БРОМ ДАВОЛАДИМИ ЁКИ ОБРЎ?
Бу воқеа ХIХ аср ўрталарида бўлиб ўтган. Бу пайтларда тинчлантирувчи дори сифатида бром кенг қўлланилар эди. Машҳур профессор Шарко талабаларни йиғиб, “Бром ва унинг тинчлантирувчи хусусиятлари” ҳақида маъруза ўқияпти. Сўнгги қаторга жойлашиб олган бир талаба ҳеч тинч ўтирмас, ёнидагиларга халақит берар, кўп сўзлаб, профессорнинг диққатини тортарди. Профессор бир амаллаб маърузани тугатди ва ҳалиги бебош талабани ёнига чақириб, “Қани айтчи, бугунги маъруза нима ҳақида бўлди” деб сўради. Табиийки, талаба бу саволга жавоб бера олмади. Шунда профессор: “Бугунги маъруза энг зўр тинчлантирувчи дори – бром ҳақида бўлди, у ҳақда ўқиб кел” деб кейинги маърузада тинч ўтиришини тайинлади.
Талаба “тинчлантирувчи” деган сўзга қизиқиб, “У ҳаммани ҳам тинчлантирадими? Бизнинг ён қўшнимиз Инесса хола бор. Ҳовлиси биз яшайдиган ҳовлига ёнма-ён. У жуда жаҳлдор ва ёмон, жаврагани-жавраган, уйининг олдидан ўтгани, кечаси тинч ухлагани қўймайди, ёмон ити ҳам бор. У мени болалигимдан ёмон кўради. Унга бром берса, тинчланиб қолармикан” дейди. Профессор: “Албатта, унга бром берсанг бўлади. Сен дорихонага бор. У ердан бром сотиб ол ва уни Инесса холага бер. Кечаси ётишдан олдин бир ош қошиқ ичиб ётсин. Бу дорини ичган қўшнинг тинч ухлаб қолади” дейди.
Профессор Шарконинг бу сўзларидан хурсанд бўлган талаба бром сотиб олиб, қўшниси ёнига чопибди. “Инесса хола! Қаердасиз? Мен сизга асабларни тинчлантирадиган зўр дори олиб келдим. Уни ичсангиз асабингиз тинчланиб қолади, мазза қилиб ухлайсиз! Мен уни дорихонадан сотиб олдим, жуда зўр дори” дебди. Шунда Инесса хола: “Буни сен қаердан биласан, ёмон дори бўлса-чи” деб сўрабди. Ҳалиги талаба: “Инесса хола! Сиз ичаверинг. Мен бу дорини яхши биламан. У сизни тинчлантиради” дебди. Инесса хола: “Хўп, мен бу дорини ётишдан олдин ичаман, бироқ сен айтгандек бўлмаса, ўзингдан кўр” дебди.
Инесса хола кечаси ётишдан олдин ишониб-ишонмай нордон бромдан бир қошиқ ичибди ва шу заҳоти миясига ёмон хаёллар ёғилиб кела бошлабди. “Мен бу дорини нима учун ичдим, ахир бу безори зумрашани болалигидан биламан-ку, нега унинг айтганини қилдим, у бирор марта қўлига китоб олиб ўқимаган бўлса”. Шу каби турли хаёллар билан Инесса хола туни билан мижжа қоқмай боши оғриб чиқибди.
Эрта саҳарда қотиб ухлаб ётган қўшниси, яъни талабанинг устига бром солинган идишни отиб юборибди ва жаврай бошлабди. “Сен зумраша қачон одам бўлувдинг ўзи, нега мен ўйламай-нетмай берган дорингни ичдим. Бу доринг ҳам ўзингга ўхшаган заҳар-ку” деб талабани уришиб ташлабди.
Талаба дорининг таъсир қилмаганидан ҳайрон қолиб, яна дарсга отланибди. Профессор маърузани бошлабди. “Ёзинглар, бугун бромнинг бошқа хусусиятларини ўрганамиз” дебди. Талаба индамай ўтириб, маърузани эшитибди. Унинг кайфияти йўқлигини кўрган профессор маърузадан сўнг қолишини тайинлабди. Ҳамма кетгач, бебош талабадан: “Нимага кайфиятинг йўқ” деб сўрабди. Талаба бўлган воқеани айтиб берибди. Профессор талабани қунт билан тинглаб, мийиғида кулиб қўйибди ва кечаги бром қани деб сўрабди. Талаба: “Мана” деб бром солинган идишни стол устига қўйибди. “Сен бу бромни уйингга олиб кет. Мен сенга бошқа бром бераман. Уни Инесса холангга берасан” дебди. Талаба: “Ҳеч қачон, – деб жавоб қайтарибди. – Агар шунақа қилсам, у мени яна уришиб, шарманда қилади. У ўта ёмон хотин. Ахир, бром унга таъсир қилмади-ку, нима қиламан яна бошимни балога қолдириб. Тўғрисини айтганда, бром сиз мақтагандек яхши дори эмас экан” дебди. Профессор кулиб: “Сен буни ол! Инесса холага бер. Буни сизга профессор Шарко бериб юборди дегин. Унга мендан салом ҳам айтиб қўй” дебди.
Талаба истар-истамас профессор берган бромни олибди. Кечаси қўрқа-писа девордан мўралаб, Инесса холани чақирибди. Инесса хола унга қараб: “Ҳа, нима дейсан, зумраша. Яна нима гапинг бор” дебди заҳархандалик билан. Талаба: “Сизга профессор Шарко мана бу дорини бериб юборди” дебди. Машҳур Шарко номини эшитган қўшниси ҳовуридан тушиб, ҳайрон қолиб, сўрабди: “Ие, сен профессор Шаркони қаердан танийсан, уни қаерда кўрдинг” дебди. Инесса холанинг юзидаги илиқликни кўрган талаба фахр билан “Профессор Шарко бизларга маъруза ўқийди. Мен унинг талабасиман! Мен сиз ҳақингизда гапирувдим, унга манави дорини бериб қўй ва салом ҳам айт” деди. Бу сўзларни эшитган Инесса хола: “Қизиқ, Шарко менга салом айтиб юборибди, ўз қўллари билан дори ҳам берибди, қандай яхши” деб хурсанд бўлибди ва дорини олибди. Шарко номини эшитиб бир дақиқада ўзгариб қолган қўшнисига қараб талаба ҳайрон қолибди. Талаба қўрққанидан: “Инесса хола, бир қошиқ эмас, ярим қошиқ ичаркансиз” дебди ҳар эҳтимолга қарши
. Инесса хола талаба айтганидек қилибди ва қотиб ухлаб қолибди. Талаба барибир эрталаб жаврай бошлайди, шишани бошимга қараб отади деб туни билан мижжа қоқмай чиқибди. Эрта саҳарда турадиган қўшниси, яъни Инесса хола ҳалиям қотиб ухлаб ётарди. Унинг ёнида профессор берган бром турарди. Талаба қўлида турган кечаги бром идиши билан ухлаб ётган Инесса хола ёнида турган бром идиши бир хиллигига эътибор қаратибди. “Қизиқ, кеча эътибор қилмаган эканман. Ахир бу иккала идиш бир хил-ку, шакли ҳам бир хил, ёзувлари ҳам бир хил. Кечаги бром нега таъсир қилмай, бугунгиси таъсир қилди. Бунинг устига кеча бир қошиқ ичувди, бугун эса ярим қошиқ ичди. Шундаям қотиб ухлаб қолди”.
Шу хаёллар билан талаба дарсга отланибди, профессорнинг навбатдаги маърузаси бошланибди. Профессор Шарко: “Ҳурматли талабалар, бром ҳақидаги маърузаларимиз тугади. Энди бошқа мавзуга ўтамиз” дебди. Шунда ҳалиги талаба: “Устоз, бром ҳақида саволим бор эди. Кеча мен дорихонадан сотиб олган бром билан сиз берган бром бир хил идишда, ёзувлари ҳам бир хил. Бироқ нега биринчи бром таъсир қилмади-ю, иккинчиси яхши таъсир қилди?” деб сўрабди. Шунда профессор қўлига бўр олиб, доскага ушбу формулани ёзибди:
Кечаги бром + бебош талаба = ёмон натижа.
Бугунги бром + профессор Шарко = юқори натижа!
Тиббиёт институтларида таълим олаётган бўлажак шифокорлар! Бу иккала формулани доимо эсда тутинг. Шифокорнинг обрўси ҳар қандай доридан устун!
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича