Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси БРУЦЕЛЛЁЗ (бу ерда нейробруцеллёз ҳақида гап боради)

БРУЦЕЛЛЁЗ (бу ерда нейробруцеллёз ҳақида гап боради)


Этиологияси ва эпидемиологияси. Бруцеллёз сурункали кечувчи ва қайталаниб турувчи инфекцион касаллик бўлиб, одамга фақат ҳайвонлардан юқади. Ушбу касаллик қўзғатувчи инфекцияни 1887-йили Шотландиялик олим Девид Брюс Малта шаҳрида аниқлаган. Кейинчалик олим шарафига касаллик қўзғатувчиси «брюсел», касаллик эса «бруцеллёз» деб атала бошланди. Бруцелла турлари кўп бўлиб, улар ҳайвонлар организмида ҳаёт кечиришади. Бруцеллёзнинг синонимлари жуда кўп (Малта иситмаси, гибралтар иситмаси, Ўрта денгиз бўйи иситмаси, Брюс касаллиги). Бу номларга эътибор қиладиган бўлсак, сурункали иситма билан кечадиган барча касалликларда бруцеллёзга гумон қилинган.
   Бруцеллёз чорвачилик ривожланган давлатлар ва ҳудудларда кенг тарқалган. Дунё бўйлаб ҳар йили 500 000 одам бруцеллёз билан рўйхатга олинади. Мутахассислар фикрича, бу кўрсаткич ҳақиқий кўрсаткичдан бир неча баробар кам бўлиши мумкин. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бруцеллёзнинг тарқалишига оид аниқ статистик маълумотлар йўқ. Бунинг асосий сабаблари бруцеллёзнинг клиник симптомлари турли касалликларга ўхшаб кечиши, беморларнинг барчасида ҳам лаборатор текширувларнинг ўтказилмаслиги ва касалликнинг асосан чекка, яъни лаборатория хизмати яхши йўлга қўйилмаган ҳудудларда учраши билан боғлиқ.
   Инфекция манбаи – уй ҳайвонлари, яъни сигир, эчки, қўй, чўчқа ва кам ҳолларда итлар. Касаллик, асосан алиментар йўл билан, кам ҳолларда аэроген ва контакт йўл (жароҳатланган тери) орқали юқади. Аэроген зарарланиш бруцеллаларнинг нафас йўлларига чанг орқали тушиши (масалан, чўпонлар ва ветеринарларда) билан боғлиқ. Алиментар зарарланиш хом сут ичганда ва яхши ишланмаган сут маҳсулотларини (бринза, пишлоқ, сариёғ) истеъмол қилганда рўй беради. Демак, бруцеллёз, асосан чорва соҳасида фаолият кўрсатувчилар ва уларнинг оила аъзолари, ветеринарлар, бактериологик лаборатория хизматчилари, гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчилар ва уларни қайта ишловчиларда кўп учрайди.   Шунингдек, хом ёки яхши ишланмаган гўшт (масалан, кабоб) ва суяк илигини истеъмол қилувчилар ҳам бруцеллёз билан кўп оғришади. Бруцеллёз билан эркаклар кўп касалланишади ва касаллик асосан 20-50 ёшларда кўп учрайди.
   Патогенези ва патоморфологияси. Бруцеллалар одам организмига алиментар ва контакт йўл орқали тушгач лимфа тугунлари ва ретикулоэндотелиал система ҳужайраларида интенсив тарзда кўпаяди. Инфекция гематоген ва лимфоген йўллар орқали барча аъзоларга тарқала бошлайди. Бруцеллалар, асосан макрофаглар кўп бўлган аъзолар ва тўқималарда тўпланади. Шунинг учун ҳам мускуллар, фассиялар, бўғимлар, пайлар, жигар ва талоқ кўп зарарланади. Бруцеллаларнинг бир қисми ўлиб туради ва бу жараён эндотоксинлар ҳосил бўлиши билан кечади.   Доимий эндотоксемия доимий иситманинг бевосита сабабчисидир. Зарарланган тўқималарда фагоцитоз жараёни тўла кузатилмагани боис, уларда бруцеллалар узоқ вақт сақланади ва доимий тарзда яллиғланиш жараёни кечади.
    Эслатма. Бруцеллез учун гранулематоз яллиғланиш хос.
   Яллиғланиш кетаётган тўқималарда некротик ўчоқлар, микроабсцесслар пайдо бўлади ва ҳосил бўлган гранулемалар казеоз парчаланишга учраб туради. Нерв системаси нисбатан кам зарарланади ва у, асосан, ПНС зарарланиши билан намоён бўлади.
   Бруцеллалар ҳужайралар ичида ойлаб ва йиллаб (одатда, 2 йилгача) сақланади. Бунинг натижасида сурункали яллиғланиш жараёни организмнинг кучли аллергизациясини юзага келтиради. Аллергия организмда бактериал инфекцияларнинг қайта қўзғалиши ва иккиламчи инфекция ўчоқлари пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Бунинг оқибатида турли тўқималарда кичик-кичик йирингли ўчоқлар шаклланиб туради. Организм бруцеллалардан халос бўлгандан сўнг ҳам аллергия узоқ вақт давом этади. Бу эса иммунтитет тушиб кетиши ва организмнинг жуда ожизланишига сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам бруцеллёз билан касалланган бемор бошқа касалликларга тез-тез чалиниб туради. Бруцеллёз билан касалланганларда турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, яъни улар ушбу касаллик билан яна касалланишлари мумкин.
   Клиникаси. Касалликнинг инкубация даври ўртача 1-3 ҳафтага тенг, баъзида бир неча ойларга чўзилади. Бруцеллёз клиникаси турли-туман ва ўзгарувчан бўлиб, деярли ҳар доим иситма билан намоён бўлади. Касаллик клиникаси бир-икки кун ичида ўткир тарзда пайдо бўлиши ёки секин-аста намоён бўла бошлаши мумкин. Бруцеллёзнинг энг кўп учрайдиган симптомлари – доимий иситма ва титроқ, терлаш, тахикардия, бел ва бўғимларда узоқ давом этувчи оғриқлар, миалгиялар ва тез чарчаб қолиш. Бруцеллёз билан касалланган бемор, одатда, озғин бўлиб, унинг иштаҳаси паст бўлади.
    Баъзида беморнинг умумий аҳволи қониқарли бўлиб қолади ва обектив текширувлар ёрдамида касаллик аломатларини аниқлаб бўлмайди. Бошқа ҳолатларда касаллик жуда оғир кечади: тана ҳарорати 39-40°С га кўтарилади, менингизм ривожланади, умуртқа поғонаси, бўғимлар ва мушакларда кучли оғриқлар пайдо бўлади, юрак уриши янада тезлашади, бронхопневмония ривожланади, лимфа тугунлари, жигар ва талоқ катталашиб, уларда ҳам оғриқлар вужудга келади. Иситма, одатда, тўлқинсимон тарзда намоён бўлиб, эрталаб нормада бўлса, кундузи ва кечаси ошади.
    Нерв системаси зарарланиши (нейробруцеллёз). Кам учрайди, бироқ оғир кечади. Бруцеллёзда, кўпинча ПНС зарарланади ва невропатия, радикулопатия, полиневропатиялар билан намоён бўлади. Айниқса, бел-думғаза радикулопатияси кўп учрайди. Бундай беморлар доимий бел оғриққа шикоят қилиб юришади. МНС кам зарарланади ва асосан, менингоэнцефалит, энцефалит, мия абсцесслари, лептоменингит, миелит билан намоён бўлади.
   Менингоэнцефалит енгил ифодаланган менингеал симптомлар, марказий моно- ва гемипарезлар, моно- ва гемианестезиялар, гиперкинезлар, паркинсонизм аломатлари, вестибуло-координатор бузилишлар билан намоён бўлади. МНС зарарланиши деярли ҳар доим ИКГ билан кечади. Бруцеллёзда ВНС зарарланишини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Чунки бу касалликда вегетатив бузилишлар жуда кўп учрайди. Булар – гипергидроз, қизил дермографизм, гиперкератоз, акроцианоз, АҚБ нинг ўйнаб туриши, ички аъзолар дисфункцияси ва турли психовегетатив бузилишлар.
    Краниал нервлардан кўрув нерви кўп зарарланади, яъни кўрув нерви атрофияси ва унинг диски димланиши кузатилади. Беморда кўриш функцияси пасая боради. Бруцеллёзда кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар (III, IV, VI) зарарланиши ҳам учраб туради. Уларда секин-аста ривожланувчи птоз, ғилайлик, диплопия ва кўз ҳаракатларининг чегараланиши каби белгиларни кузатиш мумкин.
    Ликворологик ўзгаришлар нерв системасининг қайси соҳаси зарарланганлигига қараб турлича кечади: ликвор босими нормада ёки ошган, ранги тиниқ, лойқалаган ёки ксантахром, ҳужайралар ва оқсил миқдори ўзгармаган ёки бироз ошган бўлади. Ликвордан бруцеллаларни ажратиб олиш таш­хис қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
     Бруцеллёз клиникасини бошқа аъзолар ва системалар зарарланишисиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар бир врач бруцеллёзнинг барча клиник симптомларидан воқиф бўлиши керак. Шу боис турли аъзолар ва системаларнинг зарарланиши ҳақида тўхталиб ўтамиз.
   Таянч-ҳаракат системаси зарарланиши бруцеллёзда жуда кўп учрайди. Аксарият беморларда реактив полиартрит ривожланади ва унинг белгилари асимметрик тарзда намоён бўлади. Айниқса, умуртқа поғонасининг бел-думғаза қисми, думғаза-ёнбош, чаноқ-сон, тизза, елка ва тирсак бўғимлари кўп зарарланади. Кичик бўғимлар эса кам зарарланади. Касалликнинг ҳар бир қўзғалишида янги ва янги бўғимлар зарарланиб бораверади. Ушбу бўғимларда доимий оғриқлар пайдо бўлади, уларнинг ҳаракати сустлашади ва деформацияга учрай бошлайди.
   Бруцеллёзда умуртқа поғонаси зарарланиши, яъни остеохондроз, кўпинча сакроилеит, дисцит ва кокситлар билан биргаликда намоён бўлади. Одатда, бундай беморлар дастлаб невропатологга мурожат қилишади. Бундай пайтда остеохондроз сабабчиси бруцеллёз эканлигини аниқлаш анча мушкул. Аксарият ҳолларда оғриқ худди умуртқалараро диск чуррасидаги оғриқларни эслатади ва диагностик қийинчиликларни юзага келтиради.
    Бруцеллёз касаллиги билан боғлиқ бўлган бир воқеани келтириб ўтамиз. С. исмли 24 ёшли бемор белда тўсатдан пайдо бўлган кучли оғриққа шикоят қилиб бизга мурожаат қилди. Оғриқ ҳеч қандай сабабсиз бир кечада пайдо бўлган. Бемор оғир юк кўтармаган, “шамолламаган” ҳам. Беморнинг неврологик статусини текширганимизда L5 ва S1 илдизчалари радикулопатиясига хос яққол белгилар бор эди. Симптомлар чап томонда намоён бўлаётганди. Беморда бруцеллёзга хос бошқа белгилар (иситма, артралгия, терлаш, титроқ) бўлмаганлиги учун, биз унга ушбу касалликни аниқлашга оид лаборатор текширувлар ўтказмадик. Бемор талаба бўлгани учун ётиб даволанишга розилик бермади ва амбулатор тарзда даволана бошлади. Унга асосан дексаметазон, волтарен, цефтриаксон ва прозерин қила бошладик. Даволаш бошланганига бир ҳафта бўлса-да, оғриқлар ўтиб кетавермади. Бемор мункайиб юра бошлади. Умуртқа поғонасининг бел-думғаза қисмини КТ қилиб текшириб кўрдик. Ушбу текширув L5-S1 умуртқалари орасида диск чурраси пайдо бўлганлигини кўрсатди. Шу билан бирга йигитнинг ёшига мос бўлмаган “бел-думғаза остеохондрози” ҳам эътиборимизни тортди. Беморни нейрохирургия бўлимига юбордик. У ерда уни операция қилиб даволаш режаси тузилди. Операция қилишдан олдин бемор барча лаборатор текширувлардан ўтказилди. Натижада унда бруцеллёз касаллиги аниқланди. Ташхисни тасдиқлаш учун инфекционист маслаҳатга чақирилди. КТ да L5-Sумуртқалари орасида диск чуррасига ўхшаш доғ бруцеллёз гуммаси бўлиши мумкин, деган хулосага келинди. Бемор юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилди. Биз беморни у ерда ҳам кузатувга олдик. Қўшимча клиник текширувлар унда сакроилеит белгилари борлигини ҳам кўрсатди. Беморга тетрациклин гуруҳига кирувчи антибиотиклар тавсия этилди ва юқори самарага эришилди. Унда узоқ давом этувчи ремиссия кузатилди. Инфекционист маслаҳатига кўра беморнинг оила аъзолари ҳам текширувлардан ўтказилди. Беморнинг онаси ва икки укасида ҳам бруцеллёз аниқланди.
    Биз бу ерда бруцеллёзнинг атипик кечишининг гувоҳи бўлдик. Агарда беморга нейрохирургик операция ўтказилганида ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Касалликнинг дастлабки кунлари бруцеллёзни аниқлашга оид лаборатор текширувлар қилинмаганлиги ва сакроилеит билан қиёсий ташхис ўтказилмаганлиги бизнинг хатоимиз эди. Беморнинг мункайиб юра бошлагани ва оғриқларни биз диск чуррасидан деб билдик.
   Сакроилеит, яъни думғаза-ёнбош бўғими яллиғланиши бруцеллёз учун жуда хос. Бошқа этиологияли сакроилеитлар жуда кам учрайди. Шу боис, сакроилеитнинг клиник белгилари аниқланган ҳар қандай бемор, албатта, бруцеллёзга текшириб кўрилиши керак. Сакроилеитни аниқлаш учун зарур бўлган баъзи диагностик синамаларни келтириб ўтамиз.
   Эриксен синамаси. Бемор текис жойга ёнбош ҳолатда ётқизилади ва ёнбош суяк қиррасига босилади. Бунда зарарланган томондаги бўғимда оғриқ пайдо бўлади. Бу синамани беморни чалқанчасига ётқизиб ҳам текшириш мумкин. Бемор тепага қараб ётади. Врач эса иккала қўли билан иккала ёнбош суякнинг чеккасидан босади. Бунда оғриқ зарарланган томонда пайдо бўлади. Агар оғриқ думғаза соҳасида вужудга келса, демак, иккала томондаги думғаза-ёнбош бўғими ҳам зарарланган.
   Ларрей симптоми. Бемор оёқларини узатиб чалқанчасига ётади. Врач иккала қўли билан иккала ёнбош суякнинг қиррасига босади. Бунда зарарланган томонда оғриқ пайдо бўлади. Агар сакроилеит иккала бўғимда ҳам кузатилаётган бўлса, оғриқ иккала томонда ҳам аниқланади.
   Нахласс синамаси. Бемор кушеткада пастга қараб ётади. Унинг оёғи тизза бўғимида букиб юқорига кўтарилади. Бунда зарарланган думғаза-ёнбош бўғимида оғриқ кузатилади.
  Жон-Бер синамаси. Бемор кушеткада чалқанчасига ётади. Врач мушти билан қов соҳасига босади. Бунда зарарланган думғаза-ёнбош бўғимида ёки думғаза сохасида оғриқ пайдо бўлади.
   Шунингдек, оёқни чаноқ-сон бўғимида ён томонга катта қилиб очганда, ёзилган оёқнинг товонига мушт билан урганда, оёқни ичкари ва ташқарига бураганда ҳам зарарланган думғаза-ёнбош бўғимида оғриқлар аниқланади. Сакроилеитда бемор қаддини тиклаб юра олмайди. Айниқса, бу ҳолат сакроилеит иккала томонда ҳам намоён бўлганда кузатилади.
   Агар бруцеллёз тез-тез қўзғалаверса, аввал зарарланган бўғимларда йирингли ўчоқлар пайдо бўлиши мумкин. Бўғим пунксия қилиб текширилганда, 1 мкл синовиал суюқликда 10000-40000 та лейкоцит аниқланади ва уларнинг ярмидан ошиғи нейтрофиллар бўлиб чиқади. Оқсил миқдори ошади, глюкоза эса камаяди. Аксарият ҳолларда, синовиал суюқликда бруцеллалар аниқланади.
    Юрак-қон томир системаси зарарланиши инфекцион миокардит, эндокардит, перикардит, септик аневризма ва ўпка артерияси тромбоэмболияси билан намоён бўлади. Бу касалликлар ўта хавфли бўлиб, юрак етишмовчилигини юзага келтиради ва беморнинг ўлимига сабабчи бўлади.
   Нафас олиш системаси зарарланиши доимий ва қайталаниб турувчи қуруқ йўтал, томоқ қичиши ва оғриқ, бодомча безлар гиперемияси ва шиши билан намоён бўлади. Бу беморларда паратрахеал лимфа тугунлари катталашади, кўкрак қафаси рентгенограммасида бронхопневмония белгилари аниқланади. Бруцеллёз ўчоқларининг йиринглаб туриши ўпка абсцесси ва йирингли плевритлар ривожланишига олиб келади.
    Ошқозон-ичак системаси зарарланиши белгилари бироз енгил даражада намоён бўлади. Беморлар кўнгил айниш, қусиш, ич қотиш ёки ич кетиши ва қоринда оғриқлардан азият чекишади. Аксарият беморлар иштаҳа йўқлиги ва озиб кетаётганлигига шикоят қилишади. Жигар ва талоқ катталашиб уларда йирингли ўчоқлар, яъни абсцесслар пайдо бўлиши мумкин. Жигар биопсиясида гранулемалар аниқланади. Жигар ферментлари фаоллиги ошади.
     Кўз зарарланиши. Кўзга бруцеллалар ёки ветеринар вакцинанинг тушиши кератит, шоҳ пардада ярачалар, увеит, хориоретинит ва эндофталмит ривожланишига олиб келади.
    Тери зарарланиши. Бруцеллалар терининг жароҳатланган жойига тушса, геморрагик тошмалар, узоқ вақт битмайдиган ярачалар, тери ва тери остида кичик абсцесслар вужудга келади. Абсцесслар терининг кўп қисмида пайдо бўлиши ва бир-бири билан териости орқали боғланиши мумкин. Йирингли жараён териости веналарига ўтиб, уларда тромбофлебитлар ривожланишига ҳам сабабчи бўлади. Терининг яралар пайдо бўлган соҳаларида некроз шаклланади ва ўша жойлар ғадир-будир бўлиб қолади.
    Эндокрин система зарарланиши тиреоидит, буйрак усти безининг сурункали етишмовчилиги, АДГ гиперсекрецияси синдроми билан намоён бўлади.
    Сийдик ажратиш системаси зарарланиши пиелонефрит, цистит, уретрит, простатит, везикулит, салпингит, сервисит, тубоовариал абсцесс, орхит билан кечади. Бруцеллёз ушбу касалликлар билан намоён бўлса, сийдикда бруцеллаларни ажратиб олиш мумкин.
    Бруцеллёзда бир қанча клиник симптомларнинг вужудга келиши билан танишиб чиқдик. 
     Ташхис. Бруцеллёз ташхиси беморнинг ҳаёт ва касаллик анамнези, клиник симптомлар ва уларнинг ўзгариб турувчи иситма билан намоён бўлиши ҳамда лаборатор текширувларда бруцеллаларнинг аниқланишига асосланиб қўйилади.
     Ташхис қўйиш алгоритми:
  • қон, сийдик ва нажаснинг умумий анализи;
  • биокимёвий текширувлар (билирубин, АЛТ, АСТ);
  • қонни Brucella spp. га текшириш;
  • қонни Райт реакциясига текшириш;
  • қонни Хеддлсон реакциясига текшириш;
  • Кумс реакцияси;
  • Бюрн синамаси;
  • ЭКГ, ички аъзолар УТТ;
  • умуртқа поғонаси ва бўғимлар рентгенографияси;
  • инфекционист ва бошқа мутахассислар маслаҳати;
  • кўрсатмага биноан КТ ва МРТ текширувлари.
   Бруцеллёз, асосан, иситма билан намоён бўлганлиги боис уни шунга ўхшаш бир қатор касалликлар билан қиёслаш зарур. Бу алгоритм врачга клиник ва лаборатор текширувларни қай йўсинда ўтказиш кераклигини осонлаштиради.
     Даволаш. Даволаш жараёнида битта антибиотик ишлатиш, кўпинча яхши натижа бермайди, бемор тўла тузалмайди, касаллик яна қайта қўзғалади ва бруцеллаларнинг антибиотикка турғун турлари пайдо бўлади. Антибиотиклар билан даволаш 6-8 ҳафта мобайнида олиб борилади. Антибиотиклар билан даволашни эрта тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Бруцеллалар тетрациклин гуруҳига кирувчи антибиотикларга жуда сезгир. Авваллари ва ҳозир ҳам беморларни даволашда тетрациклин кўп қўлланилади. Бу дори 250 мг дан кунига 4 маҳал берилади. Аммо битта тетрациклиннинг ўзи билан самарали натижага эришиб бўлмайди.
    Бугунги кунда антибиотикларни биргаликда тавсия этишнинг бир қатор схемалари мавжуд. Доксициллинни 100 мг дан кунига 2 маҳал ичиш буюрилади ва стрептомицин 1 г дан мушак ичига кунига 1 маҳал қилинади. Котримоксазол 960 мг дан кунига 2 маҳал+рифамписин 600 мг дан кунига 1-2 маҳал ичиш тавсия этилади. Рифампицин ўрнига стрептомицин кунига 1 г дан мушак ичига қилиниши мумкин. Доксициллин 100 мг дан кунига 2 маҳал+рифампицин 600 мг дан кунига 1-2 маҳал ичилади. Ушбу схема бўйича дорилар 8-10 ҳафта мобайнида берилади.
    Доксициллинни гентамицин билан ёки рифампицинни офлосацин билан ҳам биргаликда тавсия қилиш мумкин. Гентамициннинг бир кунлик дозаси 1 кг тана вазнига 5 мг ни ташкил қилиши керак. Агар беморнинг тана вазни 60 кг бўлса, унга бир кунда 300 мг гентамицин қилинади. Гентамицин ҳар 8 соатда, яъни 100 мг дан кунига 3 маҳал м/и қилинади ёки в/и га томчилатиб юборилади.
    Цефалоспоринлар қўлланилмайди. Агар касаллик менингит ва менингоэнцефалитлар каби асоратлар берса, ушбу антибиотиклар қўшимча равишда танланиши мумкин. Менингоэнцефалит ва мия абссессида аминогликозидлар+доксициллин+рифампицин биргаликда тавсия этилади. Бу дорилар 8-12 ҳафта мобайнида берилади. Қонда антибиотиклар консентрацияси, жигар ферментлари ва буйрак функсияси текшириб турилади.
    Антибиотиклар билан даволаб бошлагандан сўнг 7-14 кун ўтгач, иситма пасаяди ва беморнинг умумий аҳволи яхшиланади. Орадан 2-4 ҳафта ўтгач эса катталашган жигар ва талоқ аввалги ҳажмига қайта бошлайди. Даволаш курси тугагандан сўнг 2 йил мобайнида ҳар 3 ойда клиник ва серологик текширувлар ўтказиб турилади. Қонда бруцеллалар қайта пайдо бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаш учун қонни экиб текшириб туриш керак. Касаллик тўла ремиссияга учрагандан сўнг 3 ой ўтгач, беморга физиотерапевтик муолажалар ўтказиш мумкин. Беморнинг сиҳатгоҳларда дам олиб туриши қайта реабилитасия учун жуда муҳим.
   Прогноз. Аксарият ҳолларда прогноз бемор ҳаёти учун хавфсиз. Йирингли асоратлар берган бруцеллёзда, айниқса, эндокардитда ўлим ҳолатлари учраб туради. Бруцеллёзда таянч-ҳаракат аъзолари ва нерв системаси зарарланганлиги сабабли турли даражадаги ногиронлик кузатилади. Одатда, 5-10% ҳолатларда касаллик қайта қўзғайди. Бемор тузалди, деб хулоса қилингандан сўнг ҳам 2 йил мобайнида диспансер назоратга олинади.
     Профилактикаси. Яхши ишланмаган сут ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилмаслик касалликнинг олдини олишда жуда катта аҳамиятга эга. Чорвачилик соҳасида ишлайдиган ишчилар ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган ходимлар диспансер назоратига олинади. Бруцеллёзга гумон қилинган ходимларда Райт ва Хеддлсон реаксиялари ўтказилади. Бруцеллёз билан касалланганлар атрофидагилар учун хавфли эмас.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича