Умумий уйқу артерияси тромбози
Умумий уйқу артерияси бошланадиган жойда ривожланган тромбоз клиникаси. Умумий уйқу артерияси бошланадиган жойда тромбоз, кўпинча аорта равоғининг зарарланиши билан биргаликда кузатилади. Умумий уйқу артерияси окклюзиясида яққол ифодаланган клиник белгилар кузатилмайди. Бунинг сабаби – коллатерал қон айланишнинг ташқи уйқу артерияси орқали амалга оширилишидир. Умумий уйқу артерияси бошланадиган жой окклюзиясида ташқи уйқу артериясида томир уриши пасаяди, чакка артериясида эса йўқолади. Агар окклюзия коллатерал қон айланишнинг кучайишига сабабчи бўлса, унда бир ёки иккала томондаги чакка артериясида пульсация кучаяди.
Агар беморда аноним-каротид ёки субклавио-каротид синдром ривожланса, тромбоз кузатилган томонда уйқу, ўмров ости, елка ва билак артерияларида томир уриши пасаяди. Шунингдек, ушбу синдромда ўтиб кетувчи ҳаракат, сезги, координация, вестибуляр, нутқ ва кўришнинг бузилишлари тез-тез кузатилиб туради. Бу симптомлар бошни ён ёки орқа томонга кескин бурса, пайдо бўлади ёки кучаяди. Бундай пайтларда беморнинг боши айланиб кетиб, ўтириб қолади ёки ҳушдан кетади. Баъзан ортостатик синкопал ҳолатлар ва эпилептик хуружлар рўй беради. Субклавио-каротид синдром ТИА нинг асосий сабабчиларидан биридир. Шунингдек, бу синдром бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишига олиб келади. Бундай беморларнинг артериал қон босими иккала қўлда 2 хил бўлади, билак артериясида томир уриши бир томонда юқори, иккинчи томонда паст (тромбоз томонда) бўлади. Бу беморларда кардиоваскуляр бузилишлар ҳам кўп кузатилади. Демак, ТИА ва бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишлари аниқланган пайтларда, албатта, бўйин томирлари текширилиши керак. Бу эса инсульт профилактикасини амалга ошириш учун ўта муҳимдир.
Умумий уйқу артерияси бифуркацияси соҳаси тромбози клиникаси. Умумий уйқу артерияси бифуркацияси ушбу артериянинг ташқи ва ички уйқу артерияларига бўлинадиган жойи бўлиб, унинг проекцияси қалқонсимон без соҳасига тўғри келади. Агар тромбоз ушбу соҳада ривожланса, ички ва ташқи уйқу артерияларида қон айланиш бузилади. Бу соҳа тромбози секин-аста ривожланса, объектив неврологик симптомлар, одатда, кузатилмайди. Бундай беморлар бош оғриғи, бош айланиши, бошнинг бир томонида гувиллаган шовқин, хотира пасайиши, ҳушдан кетишлар, уйқу бузилиши, бошни ён томонларга бурганда гандираклаб кетиш каби шикоятлар билан врачга мурожаат қилишади. Уларда АҚБ ўйнаб туриши, тахикардия ёки брадикардия ҳам кузатилади. Баъзан қарама-қарши томонда чакка артерияси пульсацияси кучайиб, зарарланган томонда эса пасаяди. Зарарланган томонда кўз тўр пардасининг марказий артериясида босим пасаяди. Умумий уйқу артерияси бифуркацияси соҳасининг секин ривожланувчи тромбозида ҳам ТИА кузатилиб туради ва бош мияда қон айланишининг сурункали бузилиши ривожланади. Агар тромбоз ўткир ривожланса, унда оғир инсульт рўй беради.
Умумий уйқу артерияси қатланиши (диссекцияси). Умумий уйқу артерияси қатланишининг асосий клиник белгилари – бўйин, чакка ва кўз косасининг бир томонида оғриқ, Горнер синдроми, қулоқда пульсация берувчи шовқиндир. АҚБ ошганда бу белгилар кучаяди. Қулоқдаги шовқин бошни шу томонга букканда зўраяди. Касаллик узоқ вақт ўчоқли неврологик симптомларсиз кечади. Кейинчалик ички уйқу артерияси тромбози клиникасига ўхшаш клиник синдромлар ўткир пайдо бўлиши мумкин.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича