Умуртқа поғонаси ўсмалари
Орқа миянинг компрессиясини юзага келтириши мумкин бўлган ўсмалар ичида умуртқа поғонаси ўсмалари алоҳида ўрин тутади. Умуртқа поғонасининг бирламчи ва иккиламчи (метастатик) ўсмалари фарқ қилинади. Бирламчи ўсмалар, ўз навбатида, хавфсиз ва хавфли турларга ажратилади. Бирламчи хавфсиз ўсмаларга йирик ҳужайрали ўсмалар, гемангиома, остеома, хондрома, миелома ва кисталар, бирламчи хавфли ўсмаларга остеосаркома, хондросаркома, миелосаркома каби ўсмалар киради.
Умуртқа поғонасининг иккиламчи ўсмалари бошқа аъзоларда ўсган хавфли ўсмаларнинг умуртқа поғонасига метастази сабабли вужудга келади. Шунинг учун ҳам бундай ўсмалар метастатик ўсмалар деб юритилади. Айниқса, умуртқа поғонасига яқин жойлашган аъзоларда ўсган хавфли ўсмалар, масалан, гипернефрома метастази кўп учрайди. Умуртқа поғонасининг хавфли ўсмалари экстрамедулляр ўсмалар клиникасига ўхшаб кечади.
Ўсма жойлашган жойда локал оғриқлар пайдо бўлади ва улар ушбу соҳани перкуссия қилганда кучаяди. Оғриқ йўталганда ва акса урганда ҳам кучаяди. Хавфли ўсмаларда умуртқа суягининг патологик синиши ва ўткир спинал симптомлар (пастки параплегия ва ҳ.к.) пайдо бўлиши мумкин. Чунки, хавфли ўсмалар умуртқа суягини деструксияга учратади.Умуртқа поғонаси ўсмалари спинал нервлар, илдизчалар ва орқа мияни босиб қўйса, зарарланган жойга хос неврологик симптомлар ривожланади.
Орқа мия ва умуртқа поғонаси ўсмаларида ликвор силкиниши симптомини текшириш ўта муҳим. Умуртқа поғонаси бўйлаб перкуссия қилганда пайдо бўладиган оғриқлар ликвор силкиниши билан боғлиқ. Ликвор силкиниши туфайли ўсма атрофида жойлашган спинал илдизчалар қўзғалади ва иррадиация қилувчи оғриқлар юзага келади. Ликвор силкиниши симптоми, интрамедулляр ўсмалар учун эмас, балки экстрамедулляр ўсмалар учун хос.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича