Бензодиазепин унумлари
- Алпразолам (ксанакс, золомакс) – юқори анксиолитик таъсирга эга транквилизатор. Паник атака, фобия ва хавотирли-депрессив бузилишларда тавсия этилади. Шунингдек, алкоголизм, деменция ва климактерик неврозда ҳам қўлланилади. Даволаш давомийлиги – 2-3 ой. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, атаксия, қабзият, узоқ муддат ичилса, ўрганиб қолиш кузатилади. 18 ёшгача мумкин эмас. Эпилепсия бу дорини тавсия этишга монелик қилмайди. Бошқа транквилизаторлар каби терапевтик дозаларда қабул қилинаётган пайтда бирдан тўхтатиб бўлмайди. Бундай пайтларда қўрқув ва хавотир яна қўзғайди. Монелик қилувчи ҳолатлар: глаукома, миастения, уйқудаги апное, нафас етишмовчилиги, ҳомиладорлик, лактация даври, жигар ва буйрак етишмовчилиги. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25, 0,5 ва 1 мг. Бир кунлик максимал дозаси – 4 мг.
- Медазепам (рудотел, мезанам, нобриум) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб транквилизатор бўлиб, анксиолитик, антиконвульсив ва миорелаксация таъсирларга эга. Кучли седация чақирмайди, шу боис кундузги транквилизатор ҳисобланади. Психоневроз, айниқса, гиперстеник типдаги невроз ва ўсмирлардаги хулқ-атвор бузилишида кенг қўлланилади. 10 ёшгача тавсия этилмайди. Алкоголизмда кузатиладиган абстинент синдромларда ҳам самараси бор. Ножўя таъсирлари: бош айланиши, тахикардия, аккомодация бузилиши. Миастенияда мумкин эмас. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг.
- Нозепам (оксазепам, тазепам) – седатив таъсирга эга транквилизатор. Бошқа транквилизаторлар каби психоневротик бузилишларда тавсия қилинади. 18 ёшгача тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 10 мг.
- Диазепам (сибазон, седуксен, валиум, реланиум) – кучли седатив ва антиконвульсив таъсирга эга транквилизатор. Седуксен ёрдамида тутқаноқ хуружлари ва кучли психомотор қўзғалишлар тез тўхтатилади. Шу боис тез тиббий ёрдам хизматида бу доридан кенг фойдаланилади. Алкоголизм ва наркоманияда кузатиладиган абстинент синдромлар ҳам седуксен орқали бартараф қилинади. Узоқ муддат қабул қилинса, дорига боғланиб қолиш хавфи мавжуд. Чақалоқларга 1 ойга тўлгандан кейин тавсия этиб бошлаш мумкин. Бу даврда, кўпинча тутқаноқ хуружини бартараф этиш учун қўлланилади. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 мг; ампула – 2 мл 0,5 % ли эритма.
- Феназепам – ухлатувчи, тинчлантирувчи, миорелаксация берувчи ва тутқаноқ хуружини тўхтатувчи кучли транквилизатор. Ушбу дори кучли қўрқув ва хавотир, безовталик билан намоён бўлувчи психоэмоционал қўзғалишларда жуда самарали. Шунингдек, шахснинг психопатологик ва ипохондрик типдаги ўзгаришлари, сенестопатия, сурункали уйқу бузилишларида ҳам қўлланилади. Эпилепсияда кузатиладиган психопатологик ўзгаришлар, МНС зарарланишлари сабабли юзага келган мушаклар гипертонуси ва гиперкинезларда ҳам қўлланилади. Дорини узоқ муддат қабул қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда бошқа бензодиазепинлар каби ўрганиб қолиш синдроми ривожланади. 18 ёшга қадар тавсия этилмайди. Оғир ва узоқ давом этувчи депрессияда тавсия этилса, суицидал фикрлар кучайиши мумкин. Монелик қилувчи ҳолатлар: миастения, бронхиал астма, глаукома ва тунги апное. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25; 0,5 ва 1 мг.
- Триазолам (халцион) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб қисқа муддат таъсир этувчи ва тез уйқу чақирувчи транквилизатор. Бу дори қабул қилингач, 15-20 дақиқа ичида уйқу келади. Триазолам, шунингдек, миорелаксация, антиконвульсив ва кучли анксиолитик таъсирларга ҳам эга. 18 ёшгача тавсия этилмайди. Асосий кўрсатмаси – уйқусизлик. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, координация бузилиши. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 0,25 мг.
- Хлордиазепоксид (элениум, хлозепид, либриум) – седуксенга қараганда енгилроқ таъсирга эга транквилизатор. Кўрсатмаси, ножўя таъсирлари ва монелик қилувчи ҳолатлар седуксен каби, бироқ бирмунча енгил ифодаланган. 4 ёшгача тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 5 ва 10 мг; ампула – 2 мл (100 мг).
- Клоназепам (ривотрил, антелепсин, клонекс) – бензодиазепинлар гуруҳига мансуб антиконвулсант. Кучли анксиолитик, седатив ва миорелаксация чақирувчи таъсирларга эга. Психопатологик ўзгаришлар билан намоён бўладиган эпилепсия, органик психоз ва психомотор қўзғалишлар, сомнамбулия, мускуллар гипертонуси, уйқусизлик, абстинент синдром, ўткир аффектив бузилишлар, тремор, нейролептик синдром (акатизия, дискинезия, каталепсия, катотония, безовта оёқлар синдроми), мигрен, безовта оёқлар синдроми, тригеминал невралгия, делирия ва галлюцинация, фобия ва хавотир билан кечувчи неврологик касалликларда буюрилади. Бу дори ҳар қандай ёшда, ҳатто чақалоқларга ҳам берилади. Фармакорезистент эпилепсияда ҳам самарали. Клоназепамни бошқа антипсихотик дорилар (масалан, нейролептиклар), антиконвулсантлар, трициклик антидепрессантлар, ухлатувчи дорилар, седатив дорилар, аналгетиклар, миорелаксантлар билан биргаликда тавсия этиш мумкин. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик, бош айланиши, бош оғриши, терида тошмалар, умумий ҳолсизлик. Монелик қилувчи ҳолатлар: Миастения, ҳомиладорлик, лактация даври, бронхиал астма, глаукома, ўткир мастлик даврида ва оғир депрессия билан касалланган беморларга (суицид кучайиши мумкин) тавсия этилмайди. Ишлаб чиқарилиши: 0,25, 05, 1 ва 2 мг ли таблеткалар.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича