҳий жароҳатларни даволашда жарроҳлик операциясига мурожаат қилишга тўғри келади. Тошкент вилоятида бўлиб ўтган ушбу воқеа бунга яққол мисол бўла олади.
Воқеа ёз кунларининг бирида рўй берган. Бир аёл «инсомния», яъни уйқусизлик ташхиси билан невропатологда даволаниб юради. У кечалари ухлай олмасди. Уйқусизликдан азият чекиб, яна врачнинг олдига борганида, врач унга кучлироқ ухлатувчи дори буюради. Бемор дорини ичса-да, ҳеч уйқуси келавермайди. Уйқуси қочган аёл тунда тўлин ой ёғдусида пастқам уйининг деразасидан ташқарига қараб хаёл суриб ўтиради. Деразанинг тагидан кичик бир ариқча оқиб ўтарди. У ариқчада сакраб сузиб юрган бақаларга тикилиб, «Бунча кичик бўлмаса булар, ухлаб ётганимда ичимга кириб кетишса-я», деган хаёл билан чойшабни устига ёпиб ухлаб қолади. Туш кўради. Тушида кичикроқ бир бақа деразадан у ётган кароват томон сакраб-сакраб юради ва беморнинг оғзига кириб кетади. Бемор қўрқиб уйғониб кетади ва бирдан деразага қарайди. Тонг энди отаётган эди. Ёруғлик туша бошлаган дераза токчасида 2–3 та бақа сакраб юрганига кўзи тушади. Уларни кўриб, беморда қаттиқ кекирик пайдо бўлади ва у бақанинг сайраганига ўхшаб эшитилади. Кекирик тез-тез такрорланаверади. Ҳовлига чиқади ва водопровод жўмрагини очиб, оғзини чайиб ташлайди, қусишга ҳаракат қилади, қуса олмайди. Бир коса илиқ сувни тўлдириб ичади ва яна қусишга ҳаракат қилади. Кекирик кучайиб бораверади ва тез-тез такрорлана бошлайди. Бу аёлнинг эри оламдан ўтган бўлиб, вояга етган қизи билан яшарди. Қўрқиб кетиб, қизини уйғотади ва унга «Мен ухлаб ётганимда, бақа ютиб юбордим, шекилли, у ошқозонимда турибди», деб йиғлаб юборади. Қизи уни тинчлантиришга ҳаракат қилади, «Балки туш кўргандирсиз», дейди. «Йўқ, тушим бўлганида билардим, мен аниқ биламан, бақа оғзимга кириб кетганидан сўнг уйғониб кетдим, кўзимни очсам, дераза токчаларида бақалар ўйнаб юрувди, бу туш эмас!» дейди зорланиб. Қизининг «Ойижон, баъзан одамнинг тушини ўнгидан ажратиш қийин бўлади-ку, сиз туш кўргансиз», дейишига қарамасдан докторга борамиз, деб туриб олади.
Улар эрта саҳарда бир таниш докторнинг уйига боришади ва бўлган воқеани айтиб беришади. Бемор тинмай кекирарди. Доктор уни текширмасдан, кулиб шундай дейди: «Бақани ютиб бўлмайди, у томоқдан ўтмайди, бақа ҳеч қачон одамнинг оғзидан унинг ичига кира олмайди». Бемор доктордан норози бўлиб, унинг ёнидан чиқиб кетади. Бемор қизи билан бошқа врачларга қатнай бошлайди, улардан турли текширувлар ўтказишни талаб қилаверади. Уни невропатолог, психиатр, жарроҳ, терапевт, рентгенологлар текширишади. Текширувда қатнашган барча шифокорлар беморнинг ичида бақа йўқлигига уни ишонтирмоқчи бўлишади. Бироқ бу уринишлар зоя кетади. Бемор табибларга қатнай бошлайди. Уларнинг деярли ҳаммаси бир хил гапни айтишарди: «Бақа одамнинг ичига кира олмайди, сиз ёмон туш кўргансиз». Беморнинг тинчи бузилади, у нима еса, қусиб ташлайверади, кекириш сира қолмайди.
Бемор шу аҳволда бир ой қийналиб юради ва озиб кетади. Бу воқеадан хабардор одамлар: «Бақа қолган бўлса ҳам у ўлиб бўлган, организмдан чиқиб кетган», деб ишонтиришга ҳаракат қилишади. Лекин бу гаплар ҳеч наф бермайди. Бақа ичимга кириб кетди, деган фикр унинг миясига ўтириб қолган эди. У жарроҳлардан операция қилиб, бақани олиб ташлашни талаб қила бошлайди. «У менинг ошқозонимда яшаб юрибди, у ҳали ўлмаган, ичимни кемиряпти», деб йиғлайверади. Ахийри уни профессорга кўрсатишади. Профессор бўлиб ўтган барча воқеаларни батафсил ўрганиб чиқади, беморни тўла текширади ва беморга жарроҳ билан маслаҳатлашиб, унинг қорнини операция қилиб очиб кўришни ваъда қилади: «Агар ҳақиқатан ҳам бақа ичингизда яшаётган бўлса, уни олиб ташлаш керак!» дейди. Бу сўзлардан беморнинг кўнгли таскин топади. Уни жарроҳлик бўлимига ётқизиб операцияга тайёрлашади.
Профессор «ошқозондан бақани олиб ташлаш» операцияси билан боғлиқ бўлган барча муолажаларни бутунлай сир сақлашни операцияни ўтказувчи жарроҳга ва ҳамширага тайинлайди. Бемор операция хонасига олиб кирилади ва у дори таъсирида ухлатилади. Операциядан олдин кичикроқ бир бақа топиб келишади ва у ёпилиб-очиладиган идишга жойланади. Операциянинг барча қонун-қоидаларига амал қилинган ҳолда беморнинг қорин териси, тери ости ёғ қатлами кесилади ва қайта тикиб қўйилади. Операцияда бор-йўғи учта одам, яъни жарроҳ, ҳамшира ва профессор иштирок этишади. Бу ғаройиб операциянинг сирини фақат улар билишарди. Профессор ҳамширага бемор кўзини очган заҳоти бақа солинган идишни очиб юборишни буюради. Наркознинг таъсири қочгач, бемор кўзини очади. Шу пайт ҳамшира бақа солинган идишни очиб юборади. Бақа беморнинг устидан бир-икки сакраб пастга тушиб кетади. Бемор бу ҳолатни ўз кўзи билан кўради. Профессор беморга боқиб: «Сиз тўғри айтган экансиз, бақа ҳақиқатан ҳам қаттиқ ухлаб ётганингизда ичингизга кириб кетган экан, лекин у шунча вақт ичингизда ўлмай яшаганига ҳайронман!» дейди. Жарроҳ ҳам «Мен бунақа операцияни биринчи марта қилишим», дейди кулиб. «Ахийри менинг айтганим тўғри чиқди», дейди бемор юзидан нур ёғилиб. Хуллас, бемор бутунлай тузалиб кетади, кекириш йўқолади, иштаҳаси очилади, уйқуси ҳам тикланади. Қорнида фақат кесилгандан енгил чандиқ қолади, холос.
Орадан бир йил ўтади. Бир куни бозорда «бақа ютиб юборган аёл» қизи билан айланиб юриб, ҳамширани учратиб қолади. Ҳамшира уни зўрға танийди, касалликдан қийналиб, озиб кетган бу аёл энди семириб, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган эди. Улар қадрдон дугоналардек узоқ вақт суҳбат қуришади, уни операция қилиб оғир ва уятли дарддан халос қилган докторларга мингдан-минг қуллуқ айтади. Суҳбат орасида «Менга ўхшаб бақа ютиб юборган аёллар келишяптими?» – деб сўрайди кулиб. Ҳамшира кетишга шайланаётганида унинг калласига бемаъни бир фикр келади: «Аслида нима бўлганини айтиб берсаммикан, орадан бир йил ўтди-ку, барибир бемор тузалиб кетган-у». Бебурд ҳамшира бўлиб ўтган воқеа тафсилотини оқизмай-томизмай беморга сўзлаб боради. Ҳамшира шифокор этикасига мутлақо зид бўлган ўта қалтис ишга қўл уради. Барча ҳақиқатни ўз қулоғи билан уни операция қилишда иштирок этган ҳамширадан эшитган аёл турган жойида қотиб қолади. Унинг кўзлари бир нуқтага тикилган ва қулоғига ҳеч нарса кирмас эди. Психиатрияда бу ҳолат ступор деб аталади. Онасининг бу ҳолатини кўрган қизи ҳамширани сўзлашдан тўхтатади. Ҳамшира бу ҳолатни кўриб, қўрққанидан воқеа жойидан кетиб қолади. Аёлни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришади. Бемор сув ичмай, овқат емай қўяди. Уни зонд орқали овқатлантириш ҳам жуда қийин кечади. Бемор озиб кетади. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан аёл вафот этади. Ҳамшира эса қамалади.
Бу, албатта, аянчли воқеа. Бир томондан, оғир психопатологик синдромни бартараф этишда машҳур профессорнинг юксак даражада қўллаган жарроҳлик маҳоратини кўрсак, иккинчи томондан, ўрта тиббиёт ходимининг бир оғиз сўзи оқибатида аввалгисидан ҳам оғир психопатологик синдром, яъни ятропатия ривожланиб, ўлим билан тугаганининг гувоҳи бўламиз. Шифокор юқори даражада масъулиятли бўлиши ва ҳар бир сўзни ўйлаб гапириши керак.
Машҳур терапевт ва деонтолог олим Эркин Қосимов таъбири билан айтганда, шифокор – бу «врач» сўзининг синоними эмас, у кенг маъноли атамадир, «шифокор» деганда, беморга шифо беришда иштирок этувчи барча тиббиёт ходимлари, яъни врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббий ходимлар (санитаркалар) тушунилади. Ҳар бир шифокор деонтология ва этика тамойилларига қатъиян амал қилишлари шарт.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича